“Yuristkadr”га: ҳам эътироф, ҳам эътироз...

23 Март 2024 16:36 1608 Чоп этиш

“Telegram” мессенжеридаги Yuristkadr канали маъмурига ҳурматимиз бор. Каналда эълон қилинаётган судлар (судьялар) фаолиятига оид наинки эътирофида,балки аччиқ танқидларида ҳам самимийлик сезиладики, бу унинг холисликка интилиши натижасидир. Шу боис айрим материалларини мамнуният билан кўчириб боссак, айримларига муносабат, ўрни келса, эътироз ҳам билдирамиз. Хусусан, куни кеча канал маъмури ўзи тараф (адвокат) сифатида иштирок этаётган фуқаролик низоси бўйича қабул қилинган суд ҳужжати юзасидан бироз ҳиссиётли чиқиш қилибди. Майлику-я, бироқ муаллиф ўз фикрига асос сифатида тафтиш инстанциясига ёзган шикоятини (“фикрнома” тарзида ) ҳам тармоққа жойлабдики, шуниси ўхшамабди, рости. Маъмурнинг (бир вақтнинг ўзида адвокатнинг) бундай хатти-ҳаракати, айниқса, “судьялар адолатсиз қарор чиқараверади, мен ҳам тўхтамай танқид қилавераман!”,“жўжани кузда санаймиз” каби иддаолар, бунинг оқибатида бўртиб қолган нокамтарлик биз ҳурмат қилган ҳуқуқшуносга хос эмас. Негаки, суд ҳужжатига нисбатан тарафларнинг эътирози нечоғли бўлмасин, унга фақат юқори суд инстанция ҳуқуқий баҳо беради. Адвокат эса, касб этикасига кўра, судья (ва процесснинг бошқа иштирокчилари ҳаракатларига) эътироз билдиришда ўзини одоб доирасида тутиши  керак .

Дарвоқе, кези келган экан, ҳурматли маъмурнинг яна бир чиқиши хусусида ҳам тўхталиб ўтиш керак.  Ой бошида муаллиф  март - баҳорнинг биринчи ойи экани, шу ойда байрамлар кўплиги, дам олиш кунлари бир-бирига уланиб кетишини завқ билан ёзар экан, судьяларда  (жумладан, суд ходимларида ҳам), азбароий иш ҳажми кўплиги боис, мириқиб ҳордиқ чиқариш имконияти чекланганини хайрихоҳ оҳангларда билдиради, раҳмат.

Судьяларнинг иш юкламаларини енгиллатиш борасида изчил  амалга оширилаётган ишлар ҳақида бошқалардан кўра муаллифнинг ўзи кўпроқ хабардор. Хабардорлигики, бу ҳақда  ўз каналида қатор чиқишлар қилиб келади. Хусусан,  жорий февраль ойида Кенгаш томонидан янги бўш судьялик лавозимлари учун эълон қилинган очиқ танловга эътибор қаратиб, тайинловларга оид мазкур жараёнда иштирок этиш (кузатувчи сифатида) истагини ҳам билдирганди.

 Бу масалада муаммо йўқ: эшигимиз очиқ.

 

Судьялар олий кенгаши

 матбуот хизмати

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech