Кўнгилларга чўғ солган инсон

9 Октябрь 2023 19:48 940 Чоп этиш

 Ҳар кимга ҳам устозлик насиб этмагай,

Устозмас ул гар шогирд ҳолин билмагай!

 Хотира ёзиш оғир. Айниқса, ҳали тупроғи совумаган, ҳаёт йўлингда беқиёс ўрин тутган устозинг ҳақида қоғоз қораламоқ икки карра оғир бўларкан.

Устоз Миршариф ака Мелиев етмиш икки ёшида хасталик сабаб омонатини топширди. У кишининг  “кўпга қўшилиб кетган”ига ишонгинг келмайди, кўришганда ўзига хос сўрашиши-ю меҳр уфуриб турадиган сўзлари қулоғинг остида жаранглаётгандек бўлаверади...

 Айни пайтда Миршариф акани таниган ва билган дўсту-биродарлари, шогирдлари ҳам шундай ҳис-туйғуларни кечираётган бўлса, ажабмас. Чунки, муносабати барчага бирдай, оқибати ҳам бўлакча эди-да раҳматлининг.

Узоқ йиллар бирга ишлаш мобайнида Миршариф аканинг бирон нимадан қаттиқ асабийлашгани ёки бирон кимга қаттиқ гапирганининг гувоҳи бўлмаганман ёки эшитмаганман. Ҳатто суд мажлисида тартибга риоя қилмайдиган судланувчиларга “Тартибга қаранг, жим!”, деганининг ўзи  етарли бўларди.

Миршариф ака 1980-2011 йиллар мобайнида Сирдарё вилоятининг Янгиер, Гулистон, Меҳнатобод, Сирдарё ва Мирзаобод туман судларида узлуксиз 31 йил судья, суд раиси бўлиб ишлади. Бу даврда, минг-минглаб жиноят, фуқаролик ва маъмурий ҳуқуқбузарлик ишларини кўриб ҳал қилди. Муболаға эмас, атай изласангиз ҳам Сирдарёдан у кишидан норизо одамни топа олмайсиз. Ҳатто “иши”ни кўрган айрим одамларнинг “Миршариф ака мени суд қилган, зўр одам эди”, деганига гувоҳ бўлганлар сероб...

Устоз идора йиғишларида ёш судья ёки суд ходимларига айтадиган катта танбеҳи шу эди: “Қара” ( “кўзингни каттароқ оч, ҳушёр ва масъулиятли бўл”, деган маънода)! “Яхшилаб қара”, “Ўзинг биласан, қара-да” - бу ибораларни ишни кўриб чиқиш муддати ўтиб кетиши эҳтимоли ошаётган пайтда судьяга  ёки суд мажлиси баённомасини ўз вақтида ёзмаган ёхуд ишга кечиккан ёинки суд қарорлари ижросида сусткашликка йўл қўяётган суд ижрочисига (у пайтлар суд ижрочилари бевосита суд тизимида эди) нисбатан ишлатарди.  Дўқ уриб, ё овозини кўтариб эмас, шундай оҳангда айтардики, бошқача таъсир қилар, ходим ҳам дарҳол камчилигини тузатар эди.

Миршариф ака ўта масъулиятли инсон эди. Ишни суд мажлисида кўриб чиқишдан аввал нафақат ишни, балки у билан боғлиқ қонунларни ҳам қайта ўрганиб, лозим жойларини қоғозга тушириб,  астойдил тайёргарлик кўрар эди. Бир ишни кўришга киришдими,охирига етказиб, судланувчининг ҳаракатига тегишли  ҳуқуқий баҳо бермаганча тинчимас эди. Шунинг учун ҳам  у кишининг чекига тушган ишларнинг  кўриб чиқиш муддати бузилмаган, чиқарган суд қарорлари барқарорлиги жуда юқори эди.

Устоз ҳукмларни эринмай тўлиқ қўлда ёзиб чиқиб, суд залида шошилмасдан ўқиб эшиттирарди. Сўнг ҳукм мазмунини тарафларга эринмай тушунтирар, судланувчига қилган ҳаракатидан хулоса қилиши лозимлиги ҳақида насиҳат қилар эди. Жабрланувчи ва судланувчининг ота-онасига таскин берарди. Фақат шундай кейингина ҳукмдан норозилар бўлса, шикоят бериши мумкинлигини ва албатта иш юқори судда кўриб чиқилишини айтиб, суд мажлисини тугатар эди.

Миршариф ака билганларини бошқаларга ўргатишдан эринмасди. Аксинча, бундан роҳат оларди. Айниқса, судланувчининг ҳаракатини малакалаш бўйича жумбоқли ҳолатга ҳуқуқий ечим топишда ёш судьяларга беминнат тавсиялар берар, қонуннинг айнан қайси моддаси ёки бандини  қўллаш лозимлигини эринмай ўргатар эди. Қонунларни шарҳлашни яхши кўрар ва доим бунинг уддасидан чиқар эди.

Ўзи билан бирга ишлаган нафақат судья, балки суд ходимларининг шахсий ҳаёти, оилавий аҳволидан мудом хабардор, яхши-ёмон кунида камарбаста инсон эди. Ҳамкасб ёки шогирдлари юртимизнинг қайси нуқтасида яшамасин, вақт топиб, синовли кунларида ҳамдард, қувончли кунларига шерик бўларди.

Миршариф ака ана шундай барчага бирдай меҳр-оқибатли, шунинг учун ҳам кўпларнинг эътирофи ва эътиборига сазовор бўлган, суд фахрийси, Меҳнат фахрийси ва яна кўплаб кўкрак нишонлари соҳиби эди.

Одамнинг олган унвон-у нишонлари эмас, одамдан қолгани ҳисоб деганларидек, Миршариф акадан қобил фарзанд-у набиралар, кўп сонли шогирдлар қолди. Миршариф акани таниган инсонлар қалбида у кишининг одамгарчилиги-ю оқибатидан бир чўғ қолди. Бу чўғ одамлар қалбида узоқ яшайди, у кишининг ишларини энди фарзанду шогирдлари давом эттиради.

Устоз Миршариф Мелиевнинг охиратлари обод бўлсин!

Кўп сонли шогирдлари номидан

         Холмўмин  Ёдгоров,

 Судьялар олий кенгаши раиси

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech