Баҳс баҳона икки оғиз гап...

3 Ноябрь 2023 20:31 979 Чоп этиш

 Яна мавзуга қайтишга ҳожат йўқ эди аслида. Бироқ ижтимоий тармоқларда давом этаётган баҳс-мунозара, уларда билдирилаётган яхши-яхши фикрлардан ташқари масала моҳиятини тўғри илғамай айтилаётган гаплар, айниқса, айни  жараёнда на журналистлик, на адвокатликни  эплолмай “тармоққа танда қўйган” баъзилар байроқдорликка интилаётгани эътиборидан яна икки оғиз гап айтишга эҳтиёж сезилди.

  Шубҳасиз, тарафлар ўртасида баҳс кетиб, ҳар ким ўзиникини  маъқуллайверар экан, тортишувларнинг поёни кўринмаслиги тайин. Донишманд адиб айтганидек, “муштлашишдан баҳслашиш ёмон”, бироқ гап одил судлов ҳақида кетганда “Ҳақиқат баҳcларда туғилади” тамойилидан келиб чиқиб, аччиқ-нордон мулоҳазаларга ҳам эътиборлироқ бўлиш талаб этилади.

“Telegram” мессенжеридаги “Yuristkadr” каналида чиққан материалларга Кенгашнинг муносабати, аввало, муаллифнинг фикрларига бўлган эътибор (уларга қўшилиш-қўшилмаслик алоҳида масала) ҳисобланади. Ўз навбатида Кенгаш муносабати айни шу канал томонидан кўчириб босилгани  ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин.

Баҳсга қўшилган  “Generalissimus”  таъкид этганидек, “...одил судлов фақат суднинг қўлида эмас”лиги - тўғри, бунда адвокатура институтининг ўзига хос ўрни борлиги ҳам ҳаққи рост.  Унинг  Кенгаш “холисликни сақлаши, оқни оқ, қорани қора қора дейиши керак”, мазмунидаги фикрлари ҳам инкор этилмайди,  аммо “Advokat_Abdullayev”нинг Кенгаш холислигига билдирган шубҳаси анча баҳсталаб.  Унга кўра, “Кенгаш ўзи тайинлаган судьяларни ўзи ҳимоя қилиши"  гўёки нохолислик?!

 Судьялар олий кенгаши Конституцияга мувофиқ: “...судьялар ҳамжамиятининг мустақил органи бўлиб, у судьялар корпусининг шакллантирилишини, суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципига риоя этилишини таъминлайди”. Судьялар корпусини шакллантириш ваколати Бош Қонун билан Кенгашга берилган экан, уларнинг дахлсизлигини таъминлаш, хусусан, турли ахборот хуружларидан муҳофаза этиш ҳам Судьялар олий кенгашининг тўғридан тўғри вазифаси ҳисобланади. Бу ўринда ортиқча мунозара  ёки  ваколат масаласида қандайдир ташаббус кўрсатишга даъват ўринсиз. Қолаверса, Кенгашнинг танқидларга  муносабатини эътироф этган ҳурматли муаллиф уларга (танқидларга) тоқатлилигини ҳам ўз тажрибасидан яхши билади.

 Ижтимоий тармоқлар жамоатчилик фикрини қисқа вақтда шакллантириш қувватига эга экани маълум. Бугунга келиб, суд ишларига таъсир кўрсатишга уриниш кўпроқ ижтимоий тармоқлар орқали бўлаётгани ҳам сир эмас. Ахборот майдонини қаранг: ит эгасини, мушук бекасини танимайди. Шу нуқтаи назардан, ахборот майдонига турли усул ва шаклда сиздирилаётган хабарларга ўз вақтида муносабат билдиришдан мақсад вазиятга ойдинлик киритган ҳолда жамоатчиликка тўғри ахборот етказиш, холос.

 Кенгаш бу жараёнда  нохолислик қиляптими?

Масалага ким қандай қарашига боғлиқ, албатта.

 Бироқ, бизнингча, йўқ. Негаки, Кенгаш  бирор муносабатида “суд қарорлари қонуний”  деган  фикр тугул, ҳатто унга ишора сезилмайди. Иккинчидан, адвокатнинг суд мажлисидаги музокараси бошқа, унинг блогер сифатида ижтимоий тармоқларда чиқиш қилиши бошқа масала.  Ҳар икки ҳолатнинг ўзига яраша талаб-тутумлари борки, кўп ҳолларда улар аралашиб кетаётгани ҳам кузатилмоқда. (ижтимоий тармоқларда ўзидан “ҳуқуқшунос-блогер” “ясаб” олган баъзилар алоҳида мавзу) Кенгашнинг холисликка чақириши бош сабаби ҳам шу. Буни  Кенгаш гўёки “оқни қора демоқда”, деб талқин қилинаётганида мантиқ кўринмаяпти.

 Қолаверса, суд қарори қонуний кучда (ва айни жараёнда Судьялар одоби кодексини бузмаган) экан, судьяларга нисбатан қандайдир интизомий чора кўллашга ҳам  асос йўқ.  Мабодо, қайсидир судьянинг ҳукми ё қарори юқори инстанцияда бекор қилиниши ёки ўзгартирилишининг ўзи (агар судья атайлаб қонунбузилишига ёки жиддий оқибатларга олиб келган виждонсизликка йўл қўймаган бўлса) жавобгар бўлишига сабаб бўлмайди. Бу билан жиддий хато ва камчиликларга йўл қўйган судьялар хаспўштланаверар эканда, деб тушунмаслик лозим. Одил судловни амалга ошириш чоғида қонунийликни бузган ёки  Судьялар одоби кодекси талабларига риоя этмаган судьяларга нисбатан қўлланилаётган интизомий жазолар ҳақида Кенгаш мунтазам очиқ ахборот бериб келинаётганини инкор этишнинг иложи йўқ. Кенгаш фаолиятидаги очиқлик принципи шундаям кўринмаяптими?

Албатта, Кенгаш  амалга оширган ишларидан кўра  олдинда қиладиган ишлари ҳам оз эмас. Бу борада асосли, мантиқли, энг муҳими, холис таклиф ва фикрлар бўлса, бош устига.  

Дарвоқе, одоб билан баҳсга киришган “Generalissimus” коса тагида нимкоса қабилида Кенгаш матбуот котибига "лутф қилиш" асносида унинг бир неча йил аввал (Кенгашга келмасидан бурун) чоп этилган мақоласини  ҳам тилга олибди. Канал маъмури “мозийга қайтиб”, ўша мақола натижаси ва қаҳрамонининг кейинги тақдири билан қизиққан ,чамаси?! Майлида, нотаниш маъмурнинг сазаси ўлмасин: ўша мақолада қаламга олинган суд қарори сал вақт ўтиб, бекор қилинган. Уни қабул қилган суд раиси ҳам ҳозир тизимда эмас.

Айтганча, бу Кенгаш холислигига яққол мисол-ку?!

 Судьялар олий кенгаши

матбуот хизмати

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech