Расмий баёнот
Ижтимоий тармоқдаги айрим каналларда таниқли жамоат фаолининг судлар муайян низолар бўйича гўёки топшириқлар асосида қарор чиқараётганига оид (ўзининг ҳам тўла ишончи комил бўлмаган маълумотларга таяниб айтилган) мулоҳазаларига илова тарзида ҳиссиётли фикрлар ҳам тарқалмоқда.
Адолат юзасидан айтиш керакки, канал маъмур(лар)ининг судья қарор қабул қилиш ҳуқуқини номус деб билиши, одил судловни амалга оширишга доир фаолияти бўйича аралашувларга йўл қўймасликлари лозимлиги ҳақидаги фикрлари эътироф ва эътиборга лойиқ. Бироқ амалиётда судьяларга айрим мансабдор шахслар қатори суд тизими мутасаддилари, айниқса, Судьялар олий кенгашидан ҳам таъсир ўтказилаётгани оид иддаолар ҳақиқатга тўғри келмайди.
Аксинча, судьяларнинг одил судловни амалга оширишга доир фаолиятига аралашувларнинг олдини олиш Кенгаш фаолиятининг устувор йўналиши ҳисобланадики, бу борда олиб борилаётган ишлар ва уларнинг натижалари ҳақида жамоатчиликка ахборот бериб келинмоқда. Яқинда Кенгашнинг ўтган йилги фаолияти сарҳисоби бўйича ўтказилган матбуот анжуманида айни шу масалага атрофлича тўхталиб ўтилгани ҳам бежиз эмас.
Кенгаш матбуот хизмати алоҳида қайд этадики, куйинчак жамоат фаоллари ва блогерларнинг мавзу бўйича билдираётган фикрлари гоҳ баҳсли, гоҳ асоссиз (ва исботсиз) бўлса-да, яхши ниятда айтилаётгани эътиборидан улар тушуниш билан қабул қилинади. Шу билан бирга муайян ва асосиз мўрт ҳолатларни ортиқча бўрттирмаслик ҳамда сўз масъулиятини янада чуқурроқ ҳис қилишни ҳам мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди.
Судьялар олий кенгаши
матбуот хизмати