Пойтахт судлари ва Кенгаш: яхши ташаббуснинг фаол қўллови
Тошкент шаҳар судлари ташаббуси Судьялар олий кенгаши томонидан фаол қўлланиши натижасида яхши тадбир бўлиб ўтди. Давра суҳбати шаклида ўтган тадбирда суд тизимидаги ислоҳотлар, мазкур тизим ва оммавий ахборот воситалари ҳамкорлиги, бу борадаги юзага келаётган муаммо ва уларнинг ечимлари хусусида фикр алмашилди. Мавзудан келиб чиқилса, тадбирда пойтахт судлари мутасаддилари ва оммавий ахборот воситалари ходимларигина иштирок этгани тасаввурга келади. Бироқ давра кенгроқ олиниб, унга адвокат-блогерлар, ҳуқуқ фаоллари ҳам таклиф этилдики, Судьялар олий мактабининг катта мажлислар зали деярли тўлиб, жонли мулоқот қисқа танаффус билан салкам уч соат давом этди.
Қайд этилдики, мамлакатимизнинг барча жабҳалари қатори суд тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларда очиқлик ва шаффофлик устувор йўналишга айланди. Чунки, мазкур тамойиллар судларга бўлган ишончни таъминловчи асосий омил ҳисобланади. Бундан ташқари судлар фаолияти самарадорлиги жамиятнинг унга бўлган ишончига ва суд қарорларининг ҳуқуқий асосларини тўғри тушунишига ҳам боғлиқ. Бу эса суд ишлари оммавий ахборот воситалари профессионал даражада ёритилишини тақазо этадики, шу нуқтаи назардан суд идоралари ва журналистларнинг конструктив ҳамкорлиги бугунги кун заруриятига айланган, дейиш мумкин.
Давра суҳбатида судлар фаолиятига оид ғиж-ғиж рақамлар тилга олинмади ҳисоб, узундан-узоқ маърузалар ҳам қилинмади. Расмиятчиликдан анча нари ўтган тадбирда судлар фаолиятига аралашувлардан тортиб, суд ишларини кўришда жорий этилган янги тартиблар, оммавий ахборот воситаларда асосан жиноят ишлари бўйича судлар фаолияти кўпроқ ёритилаётгани-ю иқтисодий, фуқаролик ва маъмурий судларда фаолиятига ҳам кенгроқ ўрин бериш лозимлиги, судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлашда юзага келаётган айрим тушунмовчиликлар ва уларнинг ечимлари борасида мантиқли мулоҳазалар айтилиб, ўринли таклифлар ўртага ташланди.
Ижтимоий адолат барқарорлиги жамиятда ҳуқуқий маданият қанчалар шаклланганига ҳам боғлиқ, бу эса ҳуқуқий тарғибот ишлари самарадорлигини янада оширишни талаб қилади. Шундан келиб чиққан ҳолда ҳуқуқий тарғибот ишларини оммавий ахборот воситаларисиз самарали амалга оширишнинг деярли иложи йўқлиги эътироф этилиб, айни масала ҳамкорликнинг муҳим йўналишига айланиши ҳам алоҳида қайд этилди.