РАСМИЙ МУНОСАБАТ

7 Февраль 2024 10:08 393 Чоп этиш

Судьялар олий кенгашининг “Femida Trust” адвокатлик фирмаси адвокати У.Мусаев устидан Адвокатлар палатаси ҳузуридаги Олий малака комиссиясига мурожаати ижтимоий тармоқлардаги қатор каналларда турлича талқинлар билан муҳокама қилинмоқда.

2023 йил давомида адвокат У.Мусаев томонидан Кенгашга ўндан зиёд мурожаатлар келиб тушган. Адвокатнинг барча мурожаатлари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 197/1-моддаси (Адвокатнинг профессионал фаолиятига тўсқинлик қилиш) билан тақдим қилинган аризалари судларда кўриб чиқилиши билан боғлиқ бўлиб, уларнинг ҳаммасига қонуний муддат ва тартибда жавоб берилган.

Шу ўринда алоҳида қайд этиш шарт, адвокат У. Мусаевнинг мурожаатлари асосида судьяларга нисбатан хизмат текширувлари ўтказилиб, интизомий жазо чоралари ҳам қўлланилган.

Бироқ, адвокат У.Мусаевнинг Кенгашга юборган адвокатлик сўровномаларида унинг аризаси юзасидан айрим судьяларга нисбатан хизмат текшируви ўтказилган ёки ўтказилмаганлигидан ташқари Кенгаш томонидан бу борада амалга оширилган чора-тадбирлар ва уларнинг натижалари ҳақида ҳам маълумот бериш сўралган. Ҳатто бир сўровномада Кенгаш мансабдор шахсларининг шахсига оид барча маълумотлари (туғилган санаси, фуқаролиги, туғилган ва яшаш жойлари, жинси, соғлиги, маълумоти, миллатидан то фарзандлари сонигача!) тақдим этиш сўралган.

Ўзбекистон Республикаси “Адвокатура тўғрисида”ги Қонунининг 7/1-моддасида адвокат сўровини юбориш тартиби белгиланган бўлиб, унга кўра, адвокат томонидан малакали юридик ёрдам кўрсатилиши учун зарур бўлган маълумотномалар, тавсифномалар ва бошқа ҳужжатларни тақдим этиш юзасидан адвокат сўрови юборилади.

Судьяга нисбатан ўтказилган хизмат текшируви, Судьялар олий кенгаши томонидан амалга оширилган чора-тадбирлар ва уларнинг натижалари, ёки, Кенгаш аъзоларининг шахсига оид маълумотлар малакали юридик ёрдам кўрсатиш учун зарур бўлган ахборот ҳисобланмайди.

Адвокат У.Мусаевга бу ҳақда тушунтирилиб, жавоб хатлари берилган бўлса-да, шу мазмунда адвокатлик сўровлари юбориш ҳолатлари давом этгани, унинг бундай хатти-ҳаракати малакали юридик ёрдам кўрсатиш ваколати доирасидан четга чиқиш эҳтимолини юзага келтиргани боис Кенгаш томонидан Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ҳузуридаги Олий малака комиссиясига мурожаат  киритилган.

Юқоридаги баёнлардан кўриниб турибдики, Судьялар олий кенгаши томонидан адвокатга нисбатан ҳеч қандай шаклда босим қилингани йўқ, аксинча, адвокатдан қонун талабларига риоя этиш сўралмоқда.

Судьялар олий кенгаши

матбуот хизмати

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech