Яна ўша манзара, яна ўша “ўйин”лар...
“Telegram” мессенжеридаги ушбу каналда эълон қилинадиган аксарият хабарларнинг бори шу: аноним муаллиф, “#таҳрирсиз” деган ниқоб, ўрганилмаган-текширилмаган воқеаларнинг ҳиссиётли баёни... (Судлар фаолиятига оид “материаллар” хусусида ҳам гап шу, аммо уларнинг “сирли” муаллифлари андижонлик айрим адвокатлар экани эҳтимоли тобора ортиб бормоқдаки, бу энди алоҳида мавзу!). Шу йўл билан “шояд, дилдаги муродга етсак”, дея мўлжал қилинади чоғи?! Бироқ кўпинча амалда бунинг тескариси бўлаётганини жамоатчилик кўриб-билиб турибди.
Мазкур хабардан ҳам шунинг “ҳиди” келиб турибди: қандай шаклда бўлмасин, судга таъсир ўтказишга уриниш!
Жиноят ишлари бўйича Хўжаобод туман суди раиси “нишонга олинган” хабарнинг “аноним” муаллифига кўра, у (суд раиси) “Заринг бўлсин ё зўринг” мақолига монанд гўёки “мастер-класс” ўтибди. Яъниким, бир қатор жиноятларни содир этишда айбланаётган И. М. (аёл) ва бошқаларга оид “иш” бўйича дастлабки эшитувни бир эмас, икки марта белгиланган вақтда бошламай (гўёки“сабабсиз куттириб, иштирокчиларни сарсон қилиб, суд ишларини ташкил қилишда бепарволик ва интизомсизликка йўл қўйиб...”), унда иштирок этмаган адвокатни “иштирок этди” деб кўрсатиб, айбланувчига (И. М., аёл) қўлланган “қамоқ олиш” эҳтиёт чорасини “уй қамоғига”га алмаштириб, бу билан “...унинг кўчада юриб, бошқа жиноят содир этиши ёхуд жабрланувчи ва гувоҳларни кўндиришга уриниш ҳолатларини келтириб чиқариб” (?!), ишни терговга юборган?! Якунда айтадики, бу ҳолатга вилоят судига янги тайинланган раис ёки Судьялар олий малака ҳайъати ҳуқуқий баҳо берадами ёки қонунлар Андижонда оёқ ости бўлаверадими?
Воқелик чиндан ҳам шундайми?
Албатта, йўқ!
Ҳақиқий ҳолат баёни бироз чўзилиши мумкин. Шундай бўлса-да, ихчам тарзда баён қилишга ҳаракат қилинади.
Гапни хабарнинг бошидан эмас, пастидан бошласак.
1. Амалдаги қонунчилик ва суд амалиётидан озроқ тасаввурга эга одам хабар мазмуни ва услуби адвокатга хослиги, устига-устак, унинг яхшигина шошма-шошарлигидан ташқари айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан етарлича хабардор эмаслигини дарров илғаши мумкин. Масалан, муайян иш бўйича судьянинг процессуал ҳаракатларига фақат юқори суд инстанцияси ҳуқуқий баҳо бериши мумкин. Бундай ваколат на вилоят суди раисида, на Судьялар олий малака ҳайъати, ҳатто Судьялар олий кенгаши ҳам мавжуд эмас. Хабардаги иддаоларнинг аксарияти суд раисининг процессуал ҳаракатига оидлиги инобатга олинса, муаллиф уларга “ҳуқуқий баҳо бериш”ни сўрашда манзилда янглишган кўринади.
2. “Номаълум” муаллифнинг айбланувчи(лар)га қўлланадиган эҳтиёт чоралар ҳақидаги тасаввури ҳам ғарибга ўхшайди. Ана, ўзи ёзиб турибди: “...қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чорани бекор қилиб, “уй қамоғи”ни қўллаш орқали “айбланувчини кўчада юриб, бошқа жиноят содир этиши ёхуд жабрланувчи ва гувоҳларни кўндиришга уриниш ҳолатларини келтириб чиқариш”га имкон яратди, деб. Бекор гап. “Уй қамоғи” эҳтиёт чораси айбланувчининг наинки “кўчада юриши”, балки остона хатлаб кўчага чиқишидан (уй-жойини тарк этиши) ташқари “хат-хабар олиш ва жўнатиш, алоқа воситаларидан фойдаланиш”ни ҳам таъқиқлайди. Ва бу тегишли орган томонидан назорат қилинади. Акс ҳолда, яна “ичкари”га қайтиб кириб кетиши эҳтимоли юз фоизга тенг. Муаллиф “... кўчада юриб, бошқа жиноят содир этиши ёхуд жабрланувчи ва гувоҳларни кўндиришга уриниш”, дея ваҳима қиларкан, “озодликдан чеклаш”ни назарда тутмоқда, чамаси? Агар шундай бўлса, маълумот учун айтиб қўйиш керак: “озодликдан чеклаш” – жиноий жазо турларидан бири, “уй қамоғи” эса эҳтиёт чора ҳисобланади. Улар ўртасидаги фарқ от билан туядек.
3. Жиноят иши бўйича эшитув икки марта бошқа кунга қолдирилгани, иккиси ҳам белгиланган вақтда бошланмагани рост. Икки гал ҳам суд мажлиси адвокатларнинг илтимосномасига биноан бошқа кунга қолдирилган. Суд мажлиси белгиланган кунда ва вақтда бошланмагани “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланган айбланувчи “конвой хизмати” томонидан ўз вақти-соатида етказиб келинмагани билан ҳам изоҳланади.
4. “Суд мажлисида иштирок этмаган адвокатни, иштирок этди” мазмунидаги иддао ҳам ҳақиқатга тўғри келмайди. Айбланувчилардан бирининг икки нафар адвокати бўлиб, улардан бири - муборак сафарга кетиши сабаб аввалроқ музокара нутқини ёзма равишда тақдим этган, бу унинг процесс иштирокчиси эканини англатади. Яъниким, суд мажлисида ҳозир бўлди нима-ю бўлмади - нима, муҳими, ўз нуқтаи назарини қонун доирасида билдирмоқда. Айбланувчининг иккинчи адвокат эса судда иштирок этганини ҳаммадан кўра “номаълум” муаллифга яхши маълум.
5. Айбланувчи И. М.нинг (аёл) эҳтиёт чораси “қамоқ”дан “уй қамоғи”га ўзгартирилгани ҳам процессуал ҳаракат ҳисобланади. Бу ўринда унга ҳуқуқий баҳо ёки хулоса бериш ваколатимиз йўқлигини эслатган ҳолда, ахборот тариқасида баён этамизки, айбланувчига нисбатан эҳтиёт чора ўзгартирилишига биринчи сабаб унинг қамоқда сақлаш муддати (жиноят иши судга келиб тушгунга қадар!) ўтиб кетганлигида кўринади. Иккинчидан, унинг аёллиги, қарамоғида уч нафар вояга етмаган фарзанди борлиги, оилада ёлғиз боқувчи эканлиги ва муқим уй-жойга эгалиги эътиборидан суд унга нисбатан қўлланган “қамоққа олиш” эҳтиёт чорасини “уй қамоғига” алмаштиришни лозим топган. “Уй қамоғи” жазо эмаслиги юқорида тушунтирилди. Айбланувчининг кейинги тақдири жиноят иши якунида ойдинлашади. Айни пайтда башоратга ўрин ҳам, асос ҳам йўқ.
6. Жиноят иши терговга юборилганлиги ҳам процессуал ҳаракат эканига таъкид шарт эмас. Хулоса эмас, ахборот тариқасида қабул қилгайсизки, суд эшитувида тергов ҳаракатлари тўлиқ ва лозим даражада олиб борилмаганлиги, ҳақиқий иш ҳолатлари тўлиқ очилиб, исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар текширилмаганлиги, судланувчилардан бирининг ҳимоя ҳуқуқи қўпол равишда бузилганлиги ва бошқа камчиликлар сабаб суд шундай хулосага келган.
Суд ажримига нисбатан тарафларда эътироз бўлса, белгиланган тартиб ва муддатда бемалол шикоят қилишда ҳеч қандай монеълик йўқ. Тармоқда ваҳима кўтариб, жамоатчиликни чалғитган ҳолда судга таъсир кўрсатишга беҳуда урингандан кўра тўғри ва қонуний йўл ҳам шу, аслида.
Судьялар олий кенгаши
матбуот хизмати