Мазкур тадбир ўзгача ўтиши керак эди. Шундай бўлди ҳам
Тадбир доираси кенгроқ эди, шу боис шартли равишда уч қисмга бўлинди. Шунга қарамай иштирокчилар зерикиб қолгани йўқ. Чунки, тадбирнинг ҳар бир қисми бир-бирини тўлдирардики, ҳаммаси учун бир ярим соат кифоя қилди.
Аввалига бу йил умумхалқ референдуми орқали мамлакатимизнинг янги таҳрирдаги Конституция, ундаги янги нормаларнинг мазмун-моҳияти хусусида гапирилди. Эътироф этилдикки, янги таҳрирдаги Конституцияда инсон қадри – бош тамойил , “инсон – жамият – давлат” тизими асосий йўналиш сифатида белгиланди. Эътиборлиси, унда суд ҳокимияти, судьялар дахлсизлигини янада мустаҳкамловчи янги нормалар ўз аксини топган. Хусусан, Судьялар олий кенгаши судьялар ҳамжамиятининг мустақил органи экани Конституция даражасида мустаҳкамланди. Бинобарин, судьялар корпусини шакллантириш, судьяларнинг мустақиллиги ва дахлсизлигини таъминлаш, малакасини ошириш каби вазифаларни амалга ошириш Судьялар олий кенгаши фаолиятининг устувор йўналиши ҳисобланади. Бундан ташқари Судьялар олий кенгаши таркибини демократик тарзда шакллантиришга оид янги норма киритилди. Бундай тартиб нафақат Кенгаш аъзоларининг мустақил фаолият юритишини, балки бутун суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлашни кафолатлайди. Судьялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмаслигига оид янги Конституциявий норма ҳам судьяларнинг чинам мустақиллигини таъминловчи олий юридик кафолат ҳисобланади.
Тадбирнинг иккинчи қисмида китоб тақдимотига бағишланди. Маълкумки,Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан туркумида узоқ йиллар самарали фаолият юритган фахрий судьяларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида китоблар чоп этиб келинмоқда.
Конституция байрами арафасида “Ибрат мактаби” туркумида чоп этилаётган яна бир китоб нашрдан чиқди. Одиллик ва оддийлик саодати” номли мазкур китобда салкам чорак аср Конституциявий судда фаолият кўрсатган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист Бахтиёр Мирбобоевнинг осон кечмаган ҳаёт йўли қаламга олинган. Иштирокчилар китоб қаҳрамони ҳақида, у кишининг ўзига хос табиати, оғишмай риоя этадиган хос тартиблари, фидоий ҳуқуқшунос сифатида кўп хайрли ишларнинг бошида тургани ҳақида аниқ миоллар билан гапирди. Шогирдлари сўзга чиқди, бироқ вақт нуқта назаридан уларнинг ҳаммасига ҳам сўз беришнинг имкони бўлмади.
Конституцияда Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш – давлатнинг олий мажбурияти этиб белгиланди. Инсон ҳуқуқларини муҳофазаси, жамиятда ижтимоий адолатни таъминлаш эса судларнинг бирдан бир вазифасидир. Тадбир ниҳоясида зиммасидаги ўта масъулиятли ва шарафли вазифани намунали адо этган ҳолда суд тизимида узоқ йиллар самарали фаолият кўрсатган фахрийларига “Суд фахрийси” кўкрак нишони тантанали равишда топширилди.
Шунингдек, устозлар йўлидан оғишмай бориб, намунали фаолият кўрсатаётган бир гуруҳ судьялар, уларнинг мураббийлари ва ота-оналари Судьялар олий кенгашининг эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Судьялар олий кенгаши
матбуот хизмати