“Билмасвой” ким энди?
Аввал ваҳимали мусиқа, сўнг унинг садолари остида канал номи, хиёл ўтиб, гўёки хаёл уммонига ғарқ бўлиб ўтирган Фурқат Рузметов гавдаланади... Ажойиб тасвир, кўрса, кўргудек манзара! Муаллифга ҳам гап йўқ: маҳорати чаккимас, гаплариям яхши пьеса қаҳрамонининг монологига ўхшайди.
Бироқ оромкурсига (кресло) ўрнашиб ўтирган ҳолда ҳар бир сўзни чертиб-чертиб, оҳангига қўйиб-қўйиб гапираётган Ф. Рузметов – артист эмас, ҳуқуқшунос. Иккинчидан, у новелла ўқиётгани ҳам йўқ, балки Урганч туманлараро маъмурий суди судьясини “ур калтак-сур калтак” қилган ҳолда қонун устуворлигидан “амри маъруф” қилмоқда. Ора-сира суд ҳужжатлари устидан қизил чизиқлар тортиб, судьяни иншодан “икки” олган ўқувчига ўхшатиб қўймоқдаки, уни кўрган обуначилар хаёлига шундай фикр келиши тайин: бунақа “билмасвой” тизимда нима қилиб юрибди?
Аслида ҳолат жуда оддий, бироқ Ф. Рузметов масалани чуқурроқ ўрганмагани сабаб ўзини ўзи ноқулай аҳволга солиб қўяётганини билмаяпти, холос. Яъниким, унга кўра, Урганч туманлараро маъмурий судининг судьяси Б. Самиев ўтган йилнинг 14 март куни ўзи томонидан қабул қилган ҳал қилув қарори (мазкур ҳал қилув қарори апелляция инстанциясида ўзгаришсиз қолдирилган) қонуний кучда эканига қарамай, орадан бир йилдан кўпроқ вақт ўтгач, айнан унинг ўзи (шу маъмурий ишни) иш юритишни тугатиш ҳақида ажрим чиқарган?! Мазкур ажрим қонунийми, дея савол қўяркан, суд ва прокуратура органлари раҳбарларини унга (ажримга) ҳуқуқий баҳо беришга чақириб, мазкур иш “коррупция” эканига очиқдан-очиқ ишора ҳам қилади...
Қонунчиликдан сал-пал хабари бор одам масала моҳиятига бир деганда етади. Бунинг учун ижтимоий тармоқда ақлли, мулоҳазакор қиёфада кўринмоққа чираниш ҳам шарт эмас. Яъниким, ўзини ҳурмат қилган ҳуқуқшунос “шошма, бунақа ажрим чиқарадиган одам нонни қулоғидан ейдиган ёинки пойафзалини сувга отиб, “бор, қайиқ бўлиб сузгин Қора денгизда”, дейдиган бўлиши керак, бунақа тоифадагилар судда эмас, бошқа жойда бўлади, демак, бу ерда биз билмайдиган бир гап бор-ов”, дея сўраб-суриштиради ёки иш ҳужжатларини ўрганади. Ўрганиш жараёнида қонуний кучда бўлган ҳал қилув қарори янги очилган ҳолат бўйича қайта кўрилиб, бекор қилинганини (23.09 2023 й), шундан сўнг маъмурий иш умумий асосларда кўриб чиқилаётган пайтда аризачининг ўз талабидан воз кечгани сабаб иш юритишни тугатиш ҳақида ажрим чиқарилганини осонгина билади-қўяди. Ва ўзини ноқулай аҳволга тушишининг олдини олади.
Ф. Рузметовнинг ижтимоий тармоқ орқали чиқишида бунинг аксини кўриб турибмиз, таассуф.
Ижтимоий тармоқ орқали (одоб ва қонун доирасида) ҳар ким хоҳлаганидек чиқиш қилиши мумкин, албатта. Бироқ моҳият қолиб, шаклга зўр берган ҳолда суднинг “панжасига панжа уриш” муаллифга обрў келтирмайди. Икки ўртада жамоатчилик чалғигани қолади, холос. Қолаверса, ҳуқуқшунос даъвосидаги шахс бироз камтарроқ бўлганиям дурустмикан?!
Судьялар олий кенгаши
матбуот хизмати