Икки юз нафар судья тест синовидан ўтди. Мақсад?

19 Апрель 2024 15:56 1852 Чоп этиш

Судьялар олий кенгаши икки юз нафар судьяни  тест синовидан ўтказди.Тадбир онлайн ташкил этилгани боис жараён Кенгаш масъуллари томонидан масофадан кузатиб борилди. Саволлар махсус дастур орқали электрон шаклда тақдим этилиб,  битта тугмачани босиш орқали ўша пайтнинг ўзида тест натижалари билан танишиш имконияти ҳавола этилди.

Шу тариқа  тенглик, шаффофлик ва очиқлик таъминланди, ҳали имтиҳон хонасидан чиқмаёқ натижани билган судьялардан кимдир хурсанд бўлса, бошқаси бироз хижолатли ҳолатга тушгани ҳам рост.

Бироқ  ҳозир гап бунда эмас.

Гап тест синови нима учун ўтказилгани ва бундан мақсад-муддао ҳақида.

Қонунга кўра, барча судьялар бир хил мақомга эга. Яъни, барча даражадаги судлар раислари ва уларнинг ўринбосарлари айни вақтда судья ҳам ҳисобланади. Бироқ раҳбарликнинг касбий салоҳиятдан ташқари  ташкилотчилик, бошқарувчилик, истиқболни олдиндан кўра билиш каби қатор  талаблари бор.  Таҳлиллардан келиб чиқиб,  Судьялар олий кенгаши туман (шаҳар), туманлараро судлари раис ва раис ўринбосарлари лавозими учун кадрлар захирасини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратишни мақсадга мувофиқ, деб топди.

Шу тариқа “Туманлараро, туман (шаҳар) суди раиси ва раис ўринбосари лавозимлари захирасини шакллантириш тартиби тўғрисида”ги Низом ишлаб чиқилди. Унга кўра, раҳбар судьялик лавозими учун судьялар Кенгаш ҳузуридаги Судьялар олий мактабида икки ойлик қайта тайёрлаш курсларида таҳсил олиши, талабгорлар  махсус имтиҳон орқали саралаб олиниши белгиланди.

Шу мақсадда ўтказилган тест синовларида, юқорида айтилганидек, икки юз  нафар судья иштирок этди, улардан энг юқори балл тўплаган олтмиш нафари номзод сифатида  танлаб олинди.

Танлаб олинган судьялар уч гуруҳга бўлиниб, ҳар бир гуруҳ алоҳида-алоҳида икки ойлик  қайта тайёрлаш курсларида махсус дастур асосида таҳсил олади. Ўқув дастурлари шахсда суд бошқарувини самарали ташкил этиш, ташаббускорлик, вазифаларни аниқ шакллантириш, муайян муаммоларга ўз вақтида ечим топиш, жамоатчилик билан очиқ мулоқотлар ўтказиш каби қатор мезонлар асосида ишлаб чиқилган бўлиб, машғулотлар ҳуқуқшунос олимлар, малакали психологлар ва катта тажрибага эга суд фахрийлари томонидан олиб борилади.

Биринчи гуруҳ учун таҳсиллар  жорий йилнинг май ойидан бошланади.

Судьялар олий кенгаши

матбуот хизмати

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech