Китобхонлик, ўқилган илк китоб ва судьянинг антиқа жазоси

19 Октябрь 2023 09:48 770 Чоп этиш

Халқимиз китобни офтобга қиёслайди. Чиндан ҳам, офтоб борлиққа зиё сочиб, тун зулматини бартараф этса, китоб онг-шууримизни илм нури билан чароғон айлайди. Шу маънода мазмунли ва қизиқарли китоб ўқиш нафақат мароқли, балки фойдалидир.

Маълумки, азал-азалдан китоблар инсон қалбига умид, ишонч руҳини бағишлаб келган. Китоблар киши онгига ватанпарварлик, инсонийлик, меҳнатсеварлик каби туйғуларни сингдириш йўлидаги асосий маънавий манба ҳисобланади. Мардлик, ҳалоллик, олийжаноблик каби хислатлар тараннум этилган китобларда ҳамиша эзгулик ғалаба қозонган. Болалигим эр- таклар олами билан гўзал эди. Отамдан ҳар гал эртак эшитганимда унинг қаҳрамонларига ўхшашга интилардим.

 Мен  ўрганишни, бошлаганимдан сўнг биз ҳар кеча ўқишнинг тунги тартибини тузардик. Мен бунинг ҳар бир дақиқасидан завқланардим; бу куннинг энг севимли палласи эди. Илк марта олти ёшимда ўқишга муваффақ бўлган биринчи китоб "Уч оға­ини ботирлар" дея номланган ўзбек халқ эртаклари эди. Мени бу китоблар шунчалик мафтун қилдики, ҳатто ота­онам менга уйда махсус кутубхона ва жиҳозланган вақтинчалик синфхона ҳам қуриб беришганди. Отам тез-тез турли адабиётларни оилавий кутубхонамизга олиб келарди. Ўша кичик кутубхонамизни барпо этиш иштиёқи кейинчалик энг севимли хотираларимга айланди.

 Отам менга нажот таълимда эканини уқтирган илк инсондир. Шунингдек, отам машаққатли меҳнат ва илм олишда тиришқоқликнинг қадрини ўргатди. Китобларда ўзгаларнинг тажрибаси, билим, кўплаб ғоя ҳамда стратегиялар мужассам. Китоб ўқиганимизда фикрлаш, тасаввур, хулосалар чиқариш каби кўникмалар ривожланади. Яқинда оммавий ахборот воситаларининг бирида антиқа жазо турини ўқиб қолдим. Унда ёзилишича, хорижий мамлакатлардан бирида судья икки йигитни ўғирликда айбдор деб топган ва уларнинг бирига бир йил, иккинчисига уч йил шартли жазо тайинлаган. Энг қизиғи, судья маҳкумларга бир қатор машҳур ёзувчиларнинг китобларини ўқишни жазо сифатида қўллаган. Жазо ижросини масъул ходимлар назорат қилган. Китобларни ўқиб бўлгач, маҳкумлардан имтиҳон топшириши талаб этилган. Маълум бўлишича, суд муҳокамасида  судья  айбланувчиларни сўроқ қилиб, улар тегишли ёшга тўлган бўлса ҳам, аслида вояга етмаган болалар эканини аниқлаган. Судья  “Айбланувчи мулкка қарши жиноят содир этганлик учун амалдаги жиноий жавобгарликнинг барча оқибатларини аниқ тушунмайди. Умуман олганда, мулкий муносабатлар иккала айбланувчи учун ҳам аниқ билим бўшлиғини ифодалайди. Бу ажабланарли эмас, чунки иккала судланувчининг тарбияси, шубҳасиз, етарли даражада амалга оширилмаган", деган хулосага келган. Адвокатлар судьянинг бу қарорини ҳам қонуний, ҳам инсоний деб шарҳлашган.

Китобхонлик оилада ва маҳалладаги муҳитга, инсонни ўраб турган жамиятга бевосита боғлиқ. Зеро, тафаккури, фикр доираси кенг, маърифатли кишилар жамиятнинг чинакам бойлигидир. Аксинча, ҳаётда рўй берадиган айрим нохуш ҳолатлар маърифатсизлик, китоб ўқимасликнинг аччиқ меваси са- налади.

Темирни занг кемирганидек, одамни ҳам маънавиятсизлик мўртлаштиради. Шу маънода масъулиятли касб эгалари бўлган судьяларнинг китоб мутоала қилиши ғоятда муҳим. Чунки бу нафақат қонунларни яхши билиш ва амалиётда қўллай олиш, балки иш моҳиятига тўғри ёндошишга ҳам катта ёрдам беради. Қолаверса, равон нутқ, кенг тушунтириш, олийжаноблик ва инсонпарварлик каби судьяга жуда зарур бўлган фазилатлар ҳам китобхонлик туфайли шаклланади. Ўз навбатида, булар пировардида одил судлов сифати ва адолат тантанасига хизмат қилади.

Амина Худойберганова,

Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари  бўйича

Мирзо Улуғбек туманлараро судининг судьяси

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech