Ўзбекистон Судьялар клубининг форуми бўлиб ўтмоқда. Биринчи кун
Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Ўзбекистон Судьялар клубининг онлайн форуми бошланди.
Форумнинг биринчи куни фуқаролик ишлари бўйича судларнинг судьялари иштирокида ўтди.
Таъкид этилдики, Ўзбекистон Судьялар клубининг электрон платформаси суд амалиётидаги муаммолар ва уларнинг ечими юзасидан ўзаро фикр алмашишда муҳим мулоқот майдонига айланиб улгурди. Бунда замонавий ахборот технологиялари имкониятларидан унумли фойдаланиш катта самара бермоқда. Судьялар клубининг асосий иш фаолияти унинг электрон платформаси ҳисобланиб, қайси судьяда иш юзасидан қандай савол туғилса, ўша заҳоти (электрон платформага) ёзиши мумкин. Масала онлайн муҳокама этилади. Айни жараёнда масалага ойдинлик киритилиши бир фойда бўлса, муҳокамада иштирок этган (ёки кузатаётган) бошқа судьялар учун тажриба мактабини ўташи - иккинчи фойдадир. Натижада буларнинг ҳаммаси суд қарорлари сифатини янада оширишга ҳамда суд амалиётини бирхиллаштиришга хизмат қилмоқда.
Хусусан, жорий йилда фуқаролик судлари йўналишида ушбу электрон мулоқот майдонида 3296 та мавзу юзасидан 131540 та фикр-мулоҳазалар билдирилди. . Уларда, битим, мулк, алимент, етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундиришга оид низоларни кўриб чиқишда юзага келаётган муаммолар ҳамда уларнинг ҳуқуқий ечимлари муҳокама қилиниб, бу борада Олий суд Пленуми қарори шаклида раҳбарий тушунтиришларга бўлган эҳтиёж ва қонунчиликни такомиллаштириш масалаларида таклифлар ўртага ташланган.
Тадбирда энг кўп муҳокама қилинган масаллар юзасида фикр алмашилди, суд амалиётини бирхиллаштириш бўйича тегишли тавсия ва тушунтиришлар берилди.
Эслатиб ўтамиз, ЎЗбекистон Судьялар клуби давлат раҳбарининг 2020 йил 7 декабрдаги “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижроси доирасида ташкил этилган бўлиб,моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаш бўйича тавсиявий характерга эга бўлган маслаҳатлар ҳамда судьяларнинг одоб-ахлоқ қоидаларини муайян вазиятларда қўлланилиши юзасидан сўровларига тушунтиришлар бериш ваколатига эга. Ўзбекистон Судьялар клуби бошқарувчиси ва масъул аъзолари тажрибали судьялардан иборат бўлиб, жамоатчилик асосида фаолият кўрсатади.
Келаси уч кунда шундай форум жиноят, иқтисодий ва маъмурий судлар судьялари учун ҳам алоҳида-алоҳида ўтказилади.