Конституциявий суд ва конституциявий назорат қўмитаси: қайси бирининг фаолияти самарали?

27 Март 2024 14:31 542 Чоп этиш

 Дунё амалиётида конституциявий назорат ваколатли давлат органлари томонидан амалга оширилади. Улар конституциявий судлар ва конституциявий кенгашлар конституциявий назоратни амалга ошириш ваколатига эга органлардир. Шунингдек, парламент, умумий юрисдикция судлари, алоҳида махсус ваколатли органлар ҳам конституциявий назоратни амалга ошириши мумкин.

Юридик адабиётларда конституциявий назоратни дастлабки ва кейинги назорат турларга бўлиниши кўрсатилган.

Дастлабки назоратда - парламент муҳокамасига расман киритилган қонунлар лойиҳалари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини Конституцияга мувофиқлиги аниқланади.

Кейинги назоратда – парламент томонидан қабул қилинган ва кучга кирган қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни Конституцияга мувофиқлиги аниқланади.

Демак, дастлабки назорат – бу норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг фақат лойиҳаларига, кейинги назорат эса, қабул қилинган ва кучга кирган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга нисбатан амалга оширилади.

Келинг, шу ўринда конституциявий назоратнинг дастлабки ва кейинги шакли, унинг аҳамияти, афзаллиги, шунингдек, уларни қайси бирининг самарали эканлигига тўхталсак.

Кўпчилик ҳуқуқшунослар дастлабки конституциявий назорат институти ўзининг бир қатор афзалликларига эга эканлигини кўрсатиб ўтган ва бунга қуйидагиларни мисол келтирган: дастлабки назорат – Конституцияга ёки унинг бирон-бир нормасига номувофиқ бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни профилактик усулида бартараф этади. Бу билан тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинмасдан олдин, яъни ижтимоий муносабатларга таъсир ўтказмасдан туриб, Конституцуцияга мувофиқлиги таъминланади. 

Конституциявий назоратнинг ушбу тури кейинги назоратдан кўра кўпроқ даражада амалдаги ҳуқуқий тартибга солишнинг барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади. Дастлабки назоратни амалга ошириш қонуности ҳужжатларини бекор қилиш, шунингдек, Конституцияга зид бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ёки унинг бирон-бир нормасини бекор қилиш ёки қайта кўриб чиқиш заруриятини бартараф этади.

Бироқ, дастлабки конституциявий назорат институти бир қатор камчиликлардан холи эмас.

Биринчидан, қонунлар лойиҳалари устидан дастлабки конституциявий назорат махсус орган томонидан амалга оширилса, уни қабул қилувчи орган (парламент) фаолиятига маълум даражада аралашувга олиб келади, яъни парламент қонун ижодкорлигига таъсир ўтказади. Бу қайсидир маънода конституциявий назорат органининг “сиёсийлашувига” олиб келади. Агар, дастлабки назоратни амалга оширувчи орган суд ҳокимияти бўлса, бунга асло йўл қўйиб бўлмайди. Чунки, суд ҳокимияти сиёсийлашмаган бўлиши керак.

Иккинчидан, дастлабки назорат баҳсли деб топилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни тегишли органлар томонидан тўлиқ идрок этишга имкон бермайди. Буни фақат ўша норматив-ҳуқуқий ҳужжат кучга киргунга қадар фараз қилган ҳолда баҳолаш мумкин. Шу билан бирга, конституциявий одил судловни амалга ошириш амалиёти шуни кўрсатадики, конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларнинг бузилиши кўпинча қонун устуворлигини мазмуни билан эмас, балки, уни қўллаш амалиёти билан боғлиқ зиддиятлар ва ўзаро номувофиқликлар билан белгиланади. Бундан хулоса қилиш мумкинки, дастлабки назоратни кейинги назоратдан фарқли равишда конституциявий қонунийликни таъминлашниниг самарали воситаси деб эътироф этиш бироз мушкул.

Учинчидан, парламент қонун ижодкорлиги жараёнини ташкил этишнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, дастлабки конституциявий назоратни амалга ошириш, қоида тариқасида, кейинги назоратни амалга оширишдан кўра қисқа вақт талаб қилади. Бу эса, дастлабки назоратни ҳар томонлама сифатли ва самарали бўлишини таъминлай олмайди.

Конституциявий назорат бўйича халқаро тажриба таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, кейинги назорат асосан Конституциявий судлар томонидан амалга оширилади. Конституциявий судларга фақат, айрим ҳоллардагина, масалан Конституцияга ўзгартишлар киритиш, халқаро шартномалар ва бошқа айрим ҳужжатларга нисабатан дастлабки назоратни амалга ошириш ваколати берилади.

Кейинги назоратдан фарқли ўлароқ, дастлабки назорат асосан, ихтисослашган судлар томонидан эмас, балки махсус ваколатли органлар томонидан амалга оширилади. Шу билан бирга, охирги йилларда конституциявий назоратни амалга ошириш бўйича кейинги назорат билан боғлиқ қўшимча ваколатларни суддан ташқари органларга бериш тенденцияси амалда яққол намоён бўлмоқда.

