Шундоғам суд очиқ бўлган...

28 Ноябрь 2023 17:56 1024 Чоп этиш

Журналист ва блогерларнинг очиқ суд мажлисларидаги иштироки,  бунинг тартиб ва ҳуқуқий асослари ҳақида кўп тушунтиришлар берилди, айни шу мавзуда ўтказилаётган семинарлар, ўқув машғулотлар сони ҳам оз эмас. Бироқ ҳамон тушунмовчиликлар  учраб турибдики, хоразмлик блогер “YouTube” тармоғидаги “1gap.uz” каналидаги чиқиши бунга яна бир мисол.

  Ҳурматли блогер Хоразм вилоят маъмурий судида бўлиб ўтган суд жараёнини тасвирга олиш ҳақидаги илтимосномаси рад этилганини очиқлик ва шаффофлик тамойилига зид эканини таъкидлаб, ҳар қандай очиқ суд мажлисларини видеотасвирга олинишида муаммо бўлмаслиги керак, акс ҳолда, “очиқ суд”нинг очиқлиги қайда қолади, дея писанда қилади.

 Очиқ суд мажлисларида журналист ёки блогер иштироки масаласида муаммо йўқ. Бироқ суд жараёнини видеотасвирга олиш масаласи, иш бўйича тарафлар фикридан келиб чиқиб, суд мажлисига раислик қилувчи рухсати билан амалга оширилади. Қонун шундай, тартиб шунақа (Маъмурий судларда иш юритиш тўғрисидаги Кодекснинг 143-модда, 4-банди; “Суд муҳокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида”ги  Олий суд Пленуми қарорининг 14-банди).

 Блогер иштирок этган судда ҳам жараённи видеотасвирга олиш масаласи кўтарилган, раислик этувчи  томонидан (тарафларнинг фикрини инобатга олган ҳолда)  илтимоснома рад этилган. Савол қолдирмаслик учун алоҳида таъкид шартки, ҳар қандай ишда икки (ва ундан ортиқ) тараф бўлиб,  суд процессида уларнинг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўси муҳофазаси  ҳам судлар зиммасида. Шунинг учун  процессни видеотасвирга (аудио шаклда ёзишга, суратга олишда) туширишда раислик этувчи тарафларнинг фикрини сўрайди ва шундан келиб чиқиб,  тегишли тўхтамга келади.

 Бироқ  илтимоснома рад этилиши блогер ёки журналист суд мажлисини тарк этиши шарт, дегани эмас. Кузатувчи сифатида бемалол иштирок этиши мумкин. Агар блогер илтимосномаси рад этилиши ортида ўзи ҳам суд мажлисидан чиқарилиб, эшик ичкаридан беркитиб олганида – бошқа гап: унинг иддаоларига қўшилиш  мумкин эди.

Амалда эса бундай бўлмаган.

Якунда  Кенгаш томонидан  судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, бу жараёнда оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогернинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини тартибга солувчи ҳуқуқий ҳужжатлар жамланмасидан иборат “Судлар фаолиятини ёритишнинг ҳуқуқий асослари ва ўзига хос жиҳатлари”  номли қўлланма нашр этилганини эслатиб, унинг электрон шакли билан танишишни тавсия қилсак, ҳурматли блогер малол олмас.

 Судьялар олий кенгаши

матбуот хизмати

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech