Туш ўнг бўлмас, ўнг эса туш...

15 Ноябрь 2023 20:48 1512 Чоп этиш

 Воқелик “ҳолат ўрганилди, тасдиғини топди” мазмунидаги қисқа ва қуруқ ахборотдан кўра кенгроқ баён талаб қилади. Чунки, бу ҳақда ижтимоий тармоқларда озмунча ёзилмади, ҳолат ҳам керагидан кўпроқ бўрттирилдики,  мухтасар ахборот масала моҳиятини очиб беришга камлик қилади.

Гап “Kun.uz” электрон нашрида эълон қилиниб, ижтимоий тармоқлардаги бир қатор каналларга мавзу бўлган танқидий мақола ҳақида кетмоқда.  

Мақолада бир фуқаролик низоси тафсилотлари қаламга олинар экан, бўлиб ўтган қатор суд жараёнларининг бирида  фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьясининг гўёки (И. Қурбонбаев) “сеҳргарлиги”га алоҳида (ва истеҳзо билан) урғу берилади.  Яъниким, унинг “каромати” “13 октябрь” санасида чиқарилган ажрими аслида бир кун аввал (12 октябрь)  қабул қилингани билан боғланиб, исбот сифатида  мазкур суд ҳужжати “12 октябрь” куни “ЕX-SUD” ахборот тизимига юклангани кўрсатилган.

 Иш бўйича тарафнинг Судьялар олий кенгашига мурожаатидан сўнг хизмат текшируви тайинлангани мақолада айтиб ўтилган, дарҳақиқат, шундай. Хизмат текширувида ҳолат ўз тасдиғини топиши эҳтимоли юқори эди. Чунки, ҳаммаси яққол кўриниб турибди: ажрим қабул қилинган сана ҳам,  электрон базага юкланган куни ҳам.

Кутилганидек, хизмат текширувида ҳолат тасдиғини топди.

 Бироқ бу судья гўёки “сеҳргар” эканини англатмайди. Содир бўлган хатолик техник хусусиятга эга бўлиб, у оғир иш куни якунида судья томонидан айрим (шу санада қабул қилинган барча суд ҳужжатлари билан бирга) “ЕX-SUD” ахборот тизимига юклаш жараёнида юз берган. “Техник хатолик” дея вазият хаспўшланмоқда, дейишга шошманг. Хизмат текшируви жараёнида ҳолат ахборот коммуникация технологиялари мутахассиси жалб қилинган ҳолда ўрганилганда эътирозу шубҳаларга сабаб бўлаётган суд ажрими электрон тизимга 2023 йил 13 октябрь  куни соат 12:52.- 12:54 вақт оралиғида  юклангани аниқланди. “13” санаси “12” тариқасида ёзилгани эса, дарҳақиқат, хатолик ва у эътиборсизлик оқибати.

 Албатта, эътиборсизликни оқлаб бўлмайди. Бироқ шу ва шу каби жузъий техник хатоларга фуқаролик судларида иш ҳажми ва юкламалар кўплиги таъсир қилиши эҳтимоли мавжудлигини ҳам инсоф юзасидан айтиб ўтиш керак. Бир неча кундан буён “виртуал сазойи” қилинаётган судья фаолияти мисолида айтилса, ўша  куни  у нақ 13 та фуқаролик низосини кўриб чиққан, йил бошидан буён (1 январдан - 1 ноябргача)  эса чекига тушган ишлар сони 3688 тани ташкил қилади (шундан 1494 таси даъво тартибида кўрилган фуқаролик низолари бўлса, 2194 таси суд буйруқларидир).

 Қисқаси, 3688 та ишни ўн ойга тақсимлаб, кунига нечта иш  кўраётгани ҳисоби чиқарилса, судьянинг эътиборсизлигидан кўз юммаган ҳолда, у қандайдир “соҳиби каромат” эмас, ҳеч муболағасиз ҳар куни қаттиқ  (“тинкаси қуриб” дейиш тўғрироқ аслида) ишлаётган мутахассис эканига шубҳа қоладими?!

Айтганча, судьянинг гўёки “сеҳргар” эканига “далолат” қилаётган ажрим ҳал қилув қарори ижросини вақтинча тўхтатиш ҳақида эди-а? Ижро ишини тўхтатиб туришга оид аризалар ўн кунлик муддатда тарафларни чақирмаган ва суд муҳокамаси ўтказмаган ҳолда кўриб чиқилишини таъкид этган ҳолда асосий гапга ўтсак.  Эътиборли ҳолат шундаки, ижроси тўхтатилган ўша ҳал қилув қарори ўз вақтида айни шу судья (!) томонидан қабул қилинган бўлиб, юқори босқич судларида ўзгаришсиз қолдирилган: эндиям мазкур ажрим билан боғлиқ шубҳаларга ўрин қолмас?! Нега десангиз, судья устидан судда ютқазган эмас, аксинча, ютган тараф шикоят қилмоқда. Майлида, бу – унинг ҳуқуқи...

 Ажримнинг қонунийлиги алоҳида масала. Хизмат текшируви судьянинг хатти-ҳаракати доирасида бўлиб, бу жараёнда у томонидан қабул қилинган ажримга ҳуқуқий баҳо бериш масаласи кўриб чиқилмаган. Негаки, илгари ҳам кўп таъкид этилганидек, фақат юқори инстанция судигина суд ҳужжатларига  ҳуқуқий баҳо бериш ваколатига эга.

 Айни пайтда ажримга нисбатан хусусий шикоят келтирилган бўлиб, яқин кунларда у (хусусий шикоят) иш ҳужжатлари билан бирга тегишли тартибда Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида кўриб чиқилади.

 Судьялар олий кенгаши

 матбуот хизмати

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech