Таъна, шаъма тушунарли, муддао нима?!

1 Февраль 2024 19:36 1460 Чоп этиш

 Бир-икки кундан буён серқирра (собиқ журналист, ҳаваскор вайнер, блогер, фаолият бошлаганига унча кўп бўлмаган адвокат) Б. Аҳмедов ижтимоий тармоқ орқали Наманган вилояти судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайътида кўрилаётган суд иши мисолида судларда жорий этилган янги тартибларга эътироз билдириб келмоқда.

Баҳслашиш бефойда, зеро, муаллиф “ҳазм қилолмаётган” тартиблар қонун билан жорий этилган, муаллиф фикрини ҳурмат қилган ҳолда айтиш мумкинки, қонунлар то кучда экан,  ҳеч қандай “дийдиё”ни кўтармайди, унга риоя этиш шарт.

Бугун яна мавзуга қайтган муаллиф судлов таркибига берган раддияси қаноатлантирилмаганини писанда билан таъкид этиб, Судьялар олий кенгашидан муносабат сўрабди (?!).

Б. Аҳмедовнинг тажрибасизлиги шундан ҳам кўринадики, Кенгаш судьяларнинг процессуал ҳаракатига баҳо бермайди, унинг раддияси қаноатлантирилмагани айнан шундай (процессуал) ҳаракат ҳисобланади. Агар судлов ҳайъати судьялари “Судьялар одоби кодекси” қоидаларига зид ҳаракат қилган бўлса, бошқа гап: шикоятлар бўлса, тегишли тартибда кўриб чиқилади.

Масаланинг  бошқа томони ҳам томони бор.

 Б. Аҳмедов ижтимоий тармоқ орқали чиқишларида бот-бот Кенгаш матбуот котибини гоҳ пинҳона, гоҳ ошкора тилга олишни, неча йиллар аввалги мақолаларидан иқтибослар келтиришни канда қилмаётир: муддаоси нима – ўзига ҳавола.

Коса тагида нимкоса қабилида “устозим” дейишининг ҳам ёмон жойи йўқдир балки?!  Аммо унинг ўринсиз  “лутфлари” турли асоссиз, хусусан, муаллиф устози Кенгашда ишлашини билвосита бежиз таъкидлаётгани йўқ, шундай усул билан “устоз-шогирд” суд ишига таъсир ўтказишга уринаётган кўринади, деган янглиш тасаввурлар ҳам пайдо қилмоқда.

Муаллиф Кенгаш вакилига нисбатан шахсий муносабатини оммавий тарзда билдириши натижасида юзага келган вазият - унга айнан шундай (оммавий) изоҳ беришни тақозо қилмоқда, бунинг учун ўқувчилардан узримиз бор. 

Изоҳ эса қуйидагича: самимий ё носамимийлигидан қатъи назар,  лутф (“устоз”?) учун ташаккур. Бироқ илгари на бўлғуси журналист, кейинроқ на бўлғуси адвокат сифатида муаллиф “устоз!” деб, пешимиздан тутмаган, ўз навбатида биз ҳам уни “шогирд!”, дея  оғзига туфлаган жойимиз йўқ.

 Ушбу сўзлар масъулияти зиммамизда, имзо:

 Турсунали Акбаров,

Судьялар олий кенгаши матбуот котиби

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech