Торни чўмичдан фарқи бор

1 Ноябрь 2023 18:25 1950 Чоп этиш

“Telegram” мессенжеридаги “Yuristkadr” каналида Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан қабул қилинган суд ҳужжатларига оид кетма-кет иккита танқидий чиқишлар қилинди. Албатта, ҳар ким ўз фикрини эркин ифода этиш ҳуқуқига эга. Муаллиф ҳам ижтимоий  тармоқларда ўзидан “ миллий қаҳрамон” ясайдиганлар тоифасига кирмайди, аксинча, суд-ҳуқуқ соҳасидаги муаммолар юзасидан асосли мулоҳаза ва мантиқий таклифлари билан жамоатчилик эътиборига тушгани, унинг  фаоллиги эса судьялар ҳамжамияти томонидан ҳақли равишда эътироф этилгани ҳам бор гап.

Бироқ муаллифнинг кейинги чиқишларида холислик тамойилидан чекиниш, хусусан, ўзи адвокат сифатида иштирок этган суд процесслари якунида қабул қилинган суд ҳужжатлари ва судьялар ҳақида  бироз ҳиссиётли мулоҳазаларида бу ҳол яққол намоён бўлмоқда. Билдирилаётган баҳсли мулоҳазалар иш бўйича бир тарафнинг шахсий нуқтаи назари эканини на низо моҳияти, на иш ҳужжатларидан бехабар  (муаллифга тегишли) каналнинг бир неча ўн минглаб обуначилари бирдек тушунади, деб бўлмайди. Бу эса жамоатчиликда судлар фаолияти (ва судьялар ҳақида ҳам) нотўғри тасаввурлар шаклланиши эҳтимолини юзага келтириши кундек равшан. 

Қолаверса, далил сифатида ўртага ташлаётган ҳолатлар тармоқда эмас, суд мажлисида муҳокама қилиниб, тегишли ҳуқуқий баҳо берилиши, қарор ёки ажримдан норози бўлинган тақдирда юқори инстанция судига шикоят қилиш тартиби мавжуд. Бундай тартибларни яхши билган муаллиф “...албатта, кассация шикояти берамиз, лекин, кузатувчиларимиз айрим судьяларнинг савияси ҳақида ҳам бохабар бўлиб туришлари керак”, дея изтеҳзо қилиши наинки холислик, балки одоб (этика) тамойилига ҳам тўғри келмайди.

Ушбу муносабатни муҳтарам муаллиф ўзи танқид қилган суд ҳужжатлари қонуний ва асосли эканига оид Кенгаш хулосаси сифатида эмас, балки суд мажлисларидан фарқли ўлароқ, ижтимоий тармоқлар орқали чиқишларда  холислик мувозанатини меъёрида ушлашга чақириқ  тариқасида қабул қилишига шубҳа йўқ.

 Зеро, торни чўмичдан фарқи бўлганидек,  суд мажлисида адвокат ўз мижози манфаатидан келиб чиқиб гапиради, бу тушунарли, аммо блогер сифатида бевосита жамоатчиликка юзланар экан, мулоҳазаларда холислик устувор аҳамият касб этиши  керак барибир.

 Судьялар олий кенгаши

 матбуот хизмати

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech