Ибратлилар машварати: тажрибалар ўртоқлашилиб, зарур маслаҳат ва тавсиялар берилди

6 Апрель 2024 16:05 830 Чоп этиш

Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан “Судьялар фаолияти самарадорлиги ва одил судловни сифатини ошириш чоралар: ибратли судьялар тажрибаси” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

 Одил судлов самарадорлиги биринчи навбатда судьяларнинг билим даражаси ва амалий кўникмаларига боғлиқ. Бироқ судьялик учун шунинг ўзи кифоя қилмайди. Ҳалоллик, хушмуомалалик, матонатлилик ва илмга чанқоқлик каби хислатлар ҳам ушбу лавозим эгасига қўйиладиган асосий талабларга сирасига киради.

Мазкур талаблар судьялар фаолияти самарадорлигини очиқ ва шаффоф баҳолаш электрон рейтингининг асосий мезонлари ҳисобланадики, юқори рейтинг кўрсатгичларига эга судьяларҳақли равишда “Ибратли судья” мукофоти билан тақдирланиб келинмоқда.

Судьялар олий кенгаши томонидан амалиётга муваффақиятли жорий этилган мазкур шаффоф тартиб асосида кейинги уч йилда 50 нафар судья “Ибратли судья” мукофотига муносиб деб топилди. Бундай мақомга лойиқ кўрилган судьялар фаолияти ва тажрибалари билан яқиндан танишиш эса ҳеч қачон фойдадан холи бўлмаган.

 Айни шу мақсадда ташкил этилган бугунги тадбирда “Ибратли судьялар”га минбар берилиб, уларга ўз тажрибалари билан ўртоқлашиш имкониятини ҳавола қилди.

Тадбирда сўз олган судьялар муваффақиятлари замирида устозларнинг ўгит-маслаҳатлари ётганини эътироф этган ҳолда ўз фаолияти ва тажрибаси мисолида вақтни тақсимлаш ва ундан унумли фойдаланиш, иш самарадорлигини оширишда кун тартибини тўғри режалаштиришдан тортиб, замонавий ахборот технологияларидан самарали фойдаланишгача тўхталди. Шунингдек, билим ва кўникмаларини мунтазам равишда ошириб боришда аҳамият берилиши лозим бўлган жиҳатлар, суд мажлисини бошқаришнинг хос хусусиятлари, муайян ишлар бўйича суд ҳужжатларини қабул қилишда эҳтимолий хатоларнинг олдини олиш омиллари ҳақида ҳам сўз юритилди.

 Қайд этилдики, алоҳида ўрнак ва намуна кўрсатиб келаётган судьяларнинг фаолияти эътирофга лойиқ, албатта.  Бироқ мақсад эътироф билан чегараланиш эмас, балки уларнинг шахсий тажриба, маслаҳат ва тавсиялари билан ёш ҳамкасбларини яқиндан таништириш, бунга имконият ва шароит яратган ҳолда одил судлов сифатини янада оширишдир.  Чунки, бугун суд тизимида фаолият кўрсатаётганларнинг қарийиб 21 фоизини ушбу лавозимда бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига тайинланган судьялар ташкил этади. Бу ҳар беш нафар судьянинг бир нафарида муваффақиятли ҳамкасблари тажрибаларини ўрганиш, уларнинг таклиф ва тавсияларига эҳтиёжи борлигини кўрсатади.

 

Судьялар олий кенгаши

 матбуот хизмати

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech