Ўзбекистон Судьялар клубининг форуми. Учинчи кун: ёш судьяларда фаоллик кузатилди

21 Декабрь 2023 21:45 781 Чоп этиш

 Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Ўзбекистон Судьялар клубининг онлайн форуми бўлиб ўтаётганидан хабарингиз бор.  Фуқаролик ва жиноят суди судьяларидан кейин, бугун, клубнинг иқтисодий суд судьялари жам бўлишди.

 Иқтисодий судлар судьялари томонидан йил давомида клуб электрон платформасида 2336 та мавзу муҳокама қилгани қайд этилди.  Бу ҳол бошқа йўналиш судларига қараган бироз камтарроқ кўриниши мумкин. Бироқ гап рақамларда эмас. Гап амалиётда учраётган жумбоқли ҳолатлар ва уларга тезроқ ҳуқуқий ечим топишда.  Қайд этилган рақам эса иқтисодий судлар амалиётида юзага келаётган жумбоқли масалаларга платформанинг ўзида ечим топилаётгани, бунда шу йўналишдаги клубнинг масъул аъзолари фаоллик кўрсатаётганини  илғаш қийин эмас.

Шунга қарамай иқтисодий судлар амалиётида давлат божи миқдорини белгилаш, ерга оид муносабатлар, қўшимча қиймат солиғини ундириш, мулкка доир иқтисодий низолар бўйича қарор қабул қилишда муайян мураккабликлар юзага  келаётгани алоҳида қайд этилди Бунинг сабаблари ўлароқ, айрим қонун ҳужжатларидаги номутаносибликлар, ҳуқуқий бўшлиқлар тилга олинди. Ечим сифатида эса айрим ҳуқуқий ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш, Олий суд пленуми қарори даражасида тушунтиришлар бериш юзасидан таклифлар ўртага ташланди.

 Ўзбекистон Судьялар клубининг иқтисодий судлар судьялари иштирокида ўтган бугунги форум кўп вақт олгани йўқ. Кўтарилган масалалар юзасидан қисқа, аниқ ва лўнда фикр ва тавсифлар айтилди. Тадбирда  лавозимига тайинланганига кўп бўлмаган судьялар фаол бўлгани ҳам эътиборга лойиқ. Бу табиий. Чунки,  судьялар мақом жиҳатдан бир хил бўлса-да, тажриба  барибир ўз сўзини айтиб келган. Ўқиб ўрганишдан ташқари сўраб, суриштириб билиш ҳеч қачон фойдадан холи бўлмаган.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech