Анъана давом этмоқда
Бугун Тошкентда Халқаро аёл судьялар куни муносабати билан халқаро конференция бўлиб ўтди.
Маълумки, БМТ Бош Ассамблеясининг 2021 йил 28 апрелдаги 75/274-сонли резолюцияси билан 10 март - Халқаро аёл судьялар куни деб эълон қилинган. Шу муносабат билан мамлакатимизда халқаро даражада анжуман ташкил этилиши яхши анъанага айланиб бормоқда.
Бу йил ҳам мазкур анъана давом этиб, “Ўзбекистон аёл судьялари – адолат ва матонат тимсоли” мавзуида халқаро конференция муваффақиятли ташкил этилди.
Олий суд, Судьялар олий кенгаши, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ҳамда “East-west management institute” НТТ Ўзбекистондаги филиалининг “Суд тизимини мустаҳкамлаш” (JSSA) қўшма лойиҳаси ҳамкорлигида бўлиб ўтган ажуманда мамлакатимизнинг фаол аёл судьялари, уларнинг Қирғизистон ва Грузиядан ташриф буюрган ҳамкасабалари, шунингдек, Зимбабве давлати вакилалари (онлайн тарзда) иштирок этди
Қайд этилдики, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида изчил амалга оширилаётган ислоҳотларда суд ҳокимияти мустақиллигини янада мутаҳкамлаш, судьялар дахлсизлигини самарали таъминлаш билан бир қаторда тизимда гендер тенгликни таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни пайтда судья аёлларимиз сони 200 нафардан ошди, бу умумий судьяларнинг салкам 15 фоизини ташкил қилади. Уларнинг 28 нафари раҳбар судьялик лавозимларига тайинланган.
Албатта, ютуқлар ўзимизники, бироқ амалга оширилиши лозим бўлган ишлар ҳали етарли. Чунки, Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясининг мақсадли кўрсаткичларига кўра, судьялар орасида хотин-қизлар улушини 2025 йилда 20 фоизга, 2030 йилда 30 фоизга етказиш назарда тутилган. Бу борадаги ишлар изчил давом этаётганини таъкидлаган ҳолда бугунги тадбир суд тизимида хотин-қизларнинг улушини оширишни таъминловчи ташкилий ва ҳуқуқий асосларни халқаро ва хорижий тажриба асосида такомиллаштиришда катта фойда бериши алоҳида таъкид этилди.
Конференцияда аёл судьяларнинг одил судлов тарихидаги роли ва бугунги кунда қўшаётган ҳиссаси, хорижлик меҳмонларнинг маърузалари орқали уларнинг тажрибалари билан танишилди. Шунингдек, судьялик лавозимига хотин-қизларни тайёрлаш хос хусусиятлари ҳақида фикр алмашилди.
Анжуман доирасида одил судловни амалга оширишдаги алоҳида намуна кўрсатаётиб, жамиятда одил судловга бўлган ишончни мустаҳкамлаш ва ёш судья кадрларни етиштиришда муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ аёл судьялар Олий суд ва Судьялар олий кенгаши томонидан “Суд фахрийси” ккўкрак нишони, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда бугунги кунда аёл судьялар 201 нафарни ташкил этади, уларнинг 26 нафари раҳбар судьялик лавозимига тайинланган. Шунингдек, жорий ўқув йилида Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида 41 нафар хотин-қизлар таҳсил олмоқда.