Дахлсизлик муҳим, бироқ у имтиёз эмас, масъулиятдир

22 Апрель 2024 16:54 1569 Чоп этиш

 Ижтимоий тармоқлардаги айрим ҳуқуқий каналларда судьялар (ва суд ходимларига) нисбатан суд биноларида шахсий алоқа воситаларидан фойдаланишга чеклов жорий этилгани фаол муҳокама қилинмоқда. Муҳокамаларда мазкур тартиб судьялар дахлсизлиги ва мустақиллиги принципларига қанчалар тўғри келиши ҳам савол остига қўйилмоқда.

Дарҳақиқат, қонунга кўра (“Судлар тўғрисида”ги қонун, 64-модда), судьянинг шахси дахлсиз. Мазкур ҳуқуқ унинг турар жойи, хизмат хонаси,  фойдаланадиган транспорт воситаси ва алоқа воситаларига ҳам тааллуқлидир. Бироқ муҳокама мавзусига айланган тартиб жорий этилишига сабаб бўлган омил ва эҳтиёжлар ҳамда уларнинг ҳуқуқий асосларига эътибор берилса, унинг судьялар дахлсизлигига таъсирига доир шубҳа ёки саволларга ўрин қолмайди.

Хусусан, барча судлар зарур алоқа воситалари билан таъминлангани инкор этиб бўлмас ҳақиқат. Жумладан, ҳар бир судья ва унинг ёрдамчилари, бошқа суд ходимларида хизмат телефонлари мавжуд. Шундан келиб чиқиб,  иш пайтида шахсий алоқа воситаларидан фойдаланиш чекланмоқда, холос. Барча судларда хизмат компьютерлари жаҳон интернет тармоғига улангани инобатга олинса, судьялар ва суд ходимларида хизмат юзасидан алоқанинг бошқа воситаларидан ҳам фойдаланишида муаммо, шахсий алоқа воситасидан фойдаланишига эҳтиёж йўқлиги ойдинлашади.

 Мазкур тартиб иш самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади, дейиш баландпарвоз эмас, балки тўппа-тўғри гап. Чунки, шахсий уяли телефон, ундан меъёридан ортиқ фойдаланиш ижтимоий тармоқларга қарамликни юзага келтираётгани, бундан ҳеч ким муҳофаза этилмагани, аччиқ оқибати эса умумий фаолият самарадорлигига акс таъсир этиши эҳтимоли юқори экани  бугун ҳеч кимга сир эмас.  Шу ўринда  фаолияти хусусиятидан келиб чиқиб, бундай чекловлар қатор давлат органларида мавжуд экани, шунингдек, илғор хориж давлатларида ҳам судьяларга нисбатан одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ фаолиятидан чалғитувчи восита  ва омиллардан (хизмат пайтида) фойдаланиш бўйича муайян чекловлар борлигини ёдга олиш ортиқчалик қилмайди.

Иккинчидан, “Судлар тўғрисида”ги қонунга биноан (62-модда), судьялар Судьялик одоби кодекси талабларига риоя этиши, суд ҳокимияти обрўсини, ўзининг беғаразлиги, холислиги ва адолатлилигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган ҳар қандай хатти-ҳаракатдан тийилиши шарт.

 Таассуфки, амалиётда айрим судьяларнинг процесс пайтида шахсий уяли телефони билан андармон бўлаётгани ҳақидаги эътирозлар учраб турибди, ҳатто шундай ҳолат ижтимоий тармоқларда эълон қилиниши ортидан Кенгаш ҳузуридаги Судьялар одоб комиссиясида муҳокама этилгани ҳам бор гап. Шунга кўра, жорий тартиб суд ҳокимияти обрўсини, судьяларнинг беғаразлиги, холислиги ва адолатлилигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олиш борасида қабул қилинган чора-тадбир ҳам ҳисобланади.

Пировардида, Судьялар олий кенгаши суд биноларида шахсий алоқа воситаларидан фойдаланишига нисбатан қўлланган чекловларни судьяларнинг дахлсизлиги ва мустақиллиги принципларига зид, деб ҳисобламайди.

 

Судьялар олий кенгаши

 матбуот хизмати

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech