Суд мажлиси ўтказилмаган, бошқа кунга қолдирилган...
“Telegram” мессенжеридаги “Yuristkadr” каналида ушбу кичкинагина хабарга тезроқ изоҳ берилмаса, баҳс-мунозара, билиб-билмай айтилаётган нордон гаплар ҳали-бери тўхтамайдигандек...
Канал маъмурига кўра, фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судида кеча соат 12.00.га белгиланган (Ф. Комиловнинг ишга тиклашга оид) “иш” гўёки адовактсиз кўрилган. Ваҳоланки, адвокат суд процессида масофадан туриб иштирок этишга тайёр бўлган, бироқ номаълум сабабларга кўра тизимга улана олмаган.
Шундан келиб чиқиб, муаллиф таъна қилмоқдаки: “ҳар бир фуқаронинг судларда адвокат орқали ҳимояланиш ҳуқуқи бор. Кейин адвокат ҳам одам”!
Муаллиф “адвокат ҳам одам”, дея унинг инсон экани борасида туғилган қандайдир шубҳага изоҳ бераётгани йўқ, албатта, бу билан суд процессида ҳимоячи ўзига хос ўринга эга эканини таъкидламоқда, холос. Йўқса, “ҳар бир фуқаронинг судларда адвокат орқали ҳимояланиш ҳуқуқи бор”лигини урғуламасди. Фақат масофадан туриб, боғлана олмагани сабаби ва воқеаларнинг кейинги ривожидан бехабар кўринади.
Нега десангиз, муаллиф таъкид этган суд мажлиси белгиланган вақт-соатда мазкур судда масофадан туриб ўтказилаётган бошқа суд мажлиси давом этаётганди. (На чора, суд вақтини аввалдан белгилаш мумкин бўлса-да, суд мажлиси қанча вақт давом этишини олдиндан аниқ ҳисоб-китоб қилиш қийин.) Шу омил пойтахтдаги адвокатни (соат 12.00.га белгиланган) Андижондаги суд процессига видеоконференция тизими орқали улаш имкониятини бермаган. Сабаб шу.
Бу баҳона эмас, ҳақиқат. Ҳақиқатлиги шуки, суд мажлиси “адвокат иштирокисиз” ўтмаган, балки, бошқа кунга - 13 октябрь соат 12.00.га қолдирилган.
Суд мажлисининг қолдирилиши фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судининг судьяси С. Жўрабоев чекига тушган мазкур низо қонуний муддатида кўриб чиқилишига таъсир қилмайди.
Судьялар олий кенгаши
матбуот хизмати