Судьялик: лаёқат, масъулият ва ҳалоллик

7 Февраль 2024 14:15 920 Чоп этиш

  “Адл айлаки, ул халқ ҳаёти бўлмиш, Хуш ул кишиким, адл сифати бўлмиш”, дейдилар ҳазрат Алишер Навоий. Яъни,  адолатли бўлгин, чунки ижтимоий ҳаётнинг бош мезони шу, зотан, инсон айни шу сифати (адолатли одил, холис) сифати билан гўзал, ҳисобланади. Ҳазрат бу билан барча инсонларни адолатли бўлмоққа даъват этаётани тушунарли. Бироқ ушбу мисра биринчи навбатда судьяларга тааллуқлидир. Негаки, судьянинг фаолиятига у қанчалар адолатли эканидан келиб чиқиб баҳо берилади, бундан бошқа мезон йўқ. Зотан, ҳаётнинг бош маъноси, тараққиётнинг таянч нуқтаси адолат ҳисобланади.

  “Ҳукми элнинг моли ва жонига тааллуқли экан, қозининг шиори  тўғрилик ва адолат бўлмоғи лозим.”, дея таъкидлайди Навоий ҳазратлари “Маҳбуб ул-қулуб” асарида. Сўнг давом этадики: “Қозининг кўнгли дин илми билан тўла, дунёвий билимлардан хотири хабардор бўлиши керак. Хамирида (табиатида) шахсий манфаатга майл бўлмаслиги, соф кўнгли иккиюзламачилик иллатидан холи бўлиши лозим. ... у ҳукм вақтида ошнога ҳам, бегонага ҳам бир савияда қарамоғи лозим”. Бунинг учун эса Давлатимиз раҳбари қайд этганларидек: “Судьянинг онгида – адолат, тилида-ҳақиқат, дилида-поклик бўлиши керак”.

Бундай талабга жавоб бериш учун судьянинг масъулият ва салоҳияти ўта юқори ҳамда шахс сифатида ҳалол-пок, сабр-қаноатли, илмли, сипо (ҳилмли), тавозули, ҳамиятли, раҳм-саҳоватли, иффатли, виқорли бўлиши лозим.  Бундай фазилатларга эга инсон биринчи навбатда ўзига нисбатан адолатли бўлади. Ва, табиийки ўзига нисбатан адолатли  бўлган  шахс ҳеч қачон бошқаларга нисбатан адолатсизлик қилмайди.

 Ҳалоллик-поклик, сабр-қаноат инсоннинг энг асосий фазилатларидан ҳисобланади. Айни фазилат ростгўйлик, мажбуриятга содиқлик, қилаётган иши тўғри эканлигига қатъий ишонч,  бошқаларга ва ўзига нисбатан самимийлик каби ахлоқий сифатларни ҳам ўз ичига олади.

Ҳалоллик  фазилати инсоннинг қалби поклиги ва маънавий дунёқариши етуклиги билан  боғлиқдир. Ҳалоллик судьянинг ўзига юклатилган вазифага ҳамда одамлар тақдирига бўлган муносабатида кўринади. Судья умри ва эгаллаб турган амалининг ўткинчилигини унутмаслиги,  ўз виждони олдида ҳисоб бериб боришни ўрганиши керак.

Судьянинг сабр-қаноатли бўлиши ҳам унинг халоллик фазилатига киради ва унинг барча масалаларга сабр-тоқатлилик билан муносабатда бўлишини; қаноатли бўлиши деганда эса ўзида борига, ойлик маошига қаноат қилиб яшаши, ҳалол ризқ билан ризқланиши, емоқ-ичмоқ ва кийинишда зарурият даражасидан ўзгасини ўзига эп кўрмаслиги демакдир.

 Сабр-қаноатли бўлиш учун судья кучли идора соҳиби бўлиши  керак. Чунки, иродасиз кишида, турли майллар ва бошқаларнинг фикрига кўр-кўрона берилишга мойиллик бўлади.  Қолаверса, холислик кучли иродага таянади. Зеро, судья ишни кўришда холис бўлиши, у ёки бу қарорни қабул қилишда шахсий адоватига берилиши ёинки бирон-бир манфаатни назарда тутиши асло мумкин эмас.  Акс ҳолда, қонунийлик ва адолат бузилишига олиб келади. Инсонларнинг судга, адолатга бўлган ишончига путур етади.  

 Судьянинг илмли бўлиши деганда унинг бевосита судьялик вазифасини амалда бажаришида талаб этиладиган ҳуқуқий билимлар, шунингдек дунёвий билим ҳамда тажрибани тушуниш лозим. Зеро, судьянинг биргина қонунларни мукаммал билишининг ўзи етарли эмас, гап судьянинг ўз ички туйғу, маънавий дунёқарашидан келиб чиқиб, қонунларни қандай қўллашида ҳамдир. Шунга кўра, судья ўз билимини, соғлом фикр ва ақлий салоҳиятини ошириб бориш, қонунларни мукаммал билиш билан бир вақтда уни тўғри қўлай билиш бўйича амалий кўникма-тажриба орттириб бориши бўйича доимий ўқиб-изланиши шарт.  

Судья ўзига юклатилган вазифанинг улкан масъулиятини хис этган ҳолда ўзининг маънавий дунёқарашини тўғри шалкллантириш учун ўз маънавиятини бойитиш, яъни кундан-кун руҳан покланиш, маънавий юксалиш ҳамда виждон ва иродани тоблаш, иймон-эътиқодни бутлаш, бир сўз билан айтганда комилликка эришиш борасида ҳам доимий ишлаши талаб этилади.

Судьяда мавжуд бўлиши лозим фазилатлардан яна бири сиполик (ҳилм) бўлиб, бу ҳар қандай ҳолатда ҳам оғир-вазмин, босиқлик ва мулойимлик билан масалага ёндашувни талаб қилади. Унинг тавозуъли, яъни - камтар бўлиш, ўзидан  каттага – ҳурмат, кичикка – иззат билан муносабатда бўлиб, ҳаргиз ўзини бошқалардан устун тутмаслик, демакдир. Тўрт нарса инсонга хорлик келтиради, дейилади муқаддас манбаларда, булар: бадфеъллик, бадқовоқлик,  такаббурлик ва дилозорлик...

  Судьянинг ҳамиятли бўлиши – унинг ўзини тарбиялаб вояга етказган ва ваколат берган халқи, шунингдек ўзга миллатларнинг урф-одат ва анъаналари ҳамда жамият қонун-қоидаларига ҳурмат билан муносабатда бўлишида, шунингдек, оиласи ва яқинларига бўлган муносабати ва садоқатида ифодаланади. Кишининг яқинларига бўлган муҳаббати – ватанига бўлган муҳаббатини ҳам ифодалайди. Судья фидоий, элпарвар ва ватанпарвар бўлиши лозим.

Раҳим-саховат деганда  судьянинг қонунларни инсон манфаати нуқтаи назаридан қўллашини, жазо муқаррарлигини таъминлаш билан бир вақтда қонунда назарда тутилган енгилликларни холис қўллашини, жазонинг қилмишга нисбатан оғир бўлмаслигини тушуниш лозим.  Суд қарорлари қонуний бўлиши билан бирга асосли ва адолатли бўлиши шарт экани талаби ҳам шунда.

Судьядаги иффат биринчи навбатда юриш-туриши, муомала ва кийинишида кўринади. Судья  умум эътироф этилган одоб доирасидан четга чиқмаслиги, ўз нафсини ақлан бошқариши ҳамда уят ва енгилтаклик туюлган ҳар қандай иш ва ҳаракатлардан ўзини тийиши лозим. 

Керагидан ортиқ ҳою-ҳавасга берилмаслик, кийиниш ва уй-жой, мол-мулк орттиришда меъёрларга риоя этиш, ўзини кўз-кўзламаслик ҳам судьянинг иффатидан далолат беради.  

 Виқорли бўлиш – судьянинг ўзига ишончи бўлиши, шошма-шошарликка йўл қўймаслиги ва виқорли бўлиш орқали бошқаларнинг ишонч ва ҳурматига эришиши ҳамда ўз вазифа ва бурчларини талаб даражасида амалга ошириш воситаси деб тушунмоқ лозим.   

Судьянинг адолатли бўлиши - унинг ҳаммани тенг кўриши, ишдаги тарафларга бир хил муносабатда бўлиши, ишнинг ҳақиқий ҳолатини аниқлай олиши ҳамда ҳар қандай ҳолатда масалага холис, қонуний ҳуқуқий баҳо бера билиши ва масалага нисбатан ечими, яъни қабул қилган қарорининг нечоғлиқ тўғрилиги билан баҳоланади. 

Судьянинг ҳар қандай харакати, қарори қонунга асосланган ва адолатли бўлиши шарт.

Хулоса ўрнида айтсак,  Цицерон таъкид этганидек, ҳалол одам ҳакамлик курсисига ўтирар экан, у шахсий майилларини унутади. Чунки, ҳакам – гапираётган қонун, қонун эса тилсиз ҳакамдир.  Ҳақ гап. Демак, илгари ҳам айтганимиздек, судья ҳар бир ишга юксак масъулият билан ёндошиши, керак бўлса, ўзини судланувчи, жабрланувчи ёки жавобгар ёинки  маъмурий ҳуқуқбузарликда айбланаётган шахс ўрнига қўйиб кўриши лозим. Шундагина йўл қўйилиши мумкин бўлган хатоликлар олди олинади. Қисқаси, давлат раҳбари  тўғри таъкид этганидек, танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик бугунги кунда давлат бошқаруви органларида фаолият кўрсатаётган барча инсонлар қатори судьялар фаолиятининг ҳам кундалик қоидаси бўлиб қолиши зарур.

 Холмўмин Ёдгоров,

Ўзбекистон Республикаси

 Судьялар  олий кенгаши раиси

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech