Ўзбекистон Судьялар клуби форуми. Тўртинчи кун

22 Декабрь 2023 21:17 785 Чоп этиш

 Бугун Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Ўзбекистон Судьялар клуби  форуми ўз ишини якунлади. Форумнинг охирги иш куни маъмурий судлар судьялари иштирокида ўтди.

 Тасаввур шундай эдики, маъмурий судларда иш ҳажми фуқаролик, жиноят ёкинки иқтисодий судларга нисбатан камроқ, шу боис бугунги тадбир  кеча ва аввалгиларига қараганда тезроқ якунига етади.  Бироқ амалда бундай бўлмади, жонли мулоқот нақ икки ярим соат давом этди.  Бу бежиз эмас.

Маъмурий судлар нисбатан янги ҳуқуқий институт ҳисобланиб,  ўтказилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнида  ушбу суд фаолиятини янада такомиллаштириш и билан бирга ваколат доираси ҳам кенгайиб бормоқда. Бу эса янги ҳуқуқий ҳужжатлари қабул қилини баробарида мавжуд қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши тақазо этди.  Янги қонун ҳужжатларини амалиётга татбиқ этиш жараёнида муайян тушунтириш ва тавсиялар берилишига эҳтиёж туғилиши ўз-ўзидан маълум.

 Хусусан, кенг кўламли ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилишида давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш муҳим аҳамият касб этади. Бунда маъмурий судларнинг ўрни катта.

Тадбирда айтилдики, республика маъмурий судлари томонидан 2023 йил 9 ойида жами 12.202 та маъмурий низолар кўриб чиқилган бўлса, шунинг 3424 таси маҳаллий ҳокимликлар, 1845 таси солиқ, 1398 таси кадастр органлари, 2614 таси иқтисодиёт ва молия вазирлиги органлари жавобгарлигидаги ишларни ташкил этади. Ўзбекистон Судьялар клубининг электрон платформасида  маъмурий судлар амалиётида учраётган муаммолар ва уларнинг ечимлари муҳокама қилинган 1174 та мавзу ҳам шунга монанд: уларнинг аксариятида  маҳаллий ҳокимлик, солиқ органлари мансабдорларнинг хатти-ҳаракатлари (ҳаркатсизлиги), ерга оид муносабатлар, мулкни давлат рўйхатидан ўтказишга оид низоларни кўриб чиқишнинг ўзига хос қирралари, айрим ҳуқуқий бўшлиқлар ва  қонунлардаги номутаносибликлар ҳақида сўз юритилган.  

Шундан келиб чиқиб, электрон платформада муҳокама қилинган масалалар умумлаштирилиб, қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, Олий суд Раёсати ёки Пленуми қарори шаклида раҳбарий тушунтиришларга бўлган  талаб ва эҳтиёж зарурияти кенгроқ доирада муҳокама қилишга келишиб олинди.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech