"Иш" бошқа-ю талқин бўлакча. Аслида-чи?
Аввал ҳам муносабат билдирилганига қарамай ижтимоий тармоқларда Андижон вилоятида истиқомат қилувчи тадбиркор ва блогер А. Халмурзаеванинг (“Асилзода”) жиноий жавобгарликка тортилганига оид турли хабарлар тарқалмоқда. Муаллифлар доираси кенгмас эмас, шундай бўлса-да, хабарларнинг айримларида аёлнинг жавобгарликка тортилиши туб сабаби блогерлик фаолияти билан боғлиқ экани айтилса, айримларида аввал ҳам унга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани, бироқ судда оқланиб чиққанига урғу берилмоқдаки, уларга ойдинлик киритиш эҳтиёжи пайдо бўлмоқда.
Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати таъкидлайдики, А. Халмурзаевага (“Аслзода”) оид жиноят ишларини унинг блогерлик фаолияти билан боғлиқлик жойи йўқ.
Жиноят ишлари бўйича Избоскан тумани судининг 2023 йил 22 августдаги ҳукми билан банкдан олинган кредит маблағлари талон-тарож қилишда айбдор, деб топилган олти нафар судланувчига нисбатан тегишли жазолар тайинланиб, улардан жиноят оқибатида етказилган зарарлар ундирилиши ҳам белгиланган.
А. Халмурзаева олти нафар судланувчилардан бири.
Унга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми “б”, “в” бандлари (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан тайинланган 2 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси Андижон вилоят суди апелляция инстанциясида ўзгаришсиз қолдирилган.
Бундан аввал ҳам А. Халмурзаевага нисбатан жиноят иши (167-модда бўйича) кўзғатилгани рост. Бироқ ушбу жиноят иши бўйича судланувчи оқлангани нотўғри. Чунки, 2022 йилда бир неча суд босқичларида кўриб чиқилган мазкур жиноят иши судланувчи Жиноят кодексининг 70-моддасига асосан жазодан озод этилиши билан якунига етган. Шахснинг (ЖК 70-моддасига асосан) жазодан озод этилиши унинг оқланганини англатмайди. Аксинча, бу - содир этилган жиноят вақт ўтиши билан ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотди, жазо тайинлашдан маъни йўқ энди, деганидир. Қолаверса, мазкур норма қонунчиликдаги инсонпарварликнинг яна бир кўриниши ҳисобланади.
Якунда таъкид шартки, ушбу муносабат суд ҳукмларининг қонуний эканига оид Кенгаш хулосаси сифатида талқин қилинмаслик лозим. Суд ҳужжатлари қонунийлигига ҳуқуқий баҳо бериш фақат юқори суд инстанциялари ваколатига тааллуқли. Бу ўринда Кенгаш, юқорида айтилганидек, тармоқлардаги хабарларга ойдинлик киритмоқда, холос.
Судьялар олий кенгаши
матбуот хизмати