Немис судьясидан махсус маъруза ва мавзудан ташқари мухтасар суҳбат...

6 Октябрь 2023 19:28 656 Чоп этиш

 Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан халқаро конференция бўлиб ўтаётгани хабари берилганди.  Германия Федерал Адлия вазирлиги ҳузуридаги Халқаро ҳуқуқий ҳамкорлик жамғармаси (IRZ) ҳамкорлигида ташкил этилган икки кунлик тадбир кеча  ниҳоясига етди.

 Биринчи кун судья одоби, суд этикаси мавзуида кечган бўлса, кечагиси хосроқ шаклда ўтди. Яъниким, давра тўри Германиянинг Минден шаҳри маъмурий суди раиси Клаус Хагега берилди.  Меҳмон мамлакатимиз маъмурий суди судьялари, шунингдек, Кенгаш ҳузуридаги Судьялар олий мактаби Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсининг маъмурий ҳуқуқ йўналиши бўйича таҳсил олаётган тингловчилар учун махсус маъруза қилди.  Немис мутахассисининг чиқишини “маъруза”дан кўра “маҳорат дарси” дейилиши ҳақиқатга яқинроқ, чунки, жараён расмиятчиликдан анча холи, жонли мулоқот тарзида  ўтди.

Меҳмон, асосан, Германияда маъмурий судларга тааллуқли ишлар тоифаси, уларни кўриб чиқишнинг немисча  тартиб-тамомиллари,  ушбу судга доир қарорларнинг ижросига доир ҳуқуқий механизмлар хусусида гапирди.  Иштирокчиларнинг кўплаб саволларига атрофлича жавоб беради.  Шу тариқа фикр  ва тажриба алмашилдики, бунинг икки томон учун ҳам фойдан холи бўлмайди. Негаки, шундай тадбирлар орқали маҳаллий мутахассислар маъмурий судлов бўйича хориж тажрибасини ўрганса, меҳмонлар эса юртимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ва унинг натижалари ҳақида кенгроқ тасаввурга эга бўлади ҳам.

Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги  (2023 йил 16 январь) фармонида ҳуқуқни қўллаш амалиётини танқидий таҳлил қилиш асосида ҳамда илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда маъмурий суд иш юритувини такомиллаштириш чораларини кўриш назарда тутилган.  Кенгаш ташаббуси билан ўтказилаётган бундай халқаро тадбирлар давлат раҳбари фармони ижроси доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлардан бири ҳисобланади. Шу боис ҳам  тадбир натижаларидан келиб чиқиб,  халқаро стандартлар, хорижий давлатлар  ҳамда миллий тажрибаларни таққослаш асосида маъмурий суд иш юритувининг самарали механизмларини ишлаб чиқиш  кутилмоқда.

 Дарвоқе, тадбир ниҳоясида Клаус Хаге билан  қайноқ  қаҳва устида  бошқа мавзулардан ҳам қисқа суҳбатлашилди. Меҳмон ўзимизнинг кўп  судьялар каби футбол ишқибози экан.  Футбол бўйича Германия будеслигаси  жамоалари, уларнинг маҳаллий ва  халқаро майдондаги натижалари ҳақида   хўб гаплашдик. Клаус Хаге ўз юрти футболи ҳақидаги гапларни мамнуният  билан тинглади. Фақат ўзи таваллуд топган шаҳар футбол жамоаси  ҳануз иккинчи лигада ўйнаётганидан таассуф билдирди. Бизда ҳам шундай таассуф йўқ эмасди, нега десангиз, “халқ жамоаси” номини олган пойтахт командаси халқаро майдонда яна мағлубиятга учраганди-да. Бу ҳол кайфиятларимизга таъсир қилмай қолмади, натижада меҳмон билан кечаётган спорт ҳақидаги суҳбат ўз-ўзидан якунига етиб, яна кун тартибидаги мавзуга қайтилди...

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech