Хусусий ажрим чиқарилган. Бошқа иддаога асос йўқ

21 Ноябрь 2023 18:16 1168 Чоп этиш

Жиноят ишлари бўйича Когон туман судининг  ҳукми билан ўн ва  ундан кўп йилга озодликдан маҳрум қилинган Ж. С. ва бошқаларга оид жиноят иши Бухоро вилоят суди апелляция инстанциясида кўриб чиқилиб, айбловлар бошқа моддага қайта малакаланиши натижасида тайинланган жазо ўзгартирилгани ( судланувчиларнинг ҳар бирига 3 йил озодлик маҳрум қилиш жазоси тайинланган) ижтимоий тармоқларда  муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Муҳокамаларда  биринчи инстанция судига мақтовлар ёғилаётгани йўқ, албатта. Аксинча, уларнинг аксариятида ишни  (биринчи инстанция судида) кўриб чиққан судьянинг профессионал салоҳиятига шубҳа билдирилиб, эгаллаб турган лавозимига лойиқлиги масаласи кўриб чиқилиши лозимлиги таъкидланса, “виртуал машварат”нинг “чақирилмаган меҳмони” бўлган айрим собиқ журналист, ҳаваскор адвокат, ҳатто “тармоқ юлдузи” даъвосидаги вайнерлар Судьялар олий кенгашига эътибор қаратиб, Кенгаш бу каби ҳолатларни “малака ҳайъатларига отиб” юборишдан нари ўтмаслигини иддао қилмоқда.

Мазкур жиноят иши биринчи инстанция судида кўриб чиқилишида процессуал нормалар бузилгани инкор этилмайди. Хусусан, ҳукмда баён қилинган суд хулосаларининг ишнинг ҳақиқий ҳолатларига мувофиқ келмаслиги, Жиноят кодексининг нормалари нотўғри қўлланилганлиги каби ҳолатлар  суднинг апелляция инстанциясида  тасдиғини топган.

 Шу ўринда жамоатчиликка маълум бўлмагани бир ҳолатки,  йўл қўйилган процессуал хатоликлар сабаб вилоят суди судлов ҳайъати томонидан биринчи инстанция судига (ва тергов органига ҳам) нисбатан хусусий ажрим чиқарилган. 

Айни пайтда, хусусий ажримга асосан, биринчи инстанция суди судьясига нисбатан хизмат текшируви тайинланган бўлиб, унинг натижасига кўра интизомий жазо қўллаш масаласи кўриб чиқилади.

Дарвоқе, хизмат текшируви Бухоро вилоят судлари судьялари малака ҳайъати томонидан ўтказилади. Буни Кенгаш хизмат текширувини яна “малака ҳайъатига отиб” юборди, дейиш саводли одамнинг гапи эмас. Тартиб-таомил шундай. Яъниким, хизмат текшируви Кенгаш белгилаган тартиб асосида жойлардаги судьялар малака ҳайъати томонидан ўтказилади. Кенгаш томонидан ўтказилган хизмат текшируви хулосалари бўйича тегишли қарор қабул қилиш ҳам малака ҳайъатлари ваколатига берилган (Кенгашнинг доимий асосда фаолият кўрсатувчи  аъзоларига нисбатан ўтказилган хизмат текшируви хулосалари бундан мустасно). Бундай тартиб малака ҳайъати қарорларидан норози тарафга шикоят қилиш (Судьялар олий малака ҳайъатига, Судьялар олий кенгашига) имкониятини беради ва бу ҳуқуқнинг (шикоят қилиш ҳуқуқининг) қонунда акс этган кафолатидир.

Шундай экан, ортиқча (хизмат текшируви ўтказилиши масаласида) иддаога асос йўқ.

 Судьялар олий кенгаши

матбуот хизмати

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech