Яна санамай саккиз дейишми?

9 Ноябрь 2023 17:21 842 Чоп этиш

Жамоатчилик эътиборига тушган (туғруқхонадаги жарроҳлик амалиёти жараёнида она ва боланинг ўлими билан боғлиқ) воқелик, бунинг ортидан қўзғатилган жиноят иши айни кунларда жиноят ишлари бўйича Касби туман суди раиси томонидан (жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди биносида) мазмунан кўриб чиқилмоқда. Жиноят ишининг бир қадар нозиклиги эътиборидан уни мазмунан кўриб чиқиш судьядан катта масъулият талаб қилгани каби суд жараёнига алоҳида қизиқиш билан қараётган оммавий ахборот воситалари ходимлари, хусусан, маҳаллий блогерлар ҳам масалага  хушёрроқ ёндошиши мақсадга мувофиқдир.

Кейинги кунларда айрим маҳаллий блогерлар томонидан ижтимоий тармоқлар орқали мазкур жиноят ишига оид чиқишлар қилинди. Уларда  раислик этувчи гўёки очиқлик ва шаффофликни таъминламаётгани, очиқ суд мажлисига блогерларни киритмай, ишни бир томонлама кўраётгани, бу эса бориб турган нохолислик эканини таъкид этиб, судья шаънига ҳақоратомуз гаплар ҳам  айтилмоқда.

Блогерларнинг суд мажлисига қўйилмагани – судья нохолис, иш бир томонлама кўрилмоқда, деган хулосага асос бўлавермайди. Мазкур жиноят иши очиқ  суд мажлиси кўриб чиқилиши жараёнида тарафларнинг шахси, қадри ва қимматига боғлиқ масалалар юзага келаётгани боис адвокатнинг бу борадаги илтимосномаси муҳокама этилиб, уни қаноатлантириш ва кейинги суд мажлисларини ёпиқ тарздан ўтказиш ҳақида ажрим чиқарилган. Блогерлар  иддао қилаётганидек, фақат давлат сирлари ёки жинсий жиноятларга оид ишларгина ёпиқ суд мажлисида кўрилмайди. Қонунга кўра, фуқароларнинг шахсий ҳаёти ёки уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситадиган маълумотларни ошкор қилмаслик тақозо этилган ҳолларда ҳам бошқа жиноят ишлари суд ажрими билан ёпиқ суд мажлисида кўришга йўл қўйилади.

Шунга қарамай ҳурматли блогерлар томонидан қонундаги (ЖПК, 19-модда, 3-банди) мазкур норма тушуниб-тушунмаган ҳолда турлича талқинлар қилинмоқдаки, жамоатчиликда нотўғри тасаввурлар  пайдо бўлиб,  судга нисбатан босим эҳтимоли юзага келмоқда. Уларнинг бундай хатти-ҳаракатлари иш бўйича тарафлар, айниқса, жабрланувчиларнинг изтироб ва ҳис-туйғулари, судга бўлган ишончига таъсир этиши мумкинлигини ҳам эътибордан соқит қилиб бўлмайди.  

Судга таъсир ўтказишга уриниш ёки ижтимоий тармоқлар орқали нотўғри ва асоссиз хабарлар тарқатилишини қонун кўтармайди, буни такрор эслатиш ким-ким, тармоқларда бонг ураётган блогерларга эслатиш шарт эмас, чунки, бундай ҳаракат қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги  ўз фаолиятидан маълум.

Судьянинг муомала-муносабатига оид иддаоларига келсак, ортиқча муаммо йўқ. Агар блогернинг важлари асосли бўлса, Қашқадарё вилоят судлари судьялари малака ҳайъатига шикоят қилиши мумкин.

Судьялар олий кенгаши

матбуот хизмати

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech