Кенгашга Қирғизистондан меҳмонлар келди

24 Апрель 2024 16:54 587 Чоп этиш

Бугун Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашида Қирғиз Республикаси Судьялар кенгаши аъзоларидан иборат делегация билан учрашув бўлиб ўтди.

Мамлакатимизда изчил давом этаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлар, уларнинг натижалари билан яқиндан танишиш мақсадида ташриф буюрган қардош халқ делегациясига  юртимизда профессионал судьялар корпусини шакллантириш, бу жараёнда жорий этилган янги тартиблар, судьялик лавозимига номзодларни тайёрлаш, танлов асосида танлаш ва тайинлаш, тизимда очиқлик ва шаффофлик таъминлашнинг ҳуқуқий асослари бўйича батафсил маълумот берилди.

Шунингдек, амалиётга муваффақиятли жорий этилган судьялар фаолияти самарадорлигини электрон рейтинг баҳолаш  тизими, унинг мезонлари, Кенгаш ҳузурида ташкил этилган Ўзбекистон Судьялар клуби фаолияти, айниқса, клубнинг электрон платформасининг иш самарадорлигини янада оширишдаги аҳамияти ва афзалликлари билан яқиндан танишдилар.

Таъкидландики, Қирғиз Республикаси Судьялар кенгаши делегациясининг ташрифи мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ  ислоҳотларига эътибор, шу баробарида уларнинг амалдаги эътирофи ҳам  ҳисобланади.

Дўстона ва конструктив ўтган учрашувда икки давлат судьялари  ҳамжамиятлари ўртасида тажриба алмашиш ва ҳамкорликнинг истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.

Куннинг иккинчи ярмида делегация аъзолари Кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабига ташриф буюриб, судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш борасидаги жорий талаб ва тартиблар, амалга оширилган ишлар билан ҳам яқиндан танишдилар. 

Икки кунга мўлжалланган ташриф доирасида Судьялар олий малака ҳайъати раҳбарияти билан учрашув, Олий суд  ва пойтахтдаги фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича судлар фаолияти  билан яқиндан танишиш  ҳам ўрин олган.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech