“Сара асарларнинг сони кўп, вақт эса оз...”
Судьянинг кундалик эътибори қонун ва уни қўллашга қаратилади. Шу боис унинг иш столида кўпроқ қонун ва кодекслар туради.
Шундай бўлса-да, бўш вақт топилганда китоб ўқишни канда қилмайдиган судьялар оз эмас. Китоб ва қонунларни бирлаштирувчи муҳим нарса — бу тил. Қонунлар тилнинг равон, қисқа, аниқ ва тушунарли бўлиши талаб қилинади. Шу жиҳатдан ҳуқуқшунослар ҳам худди ёзувчи-шоирлар каби сўзга муҳим омил сифатида қарашади. Ҳар бир ижодкорнинг сўзни қўллашда ўзига хос услуби бор. Масалан, Абдулла Қаҳҳор асарлари лўнда ва ихчам бўлса, Абдулла Қодирий асарларида ўзбек тилининг ноёб қирралари мана-ман деб кўзга ташланади.
Айтиш керакки, қарор ёзишда ҳам ҳар бир судьянинг сўздан фойдаланишда ўз услуби бор, дейиш мумкин. Масалан, кимдир қисқа ва лўнда, кимдир кенгроқ ва батафсил жумла тузади. Ҳуқуқшунослар қонун ва қарорларни асослантириш, мантиқий хулосалар қилишда тил имкониятларидан тўлиқ фойдаланишга ҳар доим эҳтиёж сезади. Бунда қонун ижодкорлиги ва қонунларни қўллаш босқичлари ўзаро боғлиқ: қонун чиқарувчи тузган жумлада бир оз “кўринмай” қолган маънонинг қонунни қўлловчи томонидан “тўлдириб” кетилиши барча ҳуқуқ тизимларида учрайди.
Китобхонлик инсонда кучли хотира, кузатувчанлик, диққатни бир жойга жамлаш, ҳодисаларнинг боғлиқлиги ва яширин жараёнларни илғаш кўникмаларини шакллантириши яхши маълум. Баъзи китоблар ҳажми ва ундаги воқеалар узоқ даврни ҳамда юзлаб персонажларни қамраб олади. Таҳлилчилар фикрича, М.Шолоховнинг “Тинч дон” асарида етти юзга яқин персонаж бор. Ёки Г.Маркеснинг “Танҳоликнинг юз йили” асарида бир хил исмга эга персонажларнинг бир асрлик ҳаёти билан танишиш китобхондан алоҳида диққат-эътиборни талаб қилади. Шу жиҳатдан қайд этиб ўтилган хислатлар китобхон судьяларда суд жараёнларида тарафлар кўрсатмаларидаги қарама-қаршиликларни аниқлаш, уларнинг руҳиятини тушуниш, бир-бирини инкор қилувчи ҳолатларга ойдинлик киритишда қўл келади. Умуман, яхши китоб жамиятда кечаётган воқеалар ва инсонларнинг ташвишлари, муаммолари ва уларни келтириб чиқараётган омиллар ҳақида тўлиқ тасаввур ҳосил қилишда беминнат ёрдамчи бўлади. Нафақат бадиий, балки турли мавзудаги китобларни ўқиш судья учун кўплаб соҳаларнинг сирларини билиш, муаммоларини ўрганиш имконини беради.
Ахборот технологиялари ижтимоий муносабатларнинг ажралмас қисмига айланиб бораётган ҳозирги даврда китоб ўқишга вақт топишга ҳам алоҳида уқув керак. Талабалик пайтимда таниқли журналист ва олим Ҳалим Саид жаҳондаги энг сара ёзувчиларнинг асарларини ёшликда ўқиб олинг, кейин вақт тополмайсиз, дея маслаҳат берган. Шу маслаҳат сабаб М.Достоевский, Л.Толстой, М.Булгаков, Р.Акутагава, Э.Хемингуэй, В.Гюго, С.Довлатов, Ф.Искандар, Ги де Мопассан, Б.Шоу, У.Фолкнер, Ч.Айтматов каби ёзувчиларнинг асарларини ўқишга ҳаракат қилганман. Жаҳонда сара асарларнинг сони кўп, вақт эса оз. Ўзбек ёзувчиларидан Чўлпон, А.Қодирий, Ойбек, С. Аҳмад асарларини мактабда, ҳозирда Э.Аъзам, Л.Бўрихон, Н.Эшонқул, З.Қуролбой қизи, Ш.Ҳамро ва бошқаларнинг асарларини ўқиб тураман.
Кейинги пайтда аргентиналик ёзувчи Хулио Кортасар ҳикояларини ўқидим. Яқинда мактабда таълим олаётган қизим билан китобхонлик ҳақида суҳбатлашдик. Мени қувонтиргани шундаки, қизим мен унинг ёшида ўқиганимдан ҳам анча кўп китобларни ўқибди. Унинг ўзига ўхшаган китобхон синфдошлари ҳам бор экан. Демак, ёшлар китобга меҳр қўйиб вояга етмоқда, оилаларда китобхонлик давом этаяпти. Бу эса жамиятимизнинг маърифатли бўлишини таъминлайди.
Ойбек ҲАКИМОВ,
Тошкент туманлараро маъмурий суди судьяси