Икки омил жамланган тадбир: фахрийларга эътибор, ёш авлодга мотивация

13 Февраль 2024 18:52 621 Чоп этиш

Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган юрист, “Суд фахрийси” кўкрак нишони соҳиби Парахат Айтниязов илк сабоқ олган даргоҳи – Амударё туманидаги 3-ўрта мактабга ташриф буюрди. Унга Судьялар олий кенгаши мутасаддилари, Қорақалпоғистон судлари судьялари, давлат ва жамоат арбоблари ҳамда фахрий ҳамроҳлик қилди.

Инсон қандай мавқе ва даражага эришмасин, бунда Устозларнинг  хизмати катта. Шу боис ҳар бир инсон муваффақиятлари учун  устозлардан доимо миннатдор эканини билиши ва билдириб туриши ҳам керак. Оз эмас, нақ 56 йил аввал ушбу мактабдан катта ҳаёт йўлига  кузатилган  Парахат Айтниязовнинг нияти ҳам шу эдики, шунга монанд кутиб олинди.

Шу тариқа тадбирда икки омил жамланди: бунда мактаб жамоаси ва ўқувчиларининг фахрий ҳурмат-эътибори, инсон қадри яққол акс этса, иккинчи томондан, фахрийнинг ҳаёт йўли ёшларга ибрат, уларнинг келажак ҳаётига қўшимча мотивация (мақсад сари етакловчи восита) вазифасини ўтайди.

Паразат Айтниязовнинг ҳаёти ва фаолияти эса том маънода ибрат мактабидир: у Тошкент давлат унверситетида, кейинроқ Россия Бошқарув Академиясида таҳсил олди. Нукус шаҳар судида судья, Қўнғирот туман суди раиси, Қорақалпоғистон Адлия вазири ўринбосари, Қорақалпоғистон Олий суди раиси, Ўзбекистон Судьялар Ассосциацияси раиси ўринбосари ва бошқа қатор масъул лавозимларда ишлади. Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган юрист, “Дўстлик” ордени, “Суд фахрийси” кўкрак нишони соҳибига айланди. Бугунги кунда эса Қорақалпоғистон Республикаси Конституциявий  назорат қўмитаси раиси сифатида ишламоқда.

Учрашувда бугунги ёш авлодга эртакдай туюладиган оғир шароитга қарамай тинимсиз ўқиб-изланиш, ҳалол ва фаол меҳнати натижасида элнинг азиз инсонига айланган Парахат Айтниязовнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақли равишда эътироф этилди.

Самимий ва жонли ўтган учрашувда  тадбир қаҳрамони томонидан мактаб ва ўқувчиларга совғалар  ҳам ҳадя этилдики, ҳозир гап бунда эмас. Гап бундай учрашувларнинг самарасида. Яъни, инсон табиати (айниқса, ёшларнинг) шундай: эшитганидан кўра кўргани кўпроқ таъсир қилади.

Жонли мулоқот жараёнида, кутилганидек, анъанавий саволлардан бири ўртага ташланди: мўъжиза юз бериб, яна мактаб ўқувчисига айлансангиз, нимага кўпроқ эътибор берар эдингиз?

Жавоб таъсирли бўлди: агар шундай имконият тғғилганда барча фанларни аълога ўзлаштириш билан бирга чет тилини астойдил ўрганган бўлардим. Айни шу биздаги армон бўлса, сиздаги имкониятдир! Имкониятдан эса самарали фойдаланиш лозим, токи, биздаги армон сизларга бегона бўлсин...

Фахрийларнинг ёш авлод билан юзма-юз мулоқоти шуниси билан ҳам муҳим.  Шу боис ҳам тадбир қайд этилганидек,  бундай учрашувлар ёш авлод таълими ва тарбиясида муҳим аҳамият касб этиши  шубҳасиз. Хусусан, катталар ҳурмат, нима яхшию нима ёмонлигини англашда, турли ножўя хатти-ҳаракат, ҳуқубузарликлардан муҳофаза қилиш учун ҳам шундай тадбирлар изчил уюштириб борилиши мақсадга мувофиқдир. Зотан, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан бошланади.

Яна бир гап. 2023 йил якунида 20 нафар суд фахрийлари таҳсил олган мактаблар маъмуриятига Кенгаш ташаккурномаси акс этган пешлавҳалар етказилди. Яқин келажакда ушбу мактабларда илк таҳсилини олган суд фахрийлари билан учрашувлар ташкил этиш режада бор.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech