“Пана”даги адвокатга раддия
“Тelegram” мессенжеридаги “Bastion” номи билан юритилувчи аноним каналда аноним адвокат чиқиш қилибди. Унда куни кеча Судьялар олий кенгаши қарори билан “Ибратли судья” мукофоти билан тақдирланган жиноят ишлари бўйича Жалақудуқ туман суди раиси Зарифжон Раҳимовнинг шаъни ва фаолиятига нисбатан одоб ва ахлоқ чегарасидан чиққан ҳолда асоссиз эътирозлар билдирилади.
Муаллиф “Ибратли судья” мукофотини Судьялар олий кенгаши эмас, балки халқ бериши керак, дея иддаоларини бошлар экан, З. Раҳимовни (унинг раислигида мазмунан кўриб чиқилган иккита жиноят иши мисолида) бундай эътирофга муносиб эмаслигини исботламоқчи бўлади, гўё.
Аввал мукофот ҳақида.
Давлат раҳбарининг 2020 йил 7 декабрдаги «Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида судьяларнинг одил судловни амалга оширишдаги фаолиятини рағбатлантириш мақсадида «Ибратли судья» мукофоти билан тақдирлаш белгиланган. Шу асосда, мана, уч йилдирки, алоҳида ўрнак ва намуна кўрсатиб меҳнат қилаётган судьялар ҳақли равишда ушбу мукофот билан тақдирланиб келинмоқда.
Юқоридаги фармон ижроси доирасида Кенгаш томонидан судьялар фаолияти самарадорлигини очиқ ва шаффоф баҳолаш бўйича миллий электрон рейтинг баҳолаш дастури ишга туширилган. Ушбу тизим жорий этилиши инсон омилини кескин чеклаш баробарида судьялар фаолиятини очиқ, шаффоф ва энг муҳими, холис баҳолаш имкониятини яратди. “Ибратли судья” мукофоти билан эса мазкур тизим асосида энг юқори рейтинг кўрсатгичларига эга судьялар тақдирланмоқда.
Демак, “Ибратли судья” мукофоти Судьялар олий кенгашининг коллегиал қабул қилинган қарори асосида берилишида ҳам, мукофот эгалари судьялар фаолияти самарадорлигини очиқ ва шаффоф баҳолаш бўйича миллий электрон рейтинг баҳолаш дастури натижаларига кўра аниқланишида ҳам ҳеч қандай шубҳага асос йўқ.
Рейтинг кўрсатгичлари судья томонидан қабул қилинган суд қарорлари сифати, иш ҳажми, Судьялар одоби кодекси қоидаларига риоя этиши, фаоллиги, ташаббускорлиги каби мезонлар асосида белгиланади, бундай “тилсиз” дастурга таъсир ўтказишнинг ҳам имконияти йўқ.
2023 йил якунига кўра, 80 нафардан кўп номзодлар муҳокама қилиниб, уларнинг 15 нафари “Ибратли судья” мукофотига лойиқ топилди, жиноят ишлари бўйича Жалақудуқ туман суди раиси Зарифжон Раҳимов уларнинг биттаси.
“Номаълум” адвокат иддао қилган З. Раҳимов раислигида кўриб чиқилган иккита “иш”га келсак, уларнинг бири қонуний кучда, иккинчиси Андижон вилоят судининг апелляция инстанциясида кўриб чиқилмоқда. Муаллиф айнан апелляция инстанциясида кўрилаётган ишга алоҳида урғу бериши замирида судга таъсир ўтказишга уриниш аломатлари кўринади. Бундан ташқари унинг чиқишида маҳаллийчилик иллатини ҳам илғаш қийин эмас. Буларнинг бири қонунга зид бўлса, иккинчиси – ахлоққа тескаридир. Демак, мавжуд ҳолат "номаълум" адвокатнинг шахсига аниқлик киритиш ва хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беришни тақазо этади.
Судьялар олий кенгаши
матбуот хизмати