Ҳалоллик ва поклик – адолатнинг саодатли йўли
Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан “Ҳалоллик ва поклик – адолатнинг саодатли йўли” мавзусида маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда суд фахрийлари, судьялар (вилоятдагилар масофадан), судьялик лавозимларига номзодлар иштирок этди.
Суд тизими вакиллари учун маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилиши, унда таниқли олимлар, атоқли адиблар иштироки яхши анъанага айланиб бормоқда.
Бу галги тадбир Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим билан учрашув шаклида ўтди.
Тадбирда қайд этилдики, қонун устуворлиги, ижтимоий адолатни таъминлаш масъулиятли ва шарафли вазифа ҳисобланади. Бунинг учун қонунларни пухта билиш ва тўғри қўллашдан ташқари маънавий баркамоллик ҳам талаб қилади. Зеро, маънавияти юксак, иродаси мустаҳкам инсон адолатсизликка йўл қўймайди.
Учрашувда судьялар бадиият билан ошно бўлишининг аҳамияти ҳақида алоҳида сўз юритилди. Чунки, китоб жамият ҳаётидаги муносабатларнинг бадиий шаклдаги ифодасидир. Инсон қалбини англаши учун бадиий асарлар мутолаасидан яхши восита йўқ. Шундагина инсоннинг, хусусан, суддаги тарафларнинг руҳий кечинмаларни тушуниш, изтиробларини ҳис қилиш мумкин. Бу эса асосли, адолатли ва қонуний қарорлар қабул қилинишида муҳим аҳамият каб этади. Унутмаслик керакки, ўқишдан тўхтаган киши фикрлашдан тўхтайди.
Жонли ва самимий ўтган тадбирда Усмон Азим инсон саодати унинг ҳалол ва поклигига боғлиқ экани, бу ғоя унинг деярли барча асарларида акс этгани, шунингдек, адолат ҳаётнинг бош маъноси, тараққиётнинг таянч нуқтаси эканини таъсирли мисоллар билан ифода қилди.
Дарвоқе, бугунги тадбир учун алоҳида дастур тузилгани йўқ, сўзга чиқадиганлар рўйхати шакллантириб, регламент ҳам белгиланмади. Фақат, тамомилга кўра, тадбир аввалида ҳурматли меҳмон ҳақида икки оғиз гапирилиб, унга сўз берилди.
Ўз навбатида ўзбекнинг атоқли ва эрка шоири мавзу бўйича “гоҳ кулдириб, гоҳ куйдириб”, бироқ бирдай самимий гаплар айтди, ижод жараёнлари, маълум ва машҳур асарларини ёзишга турти бўлган омиллар хусусида тўлқинланиб сўзлади, ўзига хос услубидаги ижод намуналаридан ўзигагина хос оҳангларда ўқиди.
Якунда эса судьялар орасида шинавандалари оз эмаслигидан хурсанд бўлиб, китобларига мамнуният билан дастхатлар ёзиб берди.