Сиз қидираётган барча нарсалар бу оламда мавжуд, фақат...
Китоб инсоннинг камолоти йўлидаги энг яхши восита ҳисобланади. Зеро, хазиналар калити, тафаккурнинг толмас қаноти бўлган китоб инсоннинг энг яқин маслакдоши ва маслаҳатчиси, ақл қайроғи ҳамда билим манбаидир.
Китоб инсон маънавияти ривожида катта аҳамиятга эга экан, жамиятда адолатни қарор топтириш учун одил судловни амалга оширишдек масъулиятли вазифа зиммасига юклатилган судья учун мутолаа нечоғлик зарур, деган савол туғилиши табиий.
Бунга жавоб ахтарар эканмиз, давлатимиз раҳбарининг бу борада айтган фикрлари ёдга келади: “Адолат ва маънавият – ўзаро чамбарчас боғлиқ тушунчалар, маънавият бўлмаган жойда ҳеч қачон адолат бўлмайди”.
Демак, инсон китоб ўқимасдан туриб маънавий етукликка эриша олмайди. Шудан келиб чиқиб, ҳар бир судья учун китоб мутолааси зарурий эҳтиёж, дея хулоса қилиш мумкин.
Албатта, бу ўринда бадиий асарлар ўқиш тўғрисида сўз юритилаётганини алоҳида таъкидлаш зарур. Чунки, судьянинг ўз малакаси ва касбий билимларини ошириб бориши алоҳида масала.
Ҳар бир судья лавозимга тайинлангунга қадар бир неча таълим босқичини босиб ўтиб, соҳага оид махсус ва илмий манбааларни ўрганиб, алоҳида тайёргарликдан ўтадики, буларнинг барчаси китоб ўқиш ва илм ўрганиш орқали ҳосил бўлиши кундай равшан. Иш фаолиятида ҳам китоб унинг доимий йўлдоши бўлиб қолади. Чунки судья ҳар бир иш бўйича адолатли, қонуний ва асосли қарорлар қабул қилиши учун қатор қонунлар ва махсус адабиётларни ўқиб ўрганиши талаб этилади. Бу унинг учун кундалик заруратга айланади.
Бироқ судья зиммасига юклатилган вазифани талаб даражасида амалга ошириши учун фақат қонунларни мукаммал билишининг ўзи камлик қилади. Қўшимчасига адабиёт дурдоналаридан баҳраманд бўлиш судьянинг билим салоҳиятини янада бойитиш, тафаккурини кенгайтириш, мантиқий мушоҳадасини кучайтириш, мулоҳазакорлигини ошириш, оғзаки нутқи ва ёзма баёнининг ривожланишига хизмат қилади.
Маълумки, суд қарорлари қисқа, аниқ ва тушунарли ёзилиши талаб этилади. Ноаниқ ибораларни ишлатиш, ишга оид бўлмаган ҳолатларни ёритиш билан ҳукмни ортиқча тўлдиришга йўл қўйиб бўлмайди. Бунинг учун судьядан талаб этиладиган муайян кўникма ва маҳоратни кўп бадиий адабиётларни ўқиш орқали ривожлантириш мумкин.
Шунингдек, жиноятлар қасддан содир этилганда муайян бир мақсад кўзланишини биламиз. Жиноят мотиви шахсда жиноят содир этиш қарори ва хоҳишини уйғотувчи ички ҳиссиёт бўлиб, муайян мақсаднинг вужудга келиши, унинг йўналишини ифодалайди. Шу жиҳатдан қараганда, аксарият қасддан содир этилган жиноятларда унинг (жиноятнинг) мотиви ва мақсадини аниқлаш, малакалаш а адолатли жазо тайинлашда муҳим аҳамиятга эга.
Бадиий асарларда инсоннинг феъл-атвори, ҳиссиётлари, жумладан, рашк, ўч олиш, ғараз ва шу каби иллатлар ўта моҳирлик билан очиб бериладики, бу асарларни ўқиш орқали жиноятчининг психологиясини ўрганиш, жиноятнинг содир этиш мотиви ва мақсадини янада чуқурроқ англаш мумкин.
Назаримда, китобхонлик болаликдан шаклланиши лозим, шахснинг китобхонлик савияси оддийдан мураккабга қараб такомиллашиб бориши зарур. Чунки баъзи асарларнинг “юки оғир” келади, уларни маълум тайёргарликсиз англаш қийин.
Боланинг китобга меҳр қўйиши кўпинча у униб-ўсаётган, таълим олаётган ва мулоқот қилаётган муҳитга боғлиқ. Яқинларим орасида адабиётга меҳр қўйган, шахсий кутубхонасига эга бўлганлар кўпчилик бўлгани сабабли мен ҳам ёшлигимдан китоб ўқишга қизиққанман.
Албатта, китобга бўлган илк ҳавасни менда отам уйғотган ва бу болаликда ўқиган эртакларим орқали рўй берган. Ўзбек ва жаҳон халқлари эртаклари, ака-ука Гримм, Шарль Перро асарлари мени китобларнинг сеҳрли оламига олиб кириб, мурғак қалбимда эзгулик уруғларини қадаган бўлса, ўсмир давримда ўқиган Ғафур Ғуломнинг “Шум бола”, Жек Лондоннинг “Уч қалб”, Александр Дюманинг “Граф Монте-Кристо” каби саргузашт асарлари ҳаётга бўлган беадад завқу шавқимни янада орттирган.
Мактаб давримдаёқ Артур Конан Дойл ва Агата Кристининг детектив асарларидаги Шерлок Холмс, Доктор Ватсон, Эркюль Пуаро, Мисс Марпл каби бетакрор образлар келажакда ҳуқуқшунос касбини танлашим учун сабаб бўлса, ажаб эмас.
Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар”, Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз”, Ойбекнинг “Алишер Навоий”, Мурод Муҳаммад Дўстнинг “Лолазор”, Эрих Мария Ремаркнинг “Уч оғайни”, Теодор Драйзернинг “Америка фожиаси”, Этель Лилиан Войничнинг “Сўна”, Лев Толстойнинг “Уруш ва тинчлик”, Фёдор Достоевскийнинг “Жиноят ва жазо”, Анатолий Рибаковнинг “Арбат болалари” романлари, Абдулла Орипов ва Эркин Воҳидовнинг шеърлари ҳисларимни жумбушга келтириб, тафаккурим равнақи ҳамда фикрларим уфқини янада кенгайтириб, атрофга ўзгача тарзда назар солишимга туртки бўлган десам, муболаға қилмаган бўламан.
Кейинчалик Саид Аҳмад, Мирзакалон Исмоилий, Ўткир Ҳошимов, Пиримқул Қодиров, Тоғай Мурод, Тоҳир Малик каби ўзбек адиблари, Чингиз Айтматов, Михаил Булгаков, Стефан Цвейг, Уильям Сомерсет Моэм, Эрнест Хемингуэй, Франц Кафка каби жаҳон адибларининг асарлари жалб этди.
Мумтоз адабиёт ҳақида сўз кетганда, тасаввуф ҳақида алоҳида тўхталмасак бўлмайди. Чунки бир ғойибона куч мени Яссавий ҳикматлари, Машраб ғазаллари, Юнус Эмро шеърларини ўқишга ҳамиша ундайверади. Балки бунга Фаридуддин Аттор, Хожа Аҳрор Валий, Юсуф Ҳамадоний, Имом Ғаззолий, Имом Бухорий, Алихонтўра Соғуний, Маҳмуд Асъад Жўшон, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф каби улуғларнинг асарларидан ўрганган ҳикматлар, руҳий поклик ва маърифат ғоялари туртки бўлаётгандир?!
Охирги пайтларда антиутопик жанрга мансуб Жорж Оруэлнинг “1984” романи, “Молхона” қиссаси, Рей Брэдберининг “Фаренгейт бўйича 451 даража” романини ўқиб чиқдим. Бу жанрдаги асарлар кўзимиз ўрганиб қолган, баъзан бефарқ қолаётган ҳодисалар, тарихий воқеаларга ўзгача назар билан боқиш ҳамда мушоҳада қилишга ўргатади. Бу асарларда кўтарилган ғоялар, муаммолар нафақат бугунги, балки келажак учун ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган. Зеро, “Фаренгейт бўйича 451 даража” асарида таъкидланганидек, “Сиз қидираётган барча нарсалар бу оламда мавжуд. Аммо оддий одам уларни юздан биринигина ўз кўзи билан илғай олиши мумкин, қолган тўқсон тўққиз фоизини эса китоблар орқали ўрганади”.
Хайруллохон Камолов,
жиноят ишлари бўйича Чирчиқ шаҳар суди раиси