Масалан, Франция Конституциявий кенгашига 2008 йилдаги конституциявий ислоҳотлар натижасида “конституциявийликнинг устувор масаласи” деб номланган масалани кўриб чиқиш ваколати берилди. Бунда, Давлат кенгаши ёки кассация судининг муайян ишни кўриб чиқишда суд томонидан қўлланилиши керак бўлган қонуннинг конституцияга мувофиқлигини текишириш тўғрисида Конституциявий кенгашга сўров киритилиши мумкин. 

XX асрнинг иккинчи ярмида дастлабки ва кейинги конституциявий назорат тарафдорлари ўртасидаги баҳс-мунозаралар Европадаги мавжуд конституциявий одил судлов институтларини ташкил этиш бўйича назарий тадқиқотларнинг асосий кун тартибига айланиб қолди. 

Шундай қилиб, кейинги конституциявий назорат тарафдорлари кейинги назоратни “ҳақиқий” конституциявий адолатни ўрнатади десалар, дастлабки назорат тарафдорлари эса, дастлабки назорат – ҳуқуқ тизимига тартиб ва хавфсизлик олиб келади, деб таъкидламоқда.

Келинг, ҳозир биз дастлабки ва кейинги конституциявий назорат институтининг қай бири афзал эканлиги тўғрисида Европа конституциявий назорат институтлари мисолида эмас, балки, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ва Қорақалпоғистон Республикаси Конституциявий назорат қўмитаси томонидан амалга ошириладиган дастлабки ва кейинги конституциявий назоратга тўхталсак.

Маълумки, янги таҳрирдаги Конституциянинг XVII боби “Қорақалпоғистон Республикаси” деб номланган. Конституциянинг 86-модасида “Қорақалпоғистон Республикаси ўз Конституциясига эга” эканлиги, “Қорақалпоғистон Республикасининг Конституцияси Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига зид бўлиши мумкин эмас”лиги, шунингдек, 87-моддада “Ўзбекистон Республикаси қонунлари Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида ҳам мажбурийдир” деб белгиланган.

Конституцияда белгиланган ушбу конституциявий нормалардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг кейинги конституциявий назоратни амалга ошириш ваколатига эга бўлиши, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Конституциявий назорат қўмитасининг дастлабки конституциявий назоратни амалга ошириш ваколатига эга бўлиши, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қолаверса, Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси устуворлигини таъминлашда энг тўғри ечим бўлган, деб айтиш мумкин. 

Фикримизни қуйдагилар билан асослашга ҳаракат қиламиз.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 133-моддаси, 4-банди, шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида”ги конституциявий қонуннинг 4-моддаси, 3-бандига асосан, Конституциявий суд: Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, Қорақалпоғистон Республикаси қонунларининг Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради.

Қорақалпоғистон Республикасининг “Қорақалпоғистон Республикаси Конституциявий назорат қўмитаси тўғрисида”ги қонуни (янги таҳрири)нинг 4-моддаси, биринчи бандига мувофиқ, Конституциявий назорат қўмитаси: Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси топшириғи билан унга Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида кўриб чиқишга тақдим қилинаётган Қорақалпоғистон Республикаси қонунлари лойиҳалари ва бошқа ҳужжатларнинг Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради.

Аҳамият беринг, бу ерда масалани муҳим жиҳати нимада? Бизнингча, Қорақалпоғистон Республикаси Конституциявий назорат қўмитасининг Жўқорғи Кенгес топшириғи билан унга Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида кўриб чиқишга тақдим қилинаётган Қорақалпоғистон Республикаси қонунлари лойиҳалари ва бошқа ҳужжатларнинг Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида хулосани тайёрлашда, албатта, Қорақалпоғистон Республикаси қонунлари лойиҳаларини Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясига мувофиқлигини атрофлича ўрганади. 

Ва, энг аввало, бунинг натижасида Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси устуворлигини таъминлаш баробарида, Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясини Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Қорақалпоғистон Республикаси қонунларини Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқлигини таъминлашга ҳам хизмат қилади, десак хато бўлмайди. 

Бу, ўз навбатида, икки суверен республикаларнинг Конституцияси ва қонунларининг ўзаро мувофиқлигини таъминлашда жуда зарур ҳисобланади. 

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди томонидан амалга ошириладиган кейинги конституциявий назоратга зарурат қолмайди. Бу эса, ҳар икки суверен республикаларнинг ўзаро муносабатларини янада мустаҳкамлашда жуда муҳимдир. Демак, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ва Қорақалпоғистон Республикаси Конституциявий назорат қўмитасининг ўзаро мувофиқликдаги фаолияти ҳар икки суверен республикаларнинг ҳуқуқий пойдаворини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Юқоридагилардан хулоса қилиш мумкинки, конституциявий назоратнинг дастлабки ва кейинги шакли суверен Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси устуворлигини таъминлашда бир хил самарали десак тўғри бўлади. 

Бундан ўзгача бўлиши ҳам мумкин эмас. Чунки, ўзбек ва қорақалпоқ халқининг минг йиллик тарихи, давлатчилиги бир илдизга бориб тақалади. Демак, уларнинг келажаги, давлатчилик тараққиёти ҳам бир-бири билан узвий боғлиқ. 

 

Абдуманноб Раҳимов,

Рахат Исмайлов,

Конституциявий суд 

судьялари,

 Манба: ЎзА

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech