Аёл судьялар форуми бўлиб ўтди

9 Февраль 2024 20:59 861 Чоп этиш

Бугун “Ҳуқуқ устуворлигини таъминлашда аёл судьяларнинг иштироки” мавзусида мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган аёл судьяларнинг форуми бўлиб ўтди. Бундай тадбир халқаро хотин-қизлар куни арафасида ўтказилар ва бу байрам тантаналарига уланиб кетарди.  Бу гал анъанадан бироз чекинилдики, аёл судьялар анчадан бери йиғилишиб-кенгашиб олмаганди, шунга имконият яратилди.

Шу маънода бугун ўтган тадбирни тобора яқинлашаётган Хотин-қизлар куни тантаналари дебочаси дейиш мумкин.

Пойтахт ва Тошкент вилояти судларида фаолият кўрсатаётган аёл судьялар бевосита, вилоятдагилар масофадан иштирок этган тадбир икки қисмдан иборат бўлди.  Биринчи қисмида  аёл судьяларнинг ўзлари мавзу бўйича ўзаро фикр алмашди.

Айтилдики, судьялар ҳамжамиятида аёл судьяларнинг ўрни ва мавқе тобора ошиб бормоқда. Кейинги уч йилда тизимда хотин-қизларнинг улуши сезиларли даражада ортиб, 197 нафарга етди, бу барча судьяларнинг 14,1 фоизини ташкил этади. Жорий ўқув йилида Кенгаш ҳузуридаги Судьялар олий мактабида 41 нафар хотин-қизлар таҳсил олмоқда. Улар таҳсилни муваффақиятли якунлагач, судьялик лавозимига тайинлашга оид очиқ танловлардан ёруғ юз билан ўтиб, судьялар ҳамжамияти вакилаларига айланишидан умид катта.

 Ўтган йили Кенгаш “Гендер тенглик фаоли” миллий танловининг “Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол республика даражасидаги давлат органи (ташкилоти)” йўналиши  ғолиби деб топилгани, уч нафар аёл судьямиз Марокаш давлатида бўлиб ўтган Халқаро аёл судьялар ассоциациясининг XVI конференцияда ушбу халқаро тузилма аъзолигига қабул қилингани тизимда гендер тенгликни таъминлаш борасида амалга ошираётган ишларнинг натижасидир.

Ютуқ ўзимизни. Олдинда қиладиган ишлари ҳам етарли. Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясининг мақсадли кўрсаткичларига кўра, судьялар орасида хотин-қизлар улушини 2025 йилда 20 фоизга, 2030 йилда 30 фоизга етказиш назарда тутилган.  Демак, хотин-қизларни судьялик лавозимга тайёрлаш, танлаш ва тайинлаш борасидаги ишлар самарадорлигини янада ошириш  вазифаси долзарблигини йўқотгани йўқ. Чунки, ҳуқуқ устуворлигини таъминлаш, айниқса, одам савдоси, хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш, бу борадаги қонунийликни таъминлашда аёл судьяларнинг ўрни ва иштироки муҳимлиги инкор этиб бўлмас ҳақиқатдир.

Маълумки, уч йилдан бери рейтинг кўрсатгичлари юқори ва намунали фаолият кўрсатиб келаётган судьялар “Ибратли судья” мукофоти билан тақдирланиб келмоқда. Ўтган вақт мобайнида 50 нафар судья мазкур мукофотга муносиб кўрилган бўлса, уларнинг 6 нафари аёл судьялардир. Тизимда  аёл судьялар сони ортиб бориши билан бир қаторда “Ибратли судья” мукофоти соҳибалари сони ҳам кўпайиб бориши керак, бунинг учун иш сафтидани янада ошириш ва бошқа мезонлар бўйича ҳам намуна кўрсатиш талаб этилади.

Шунингдек, тадбирда  аёл судьяларнинг ижобий имиждини янада шакллантириш, бунда оммавий ахборот воситалари билан фаол ҳамкорлик масалалари эътибор марказида бўлди.

Форумда мавзу юзасидан фикрлар ўртага ташланди, мулоҳазалар айтилди, таклифлар билдирилдики, улар умумлаштирилиб, режа шаклига келтириш ва тақдим этишга келишиб олинди.

Тадбирнинг икккинчи қисмида Кенгаш мутасаддилари иштирок этди. Ортиқча маъруза қилингани йўқ, аксинча, кўрсатгичлари юқори аёл судьяларнинг меҳнати эътироф этилди. Бунинг амалдаги ифодаси ўлароқ, уларнинг ота-оналарига Кенгаш ташаккурномаси, ўзларига  эсдалик совғалари топширилди.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech