Тошкентда икки кунлик халқаро семинар ўз ишини бошлади

30 Январь 2024 19:30 540 Чоп этиш

Судьялар олий кенгаши ва  «Минтақавий мулоқот» (Словения) нодавлат  халқаро ташкилотининг Ўзбекистондаги филиали ҳамкорлигида “Шахсга нисбатан эҳтиёт чора қўллаш асослари: хориж тажрибалари” мавзуида икки кунлик халқаро семинар бошланди. Унда АҚШ, Словения давлатлари суд тизими вакиллари, халқаро экспертлар, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган жиноят ишлари бўйича судлар судьялари, шунингдек, Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги  Судьялар олий мактабининг тингловчилари иштирок этмоқда.

Мамлакатимизда барча соҳалари қатори  суд тизимида  кенг ислоҳотлар  амалга ошириб келинмоқда. Бунинг натижасида судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, танлаш ва тайинлашдан тортиб, судлар ихтисослашуви, судларда ишлар кўрилиши тартибларигача такомиллаштирилди, қатор янгиликлар жорий этилди. Бунинг ижобий натижалар ҳам ҳақли равишда эътироф қилинмоқда.

Маълумки, давлатимиз раҳбари томонидан 2023 йил 11 сентябрда қабул қилинган  «Ўзбекистон — 2030» стратегияси тўғрисида»ги фармонида 2024 йил якунига қадар тезкор-қидирув ва тергов ҳаракатларига санкция бериш масаласини алоҳида судьялар, яъни тергов судьялари томонидан кўриб чиқиш тартиби жорий этилиш белгиланди. Мазкур тартиб инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини янада самарали ҳимоя қилишига хизмат қилади.

Албатта,  ҳар қандай янгилик, янги тартиб, янги амалиётлар илғор хориж давлатлари тажрибасини ўрганишни тақазо қилади.

Халқаро тадбирда шахсга нисбатан судгача эҳтиёт чоралари қўллаш бўйича АҚШ ва Словения давлатларининг тажрибалари билан яқиндан танишилмоқда. Жонли мулоқот шаклида ўтаётган тадбирда АҚШ ва Европа қонунчилигидаги судгача гумондорнинг эркинликларини чеклаш, унга нисбатан эҳтиёт чоралари қўллашга оид нормалар, мазкур жараённинг ўзига хос қирралари ва хусусиятлари бўйича фикр алмашилмоқда.  

Семинар эртага ўз ишини якунлайди.

 Судьялар олий кенгаши

матбуот хизмати

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech