Қирғиз делегацияси ташрифи: иккинчи кун

25 Апрель 2024 19:49 466 Чоп этиш

Кун тартиби зиқроқ эди кеча. Тушгача Ўзбекистон Судьялар олий кенгашида учрашув, сўнг Кенгаш ҳузуридаги Судьялар олий мактабига ташриф... Ҳар икки тадбир белгиланган вақтдан узоқроқ давом этдики, бу йўл чарчоқлари ҳали чиқмаган бўлса-да, ўзаро  суҳбатлар яхшигина қўр еб, мулоқот-у танишув-учрашувлар ишчан ва самарали ўтганини англатади.

Бугун -  ташрифнинг иккинчи куни ҳам шу тарзда ўтди.

Аввал  Судьялар олий малака ҳайъати раҳбарлари билан кўришилди. Ушбу тузилма фаолиятининг асосий йўналиши ҳақида маълумот берилди. Тажрибалар билан ўртоқлашилди. Қизғин савол-жавоблар бўлди. Айни жараёнда ҳар икки мамлакат суд тизимининг ушбу йўналишдаги тартиб-қоидалари, уларнинг ҳуқуқий асослари таққосланиб, муайян тасаввурлар ҳосил қилинди, дастлабки хулосалар чиқарилди. Хулосаки, бу борадаги тажрибаларни ўрганиш  меҳмон-у мезбонлар учун фойдадан ҳоли бўлмас экан.

Олий суд музейига ташриф таассуроти бўлакча бўлиши табиий эди. Шундай бўлди ҳам. Ўтмишдаги қозилар фаолиятидан тортиб, янги Ўзбекистон суд тизимига бўлган даврга оид ҳужжат ва экспонатлардан ўзбек  суди тарихини кўз олдингизда шундоқ намоён бўлади.

Олий суднинг Вазиятлар маркази фаолияти билан танишувда замонавий ахборот-технологиялари имкониятларидан унумли фойдаланган ҳолда яратилган электрон дастурлар, уларнинг суд фаолияти самарадорлигини оширишдаги аҳамияти, умуман, тизимнинг рақамлаштириш борасидаги ишларни меҳмонлар алоҳида эътироф этди. Пойтахтнинг жиноят ишлари бўйича Шайхонтаҳур туман суди ва фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судига ташриф, бу даргоҳлардаги шарт-шароитлар-ку уларда ҳавас уйғотгани ҳам рост.

Мулоқотлар  жараёнида  оғзаки келишувлар бўлиши, улар амалиётда акс этиши учун ўзаро борди-келдиларни амалга ошириш борасида таклифлар ўртага ташланилиши ва, табиийки, эсдалик совғалари улашиб, биргаликда суратга тушиш ташрифнинг ажралмас қисми ҳисобланади.

Қирғиз Республикаси Судьялар кенгаши делегацияси ташрифи ҳам бундан мустанос бўлмади.

Икки кун давомида бир-бирига уланган учрашувлар, мулоқот ва танишувлардан сўнг, меҳмонлар бироз нафас ростлагач, ташрифнинг маданий қисми ўлароқ, пойтахтдаги Темурийлар музейига ташриф буюришади.

Мазкур тадбир эртанги куннинг биринчи ярмига мўлжалланган бўлиб, бу ташриф якунига етаётганини билдиради.  Чунки, меҳмонлар қўлида чиптаси бўлган Тошкент – Бишкек  йўналишидаги самолёт эртага тушдан кейин ҳавога кўтарилади.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech