Анъана давом этмоқда ёки Халқ ёзувчиси Муҳаммад Али “қарзи”ни узди
Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан Кенгаш ҳузуридаги Судьялар олий мактаби тингловчилари учун “Адолат ва маънавият” мавзуда маърифий тадбир ўтказиш яхши анъанага айланиб бормоқда. Таниқли адиб ва шоирлар иштирокида ўтказилаётган шундай тадбирларнинг бирида Ўзбекистон халқ ёзувчиси, давлат мукофоти соҳиби Муҳаммад Алининг иштироки кутилгани, бироқ фавқулодда ва хайрли сафар сабаб домла билан учрашув яқин келажакка қолдирилгани ва у кишининг ўрнини шогирдлари билдирмагани ҳақида аввалроқ ёзгандик.
Куни кеча атоқли ва ардоқли адибимиз Кенгаш ҳузуридаги Судьялар олий мактабига ташриф буюриб, “қарзи”ни узди. Домла бирга таниқли адабиётшунос олим Адҳамбек Алимбеков, ёзувчи Шойим Бўтаев ва шоир Хумоюн Акбаровнинг иштироки эса тадбир янада қизиқарли ўтишини таъминланди.
Алоҳида таъкид этилдики, давлатимиз раҳбари ҳақ гапини айтган: адолат ва маънавият – ўзаро чамбарчас боғлиқ тушунчалар, маънавият бўлмаган жойда ҳеч қачон адолат бўлмайди. Шунинг учун ҳам судьялар, юрист кадрларни тайёрлаш ва судьялик лавозимига тайинлашда бу масалага алоҳида эътибор қаратилмоқдаги, “Адолат ва маънавият” маърифий тадбири бу борада белгиланган чора-тадбирларнинг бири ҳисобланади.
Учрашувда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али китоб, маънавият ва адолат йўналишидаги қарашларини ўзи йиллар давомида тадқиқ қилган Амир Темур ва темурийлар даври билан боғлаб тушунтирди. Буюк боболаримизнинг тарихда адолатли ҳукмдор сифатида ном қолдирганининг ўзи уларнинг маънавий дунёси ҳам кенг бўлганига далолат қилади. Шунинг ўзи ҳукм ёки қарор чиқариш ваколатига эга касб эгаларидан профессионал салоҳиятдан ташқари маънавий-ахлоқий жиҳатдан ҳам намуна бўлиши шартлигини билдиради. Бадиий асар мутолааси шунинг учун ҳам керакки, қайси китобни қўлга олманг, унда ижтимоий ҳаётдаги муносабатлар бадиий шаклда ўз аксини топган бўлади. Судья бадииятни ҳис қилса, суддаги тарафларнинг руҳий кечинмаларини ҳам тушунади, ҳис этади, уларнинг ички дунёси ҳақида тасаввур ҳосил қила олади. Бу қонуний, адолатли ва асослиқ қарорлар қабул қилинишида муҳим аҳамият касб этиши аниқ.
Тадбирда сўз олган адабиётшунос Адҳамбек Алимбеков олим сифатида маънавиятнинг шахс фаолиятидаги ўрнини эсда қоларли мисоллар билан гапирди, мулоҳазага чорлайдиган фикрларни ўртада ташланди.
Шоир ва носир иштирокида тадбирда шеър ўқилиши, китоблар ҳадя этилиши учрашув безаги ҳисобланади. Бу галги “Адолат ва маънавият” тадбири ҳам бундан мустасно бўлмади.