Конституциявий судга қачон мурожаат қилиш мумкин?
Мамлакатимизнинг янги таҳрирдаги Конституцияси 54-моддасида инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсадидир, деб белгиланган.
Суд органлари ана шу мақсадни рўёбга чиқаришда асосий вазифани ўтайди ва бузилган ҳуқуқларни тиклашни кафолатлайди. Бироқ юқоридаги нормани инсон ҳаёти ва ҳуқуқларидан бошқа юксак қадриятлар йўқ, деб тушуниш хато. Давлат суверенитети, унинг ҳудудий яхлитлиги, аҳолининг тинч ҳаёти ва хавфсизлиги, халқнинг тили ва урф-одатлари ҳам юксак қадриятлар ҳисобланади.
Конституциянинг 55-моддасида “ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади” дейилган. Мазкур норма Конституциянинг аввалги таҳририда ҳам бор эди. Янги таҳрирдагисида эса “ҳар кимга бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқи кафолатланади. Ҳар ким Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ, агар давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат этишга ҳақли”, деб белгиланди.
“Ваколатли, мустақил ҳамда холис суд”га бўлган ҳуқуқ тегишли процессуал қонунларда белгиланган судловга тааллуқлилик ва тегишлилик, суд таркибига раддия бериш, юқори суд инстанциясига шикоят қилиш ҳуқуқлари орқали, шунингдек, судьяларнинг лавозимда бўлишининг кафолатлари орқали таъминланади.
Конституциянинг 133-моддасига киритилган қуйидаги янги норма ҳам эътиборга молик: “Фуқаролар ва юридик шахслар, агар суд орқали ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, судда кўриб чиқилиши тугалланган муайян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги шикоят билан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига мурожаат қилишга ҳақли”.
Бу норма сизга судда ҳуқуқингизни ҳимоя қилишда яна бир муҳим имконият беради. Эндиликда, фуқаролар ва юридик шахслар суд орқали ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлгач, бевосита Конституциявий судга унга нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисида шикоят қилишга ҳақли. “Суд орқали ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлиш” деганда энг юқори суд инстанцияси, яъни Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан ишнинг кўриб чиқилиши ва баҳо берилиши тушунилади. Маълумки, суд ҳуқуқ ва эркинликлар ҳимоячиси бўлароқ, бу борада қонун номидан гапириш ваколатига эга. Бироқ, судда қўлланилган қонун нормаси Конституцияга зид бўлган ҳолатда инсоннинг ҳуқуқини тиклаш воситаси бўлиб айнан юқоридаги норма хизмат қилиши лозим. Конституциявий суднинг асосий ваколатларидан бири қонунларнинг Конституцияга мувофиқлигини аниқлаш, Конституция ва қонунлари нормаларига шарҳ бериш ҳисобланади. Яъни, бу ҳолатда Конституциявий суд аниқ бир инсон ёки юридик шахснинг важларини инобатга олган ҳолда тегишли қонун нормасининг Конституцияга мувофиқлигига баҳо бериши лозим бўлади.
Хулоса қилганда, давлатимизнинг янги Конституциясида суд орқали ҳуқуқни ҳимоя қилишга доир муҳим нормалар янада мустаҳкамланган.
Ойбек Ҳакимов,
Тошкент туманлараро маъмурий суди судьяси
(Манба: "Ҳуррият" газетаси, 2024 йил 13 март, 11-сон)