Олий суднинг тежамкор судьясига ташаккурнома келди...

3 Январь 2024 20:03 4041 Чоп этиш

Бунақа одат ҳаммадаям йўқ. Шу боис, дастлаб, Олий суд судьяси Зафаржон Файзиевга ишхонадаги айримлар ажабланишди, бор-бора кўникди, ўрганди, ҳатто такрорлайдиган бўлди.

Зафаржон Файзиевнинг хос одати шуки, уйдами ё ишдами – фарқи йўқ, беҳуда ёниб турган чироқлар ўчириб юради. Эрталаб ишхонага кираркан, илгари тез-тез, эндиликда баъзан-баъзан, ишни фаррошлар унутиб қолдирган ёритиш мосламаларини ўчиришдан бошлайди. Сўнг навбат йўлаклардаги (зарурият бўлмаса-да) порлаб турган чироқларга келади. Қўшни хонага чиқса ёки суд залига тушса, наинки ўзининг, балки (ўзи билан бир ҳайъатда бўлган) ҳамкасблари хонаси чироқларини ҳам ўчириб қўяди! Шунинг учун З. Файзиевнинг хонасидаги чироқ ўчиқлиги унинг ишда эмаслигини англатмайди: ё раҳбарият қабулида, ё суд мажлиси ёкинки бошқа бирор юмуш билан шу атрофда юрган бўлади.

Фаолиятини ҳайдовчиликдан бошлагани учунми ёки Самарқанднинг олис-яқин туманларида яшаб-ишлаб, “бир қатим нур” қадрини ич-ичдан ҳис этганиданми, ишқилиб, Олий суд судьялигига сайланганидан (2018 йил) бери канда қилмайдиган шу одати тилдан-тилга ўтириб, Энергетика вазирлигига етиб борди.

Энергетиклар дарҳол ҳисоб-китобини чиқарибди. Олий маҳкамадаги ҳар бир ЛEД-панель 80 ватт қувватга тенг бўлиб, 1 соатда 0,08 кВт·соат электр энергияси сарфлайди. Бу соатига 80 сўм деганидир. Ишхонасининг ҳар бир қавати йўлагида ўртача 26 та панель бир суткада 50 минг сўм «ёзиши» мумкин. З. Файзиевнинг бевақат ёниб турган панелларни ўчириб юриши билан бир ойда (22 иш кунида) 1 миллион 100 минг сўм, бир йилда эса, тахминан 13 миллион 200 минг сўмни тежалишига сабабчи бўлаётган экан. (Бу фақатгина иккита қаватнинг йўлакларидаги ёритиш панелларини ўчириб юриши ҳисобига !). Бу рақам беш йилга зарб этилса, 66 миллион сўмни ташкил этади.

Энергия тежамкорлиги дегани шу.

Ҳамма шундай тежамкор бўлса, умумий манзарани тасаввур қилиш қийинмас. Олий суд судьяси З. Файзиев буни амалда намуна тариқасида кўрсатиб қўйдики, Энергетика вазирлигидан махсус вакил келиб, самимий ташаккур айтиб кетиши мутлақо табиий.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech