Очиқлик эҳтиёжи, шаффофлик масъулияти

1 Март 2024 17:26 814 Чоп этиш

Мамлакатимизда сўз эркинлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу, аввало, аҳолининг конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, бошқа томондан эса, жамиятда кучли жамоатчилик назоратини қарор топтириш орқали коррупция, маҳаллийчилик, бюджет маблағларини талон-тарож қилиш каби иллатларнинг олдини олишга хизмат қилиши билан аҳамиятли.

Шу боис ҳам очиқлик ва шаффофлик, сўз эркинлигини таъминлаш янги Ўзбекистонни барпо этиш, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш йўлида олиб борилаётган давлатимиз сиёсатида муҳим ўрин эгалламоқда. Мамламатимизни яқин ва ўрта истиқболда ривожлантиришга доир муҳим стратегик ҳужжатлардан ушбу талабнинг муқим ўрин олаётгани боиси ҳам шунда. Жумладан, 2024 йилга мўлжалланган давлат дастури бу борада алоҳида — эркин фуқаролик жамиятини ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада ривожлантириш, Ўзбекистонни фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича хабга айлантириш мақсади белгиланган.

 Лекин бугунги кунда барча йўналишларда очиқ-ошкораликни таъминлаш борасида жамоатчиликда айрим савол ёки эътирозлар ҳам йўқ эмас. Айтайлик, суд жараёнларини ёритиб бориш масаласида. Тўғри, судларнинг ҳам қонун йўли билан мустаҳкамлаб қўйилган ўз талаблари бор. Булар қандай талаблар, улар нима учун керак, очиқлик ва шаффофлик тамойилларига зид эмасми? Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин ЁДГОРОВ билан суҳбатимиз бугуннинг муҳим мавзуси — суд мустақиллиги, судья дахлсизлиги ва сўз эркинлиги, айни омилларнинг хос хусусиятлари ва қирралари ҳақида бўлди.

  -  Холмўмин Буврабоевич, тизимда очиқлик ва шаффофлик фуқароларнинг судга нисбатан ишончини янада оширишда муҳим аҳамият касб этади. Бундан ташқари, унинг яна қандай ижобий томонларини кўрасиз?

 - Саволингизга жавоб беришдан олдин, аввало, шуни таъкидлаш ўринлики, фуқаролик жамиятида сўз эркинлигини самарали таъминлаш қанчалар муҳим бўлса, суд мустақиллиги, судьялар дахлсизлигининг аҳамияти ҳам ундан кам эмас. Жамият ҳаётида очиқлик ва шаффофлик ўз ифодасини топар экан, медиа майдонида суд тизими фаолиятига оид ахборотлар салмоқли ўрин эгаллаши аниқ.

Энди бевосита саволингизга қайтадиган бўлсак, асосийсини айтдингиз. Бундан ташқари, тизимдаги очиқлик ва шаффофлик инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг муҳим компонентларидан бири ҳисобланади. Тизимда коррупциянинг олдини олишда ҳам айни омилнинг аҳамияти катта. Шунингдек, Судьялар одоби кодексида қайд этилганидек, суд фаолияти самарадорлиги жамиятнинг унга бўлган ишончига ва суд томонидан қабул қилинган қарорларнинг ҳуқуқий асосларини тўғри тушунишига ҳам боғлиқ. Бунинг учун эса кенг жамоатчиликка судлар фаолияти тўғрисида холис, ишончли ва тезкор ахборотлар бериб борилиши керак. Бунда оммавий ахборот воситаларининг ўрни беқиёс. Шу боис, Судьялар олий кенгаши фаолиятини тартибга солувчи қонунда наинки Кенгаш, балки суд тизими фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлашга оид чора-тадбирлар кўриш мазкур конституцион органнинг асосий вазифаларидан бири сифатида белгиланган. Мазкур қонунда шунингдек, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликка оид норма ҳам ўз ифодасини топгани бежиз эмас.

 - Ҳамкорлик масаласида нима дейсиз?

- Бу изчил давом этадиган жараён, самара шунда кўзга ташланади. Ҳар йили Кенгаш ташаббуси ва Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан ҳамкорликда журналист ва блогерлар учун бепул икки ҳафталик ўқув машғулотлари ташкил қилиб келинмоқда. Якунда уларга сертификат ва “Судлар фаолиятини ёритишнинг ҳуқуқий асослари ва ўзига хос жиҳатлари” номли ҳуқуқий қўлланма тақдим этилади. Ўқув-машғулотларида шу пайтгача 120 нафардан зиёд журналист ва блогерлар иштирок этдики, улар сафи кенгаяётганидан хурсандмиз, албатта. Чунки суд ишларини ёритишнинг нозик ва ҳассос жиҳатлари бор. Бунда ишдаги тарафларнинг шаъни ва қадр-қиммати, шахсий ҳаётига оид маълумотлар муҳофазасидан тортиб, судга таъсир ўтказмаслик жуда муҳим ҳисобланади.

-  Бугунги кунда ахборотнинг кучи ва қуввати ҳақида гапиришга ҳожат йўқ. Ах[1]борот маконидаги судлар фаолиятига оид турли хабарлар суд ишига таъсир ўтказиш эҳтимолини келтириб чиқариши қанчалар ҳақиқатга яқин?

  - Оммавий ахборот воситалари, айниқса, ижтимоий тармоқлар, биринчи навбатда, мулоқот ва янгилик тарқатиш воситаси ҳисобланиб, жамоатчилик фикрини жуда қисқа вақтда шакллантириши инкор этиб бўлмас ҳолат. Шу боис, судларда кўрилаётган ва ҳали ниҳоясига етмаган ишлар ҳақида олдиндан билдирилаётган муносабат ва турли башоратлар маълум босимлар пайдо қилиши, ҳатто якуний қарорга таъсир этиши эҳтимоли юқори. Судга таъсир ўтказиш учун ижтимоий тармоқлар имкониятидан фойдаланишга уриниш ҳолатлари ҳам йўқ эмас. Ваҳоланки, суд ишларига ҳар қандай кўринишда таъсир ўтказишга уриниш жиноий жавобгарликгача бўлган чоралар кўришга сабаб бўлиши қонунларда белгилаб қўйилган. Катта-кичик мансабдор шахслардан оддий фуқарогача судьяларни ҳурмат қилиши, уларни очиқдан-очиқ менсимасликдан далолат берувчи хатти-ҳаракатлар қилиш мумкин эмаслиги хусусида ҳам шундай дейиш мумкин.

 - Тўғрику-я, аммо суд ҳукми ёки қароридан барча тараф бирдек рози бўлмаслиги табиий-ку?

  - Амалдаги процессуал қонунчилигимизда суд қарорига нисбатан шикоят бериш тартиби белгиланган. Норози тараф ўз важларини кўрсатган ҳолда апелляция ва кассация инстанциясига ҳамда тафтиш тартибида судга шикоят билан мурожаат қилиши мумкин. Мазкур инстанцияларда ишлар очиқ (қонунда белгиланган ҳолатлар бундан мустасно) суд мажлисларида кўриб чиқилади, келтирилган барча важлар ўрганилиб, қуйи суд қарорларига ҳуқуқий баҳо берилади. Шунинг учун ҳам суд инстанциялари мавжуд. Яъни қуйи суд қарорларига фақат ва фақат юқори суд инстанцияси ҳуқуқий баҳо беради. Бошқа бирор-бир жамоат ёки давлат ташкилоти ёхуд мансабдор шахс, фуқаро, журналист ёки блогер суд қарорига баҳо беришга ваколатли эмас.

- Тушунарли, бироқ суд процессида судьянинг хатти-ҳаракатлари тарафларда шубҳа туғдирса-чи?

 - Бундай ҳолатда судьяга раддия билдириш мумкин. Раддия тегишли тартибда кўриб чиқилади. Бундан ташқари, судьянинг ҳаракатидан норози тараф тегишли судьялар малака ҳайъати, Судьялар Олий малака ҳайъати ёки Судьялар олий кенгашига мурожаат қилиши мумкин. Шикоят тегишли тартибда, лозим топилган ҳолатларда хизмат текшируви ўтказиш орқали ўрганилади.

 - Сиз айтган тартиб бўйича қанча фуқаро мурожаат қилганию нечтаси тасдиғини топгани, натижада судьяларга нисбатан қандай чоралар кўрилгани ҳақида сўрамаймиз. Бу ҳақда Кенгашнинг веб-сайтига жойлаштирилган 2023 йилги фаолиятга оид “Ахборотнома”нинг электрон шакли орқали танишдик. Савол бошқачароқ: сиз юқорида келтирган тартибларга риоя қилинса, журналист ёки блогер ўзи иштирок этган суд иши ҳақида қачон ёзиши мумкин?

  - Сиз билан ҳали судда кўрилиши бошланмаган ёки судда ҳали ниҳоясига етмаган ишлар бўйича тарқатилаётган ахборотлар ҳақида гаплашяпмиз. Мазкур жараёнда мухбир ёки блогер бир тараф манфаатига хизмат қилувчи ахборот тарқатиш, ким ҳақ, ким ноҳақлиги ҳақида гапириш, судьянинг шахсига нисбатан ҳурматсизлик қилиши қонунан мумкин эмаслигига урғу берилаётгани сабаби ҳам шунда. Ҳеч ким очиқлик ва ошкораликка қарши эмас. Қачонки суд қарори қонуний кучга киргач, тарафларнинг шаън ва қадр қимматига ҳурмат билан муносабатда бўлган ҳолда, журналист ёки блогер ўзи иштирок этган суд иши ҳақида ўз мулоҳазаларини шахсий фикри сифатида оммага билдириши мумкин. Қанийди, суд процесслари, унда кўрилган низо, ҳуқуқбузарлик ёки жиноятнинг келиб чиқишига сабаб бўлган омиллар таҳлил қилиниб, бошқаларга сабоқ ва тегишли хулоса чиқарадиган ҳолда ёритиб борилса, бу жамият учун ҳам фойдали бўлар, табиийки, низолар ва жиноятларнинг камайишига олиб келарди. Шунинг учун ҳам суд процессларини ёритиш масаласига хусусий, кимнингдир манфаати нуқтаи назаридан эмас, балки умумманфаат нуқтаи назаридан қараш лозим. Бугун ўзини блогер ҳисоблаётганларнинг аксарияти ҳали якуний суд қарори чиқмасдан туриб, бир тараф манфаатида судга нисбатан турли шаклларда босим ўтказиш, судьялар шаъни ва қадр-қимматини камситиш, энг ёмони, судга нисбатан ишончсизликни келтириб чиқарувчи асоссиз маълумотларни тарқатаётгани ноқонуний ва ачинарлидир. Бундай ҳолатлар бўйича Кенгаш томонидан прокуратура органларига бир нечта тақдимномалар киритилди. Натижада нафақат маъмурий ҳуқуқбузарликка оид, балки жиноят ишлари ҳам қўзғатилди.

 - Кейинги пайтларда айрим сайтлар, ижтимоий тармоқлардаги каналларда суд процессида судьялар томонидан очиқлик таъминланмаётгани, суд жараёнларини видео тасвирга олишга рухсат берилмаётгани ҳақида хабарлар кўпайиб қолди. Бундай хабарларга жамоатчилик, тўғрироғи, тармоқ обуначиларининг муносабати маълум?

- Амалдаги қонунчиликка кўра, раислик этувчи судья кўрилаётган ишни видео тасвирга олиш масаласида тарафларнинг фикрини сўрашга мажбур. Ишдаги тарафлардан бирортаси бунга қаршилик билдирса, суд бу борадаги илтимосномани рад этиши мумкин. Чунки тараф кўрилаётган ишда қайси мақомда (судланувчи, жабрланувчи, ҳуқуқбузар, даъвогар ёки жавобгар ва ҳоказо) бўлишидан қатъи назар, у — инсон, амалдаги Конституция ва қонунларимиз унинг шаъни, қадр-қимматини ҳимоя қилади. Жиноят содир қилган шахс қонуний жазосини олади, лекин бу уни “сазойи қилиш” лозим, дегани эмас. Зеро, жазо тайинлашдан мақсад ўч олишмас, балки уни қайта тарбиялашдан иборатдир. Иккинчидан, суд процесси видео тасвирга олинишига рухсат бермаслик, бу суд мажлиси ёпиқ ўтказилади, дегани ҳам эмас, яъни бу журналист ва бошқаларнинг иштирок этишига монелик қилмайди.

Умуман, суд процессларини оммавий ёритиш масаласини ўйлаб кўриш лозимдай. Чунки суд процесси оммавий (телевидение, интернет сайтлари орқали) ёритилганда томошабинлар аудиториясини чеклаб бўлмайди, яъни уни катталар билан бир вақтда ёш болалар ҳам кўради. Ва, табиийки, ҳолатга ҳар ким ўз дунёқарашидан келиб чиқиб баҳо беради. Кўраётган шахслар, айниқса, ёш болалар психологиясида шундай қилиш мумкин экан, деган нотўғри фикрлар ҳам пайдо бўлиш эҳтимоли мавжуд. Суд процессларини ёритиш масаласига ўта масъулият ва масаланинг тарбиявий аҳамиятидан келиб чиққан ҳолда ёндашиш мақсадга мувофиқ бўлади.

 - Жавобларингизда суҳбат мавзуси бўйича қонунчиликдаги талаб ва тартибларга алоҳида эътибор қаратаётганингиз тушунарли. Бироқ уларда эътироз оҳанглари ҳам йўқ эмас. Нега?

  - Бир гап борку, бемор оғриган жойидан шикоят қилади, саломатлигини тиклаш учун соғ аъзоларини мақтамайди. Шу нуқтаи назардан, мавзу юзасидан фикрлашар эканмиз, кўпроқ муаммога эътибор қаратилиши ўз-ўзидан равшан. Бироқ бу билан оммавий ахборот воситалари ёки ижтимоий тармоқларда фақат суд тизимининг ижобий тарафлари ёритилиши керак, деган фикр илгари сурилаётгани йўқ. Жамоатчилик вакиллари билан мулоқот, тизимда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш самарадорлигини янада ошириш борасида қилинадиган ишлар етарли, айни жараёнда судьяларга маълум тавсиялар бериш эҳтиёжи ҳам йўқ эмас. Булар расмиятчилик ёки дабдаба учун эмас, балки талабдан келиб чиқиб амалга ошириладиган саъй-ҳаракатлардир. Машҳур итальян файласуфи Чезаре Беккарианинг шундай гапи бор: “Одил маҳкамада расмиятчилик ва дабдаба шунинг учун ҳам зарурки, у ҳакамнинг бедодлигига ўрин қолдирмайди, шунда халқ маҳкама бетартиб, ноҳақлик билан эмас, балки мустаҳкам қоидалар асосида иш кўришини англайди”. Файласуфнинг мазкур гапини тор маънода тушуниб, талқин қилмаслик керак.

  - Самимий суҳбатингиз учун ташаккур.

“Янги Ўзбекистон” мухбири

Авазбек ХУДОЙҚУЛОВ суҳбатлашди.

(Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси,

2024 йил, 1 март, 44-сон)

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech