“Ўлик” қонунлар кимга керак? Ёки норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни расмий шарҳлаш хусусида айрим фикр-мулоҳазалар
Президентимиз Шавкат Мирзиёев илк маротаба 2017 йил 22 декабрда халқимизга йўллаган мурожаатномасида парламент қонун ижодкорлиги фаолиятига эътибор қаратиб, “... самарасиз ишчи гуруҳлар ташкил этиш, ҳуқуқни қўллаш амалиётига таъсир кўрсатмайдиган, ижро механизмларига эга бўлмаган, таъбир жоиз бўлса, “ўлик” қонунлар кимга керак?, деган саволни ўртага ташлаган эди.
Бундай салбий ҳолатларни бартараф этиш мақсадида “Қонунчилик ва норматив ҳужжатлар ижодкорлигини такомиллаштиришга доир концепция” ишлаб чиқиш ва амалга ошириш таклифини илгари сургани кўпчиликнинг ёдида бўлса керак.
Орадан кўп вақт ўтмади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 августдаги “Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Фармоннинг 2-иловасидаги “Қонунчилик базасини тизимлаштириш, ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг барқарорлигини таъминлаш” ҳақидаги I-банди, 7 ва 8-кичик бандларида, “Тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунларни қабул қилишнинг самарали механизмларини жорий этиш, шунингдек, қонун ҳужжатларини қўллаш чегараларини аниқлаш билан уларнинг қўлланилишини тушунтириш бўйича Олий суд пленуми қарорларини қабул қилиш жараёнларини, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига мурожаат этиш тартибини такомиллаштириш, шунингдек, тушунтириш ва шарҳлашга доир ҳужжатлар устидан шикоят қилиш механизмларини жорий этиш” вазифаси белгилаб берилди.
Мазкур Концепциянинг юқоридаги тегишли бандлари Конституциявий суд олдига жуда долзарб ва масъулиятли вазифани қўйди. Чунки, мамлакат суд ҳокимияти тизимида ўзининг алоҳида ўрнига эга бўлган мазкур суд “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуннинг 55-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларига расмий шарҳ бериш ваколатига эга бўлган ягона давлат органи ҳисобланади.
Ўтган йиллар давомида, аниқроғи, мамлакатимизда Конституциявий одил судлов ташкил топган 1995 йилдан буён, Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди ўзининг мажлисларида 40 га яқин иш кўрган. Шулардан, 10 тасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни Конституцияга мувофиқлигини аниқлаган. Яна 10 та мажлисда қонун нормасига шарҳ берган. Қолган 16 та суд мажлисида амалдаги қонунлар нормаларини янада такомиллаштириш, айримларини ўзбек ва рус тилидаги таҳририни ўзаро мувофиқлаштиришга доир масалалар кўриб чиқилган. Ўрганиш якуни бўйича қонун лойиҳаси тайёрланиб, Қонунучилик ташаббуси ҳуқуқи асосида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилган.
2023 йил 30 апрелда бўлиб ўтган референдумда халқимиз томонидан янги таҳрирдаги Конституция қабул қилинди. Янгиланган Конституцияда Конституциявий судга янги ваколатлар берилди. Бу билан мамлакатимиз Конституциявий суди фаолиятида янги давр бошланди.
Конституциявий суднинг ваколатлари ва фаолияти хусусида алоҳида мақолада ёритамиз. Ҳозир бугунги мавзумизга асос бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни расмий шарҳлаш масаласига эътибор қаратсак.
Маълумки, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонуннинг 55-моддасига мувофиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни расмий шарҳлаш норматив-ҳуқуқий ҳужжатда ноаниқликлар топилган, у амалиётда нотўғри ёки зиддиятли тарзда қўлланилган тақдирда амалга оширилади.
Конституция ва қонунлар нормаларига расмий шарҳни Конституциявий суд беради. Олий Мажлис палаталарининг қарорларига расмий шарҳни Олий Мажлиснинг тегишли палаталари беради. Қонуности ҳужжатлари нормаларига расмий шарҳни уларни қабул қилган органлар беради.
“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни расмий шарҳлаш жараёнида уларга нормаларни аниқлаштиришга қаратилган тузатишлар, ўзгартишлар, қўшимчалар киритилишига йўл қўйилмайди”, деб белгиланган.
Шу ўринда таъкидлаш жоиз, қонунга шарҳ бериш расмий ёки нормасмий характерга эга бўлади.
Қонунга норасмий шарҳ бериш деганда, одатда ўқув дарсликлари, олимлар томонидан тайёрланган қонун нормаларига шарҳлар китоби, адвокатура ва юридик маслаҳатхоналарда фуқароларга қонунлар нормалари юзасидан бериладиган тушунтиришлар, парламент томонидан қабул қилинган янги қонун нормаларини тарғибот-ташвиқоти давомида аҳолига бериладиган тушунтиришлар тушунилади.
Бунинг алоҳида жиҳати шундаки, қонун нормасига норасмий шарҳ берилганда, бу қонун чиқарувчининг эмас, балки муаллифнинг шахсий фикри ҳисобланади ҳамда уни барча фуқаролар, давлат органлари томонидан бир хилда тушуниш ва ижро этиш мажбурий ҳисобланмайди.
Келинг, норматив-ҳуқуқий ҳужжатни расмий шарҳлаш хусусида гаплашайлик. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, қонун нормасига расмий шарҳ беришнинг ўзига хос талаблари ва хусусиятлари бор.
Биринчидан, қонунга расмий шарҳ махсус ваколатли орган томонидан берилади. Қонуности ҳужжатлари нормаларига расмий шарҳни уларни қабул қилган органлар беради.
Иккинчидан, расмий шарҳ ваколатли органнинг қарори, тўхтами ёки хулосаси билан расмийлаштирилади ва матбуотда тегишли тартибда эълон қилинади.
Учинчидан, ваколатли орган чиқарган қарор республиканинг бутун ҳудудида фуқаролар ва давлат органлари томонидан мажбурий ижро этилиши шарт.
Тўртинчидан, ваколатли орган томонидан қонун нормасига берилган расмий шарҳ умуммажбурий давлат кўрсатмаси сифатида республиканинг бутун худудида бажарилиши шарт.
“Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги конституциявий қонуннинг Конституция ва қонунлари нормаларини шарҳлаш тўғрисидаги ишларни юритиш, деб номлаган 85-моддасида: “Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларини расмий шарҳлаш уларда нормаларнинг амалиётда нотўғри ёки зиддиятли тарзда қўлланилишига олиб келган ноаниқликлар топилган тақдирда амалга оширилади.
Конституциявий судга Конституция ва қонунлар нормаларини расмий шарҳлаш ҳақидаги мурожаатда Конституцияда ва қонунда уларнинг амалиётда нотўғри ёки зиддиятли тарзда қўлланилишига олиб келган ноаниқликлар мавжудлигига доир важлар ҳамда далиллар кўрсатилган бўлиши керак.
Ишни кўриш якунлари бўйича Конституциявий суд қарор қабул қилади, унинг хулоса қисмида Конституция ёки қонуни нормасига расмий шарҳ бўлиши керак.
Конституция ва қонунлар нормаларини расмий шарҳлаш жараёнида уларга нормаларни аниқлаштиришга қаратилган тузатишлар, ўзгартишлар, қўшимчалар киритилишига йўл қўйилмайди”, деб белгилаб қўйилган.
Бугунги қонунчиликда Конституция ва қонунлар нормаларини расмий шарҳлаш ҳақида фуқаролар ва юридик шахслар Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эмас. Ушбу ваколатга, конституциявий қонуннинг 27-моддасида белгиланган давлат органлари ва мансабдор шахслар эга ҳисобланади. Кўп ҳолларда фуқаролар ва юридик шахслар Конституция ёки қонунлар нормаларига расмий шарҳ беришни сўраб Конституциявий судга мурожаат қилади. Айрим вақтларда фуқаролар томонидан бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга расмий шарҳ бериш сўралади.
Фуқароларга ва юридик шахслар эътиборига шуни алоҳида етказиб қўйишни зарур деб ҳисоблаймизки, агар, Конституция ва қонунлар нормаларини амалиётда нотўғри ёки зиддиятли тарзда қўлланилишига олиб келган ноаниқликларни топсангиз, уларга расмий шарҳ беришни сўраб “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги конституциявий қонуннинг 27-моддасида кўрсатилган субъектлар орқали Конституциявий судга мурожаат қилишингиз мумкин.
Бошқа қонуности ҳужжатларга расмий шарҳ бериш ҳақидаги мурожаатларингизни уларни қабул қилган органларга юборишингиз керак.
Маълумот ўрнида: Адлия вазирининг 2014 йил 28 февралдаги 53–мҳ-сон буйруғига мувофиқ вазирлик ва идоралар ўзлари томонидан қабул қилинган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлайди. Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қўллаш бўйича шарҳ бериш зарурати юзага келган тақдирда, идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилган орган тегишли расмий шарҳ бериши шарт.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатга расмий шарҳ бериш тартиби юқоридаги ҳужжатнинг 1-иловасида белгилаб берилган.
Шу ўринда, масаланинг яна бир муҳим жиҳатига эътибор қаратсак. Маълумки, “Судлар тўғрисида”ги қонуннинг 18-моддаси учинчи қисми иккинчи хат бошисига мувофиқ, Олий суд пленумда суд амалиётининг долзарб масалаларини кўриб чиқади ва қонунчиликнинг қўлланилиши юзасидан тушунтиришлар беради.
Қонунчиликни қўллаш масалалари бўйича Олий суд пленумининг тушунтиришлари судлар, ушбу тушунтириш берилган қонунчиликни қўллаётган давлат органлари ва бошқа органлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахслар учун мажбурийдир.
Айрим ҳуқуқшунос олимлар қонунчиликни қўлланилиши юзасидан Олий суд пленумининг тушунтиришларини ҳақиқатдан ҳам норматив характерга эга ҳужжат, деб эътироф этади. Буни юқорида қайд этилган – “Олий суд пленумининг тушунтиришлари судлар, қонунчиликни қўллаётган давлат органлари ва бошқа органлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахслар учун мажбурийдир”, деган норма билан асослашади.
Айрим таниқли ҳуқуқшунос олимлар қонунчиликни қўллаш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг тушунтиришларини давлат органлари ва бошқа органлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахслар учун мажбурий эканлигини қонундан ташқарида, деб таърифлашади.
Ҳақиқатдан ҳам “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонунда Олий суд пленумининг тушунтиришлари норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланадими ёки йўқми, деган саволга аниқ жавоб берилмаган. Албатта, бу масала келгусида назариётчи олимлар ва амалиётчи мутахассислар томонидан ўрганилиши лозим.
Қолаверса, юқорида келтирилган Президентнинг фармони 2-иловасининг I-банди, 8-кичик бандида “Қонун ҳужжатларини қўллаш чегараларини аниқлаш билан уларнинг қўлланилишини тушунтириш бўйича Олий суд пленуми қарорларини қабул қилиш жараёнларини, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига мурожаат этиш тартибини такомиллаштириш, шунингдек, тушунтириш ва шарҳлашга доир ҳужжатлар устидан шикоят қилиш механизмларини жорий этиш” вазифаси қўйилган экан, ушбу масала долзарб бўлиб қолаверади.
Хулоса ўрнида таклифлар:
Конституция ва қонунлар нормаларига расмий шарҳ бериш ваколатига эга бўлган Конституциявий суд қонунчиликни қўллаш масалалари бўйича Олий суд пленумининг тушунтиришлари устидан шикоятларни, яъни уларнинг Конституцияга мувофиқлигини аниқлаш ваколатига эга бўлиши керак, деб ҳисоблаймиз.
Албатта, булар бизнинг шахсий фикримиз эканлигини алоҳида таъкидлаш ўринли бўлади. Юқорида билдирилган таклифлар юзасидан ҳуқуқшунослар, олимлар, мутахассисларни фикр-мулоҳазалари биз учун ўта муҳим хисобланади.
Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият ҳужжатларининг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги ишларни кўрар экан, у мамлакатимизда инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қодир бўлган “жонли” қонунлар бўлишидан манфаатдор.
Абдуманноб Раҳимов,
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий
суди судьяси,юридик фанлар номзоди.
Манба: ЎзА