Янги Ўзбекистон сиёсий тараққиётида муҳим қадам

30 Апрель 2024 14:50 516 Чоп этиш

Янги таҳрирдаги Конституция қабул қилинганига бир йил бўлди

Бундан роппа-роса бир йил олдин, айнан бугун - 30 апрель куни “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги конституциявий қонунни қабул қилиш бўйича умумхалқ референдуми бўлиб ўтган эди. Сиёсий тадбирда иштирок этганларнинг 90,21 фоизи янги таҳрирдаги Конституцияни қўллаб-қуватлаб овоз берди. Бу билан Ўзбекистон халқи республика раҳбарияти, шахсан Президентимиз Ш.М.Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган “инсон қадри учун” тамойилига асосланган ислоҳотларни давом эттиришдан манфаатдорлигини намоён этди. 

Дарвоқе, референдумда иштирок этган жами 383 нафар халқаро кузатувчилар, жумладан 14 та нуфузли халқаро ташкилотдан 184 нафар, 45 та давлатдан 199 нафар кузатувчиларнинг “...референдум натижалари – Ўзбекистон жамияти томонидан Ўзбекистон президентининг сиёсий йўналиши юксак даражада қўллаб-қувватланаётганини яққол кўрсатиб турибди ва ўзбек халқининг республика раҳбарияти томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларни давом эттиришдан манфаатдор эканлигидан далолат беради”, деган таъкидлари эътиборли.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда бундай йирик сиёсий тадбирни ўтказишга масъул бўлган органлар томонидан референдумни халқаро нормалар ва умумэътироф этилган демократик тамойилларга тўла мос ҳолда ўтказиш учун барча шарт-шароит яратиб берилгани, фуқароларни ҳеч бир монеликсиз овоз беришларига замин яратди.

Аввалгилардан фарқли ўлароқ, Марказий сайлов комиссияси янги таҳриридаги Конституцияни қабул қилишга ҳожат йўқ деб, овоз берганлар 9,35 фоизни ташкил этганини очиқ эълон қилди. Бу ҳам табиий, албатта. Энг муҳими, референдум барча демократик тамойилларга мувофиқ бўлиб ўтди. Қувонарли томони шундаки, 2023 йил 30 апрель куни бўлиб ўтган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонунни қабул қилиш бўйича референдум дунё жамоатчилиги томонидан жуда катта қизиқиш билан кузатиб борилди. Буни биргина Ўзбекистон Конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича референдумни аккредитациядан ўтган оммавий ахборот воситаларининг жами 964 нафар вакили, жумладан, 127 та хорижий оммавий ахборот воситасидан 192 нафар вакил бевосита кузатиб ва ёритиб борганлиги фикримизга далил бўла олади.

Маълумот ўрнида: Марказий сайлов комиссиясининг хабар беришича Референдумда 20 миллиондан кўпроқ фуқаро иштирок этиш ҳуқуқига эга эди. Шундан, референдумда 16 667 097 нафар (84,51%) овоз берувчи қатнашган. Жумладан, 611 320 киши муддатидан олдин овоз берган. Уларнинг 15 034 608 нафари (90,21%) қонунни маъқуллаган. Овоз берувчиларнинг 1 558 817 нафари (9,35%) янги таҳрирдаги Конституцияни маъқулламаган. 73 672 та бюллетень яроқсиз деб топилган.

Референдумни ўтказиш жараёнлари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги Қонун талаблари асосида ташкиллаштирилиб, ҳеч бир ҳолатда қонун бузилишига йўл қўйилмаганлиги ҳам эътиборли деб ўйлаймиз. Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан берилган ахборот натижалари шуни кўрсатдики, Референдумни ўтказишга масъул бўлган Марказий сайлов комиссияси хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан судга мурожаат қилинмаган.

Шунингдек, жойларда ҳам Маъмурий судларга референдум ўтказувчи комиссияларнинг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан, жумладан овоз берувчи фуқаролар рўйхатидаги хато ёки ноаниқлик тўғрисида шикоятлар келиб тушмаган.  Ҳатто, Референдумга тайёргарлик кўриш жараёнлари бошланганидан то референдумни ўтказиш куни 30 апрелга қадар референдумни ташкил этиш ҳамда ўтказиш, жумладан референдум ўтказувчи комиссияларнинг фаолиятига аралашиш, уларнинг ишига тўсиқларни юзага келтириш, референдум ўтказувчи комиссиялар қарорларини ижро этмаслик, уларнинг мурожаатларини кўриб чиқишни ғайриҳуқуқий равишда рад этиш, уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари судларга келиб тушмаган. Шунингдек, бутун референдум ўтказиш жараёнида референдумга қўйилган масалалар юзасидан ташвиқот олиб бориш шартлари ва тартибини бузиш, референдумга тайёргарлик кўриш ва референдум ўтказиш жараёнида ахборот ҳамда ташвиқот материалларини қасддан йўқ қилиб юбориш ёки уларга қасддан шикаст етказиш билан боғлиқ бўлган қоидабузарлик учун бирон-бир шахс маъмурий жавобгарликка тортилмаган.

Референдум ташкил қилиш, уни ўтказиш вақтида мансабдор шахслар, сиёсий партиялар ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг вакиллари ёхуд референдум комиссиялари аъзолари томонидан овоз беришнинг яширинлигини бузиш, референдум ҳужжатларини қалбакилаштириш, имзо варақаларига сохта ёзувлар киритиш, берилган овозларни атайлаб нотўғри ҳисоблаш, фуқароларнинг референдумда эркин иштирок этишларига зўрлик ишлатиш, қўрқитиш, алдаш ёки оғдириб олиш йўли билан тўсқинлик қилиш билан боғлиқ жиноят ишлари ҳам судларнинг иш юритувига келиб тушмаган.

Мамлакатимизда 2023 йил 30 апрель куни бўлиб ўтган бундай йирик сиёсий тадбирда фуқароларнинг ўта фаол иштироки ҳамда Референдум билан боғлиқ тадбирлар устидан судларга шикоят билан мурожаат этилмаганлигини қандай изоҳлаш мумкин?.. Бизнингча:

биринчидан, бу сўзсиз - ислоҳотларимизнинг илк кунлариданоқ шахсан мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган инсон қадрини улуғлаш энг олий қадрият сифатида эътироф этилган, адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш орқали халқимизни рози қилиш сиёсатини аҳолимиз томонидан амалда қўллаб-қувватланиши;

иккинчидан, Конституциявий суд томонидан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақида”ги қарорида “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги қонуннинг 2-моддасида белгиланган референдум предмети бўлиши мумкин бўлмаган масалаларни аниқланмаганлиги. Яъни, умумхалқ референдуми кун тартибида - Ўзбекистон Республикасининг ҳудудий яхлитлигини ўзгартириш; Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва солиқлар; амнистия ва афв этиш; жамоат тартибини, аҳоли соғлиғи ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича фавқулодда ва шошилинч чора-тадбирлар ўтказиш; Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш; мансабдор шахсларни тайинлаш ва вазифасидан озод этиш каби масалаларни йўқлиги; 

учинчидан, аҳолимизнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти юксалганлиги, ушбу сиёсий жараён ҳеч кимни бефарқ қолдирмаганлиги, референдум очиқ, шаффоф ва ошкора ўтганлиги. Халқимизнинг Ватанимиз ва фарзандларимиз келажагига бефарқ эмаслиги;

тўртинчидан, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан референдум жараёни қонунчиликка мувофиқ ташкил этилиб, референдум ўтказувчи комиссияларнинг фаолияти тўғри йўлга қўйилганлиги;

бешинчидан, ҳар қандай масалада фуқаролар, шунингдек, кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан тегишли мулоқот ўрнатилиб, уларга ўз вақтида керакли тушунтириш ва маълумотлар берилганлиги учун оддий қилиб айтганда, судларга шикоят билан мурожаат қилишга ўрин ва зарурият қолмаган.

Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда янги даврни бошлаб берди. Буларнинг энг муҳимлари сифатида қуйидагиларни кўрсатиш мумкин: 

- Ўзбекистонда ўлим жазосини тақиқлаш ҳақидаги қоида конституциявий даражада мустаҳкамлаб қўйилди. 

- агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмас.

- қонунни бузган ҳолда олинган далиллардан одил судловни амалга ошириш чоғида фойдаланишга йўл қўйилмайди.

- ҳар ким ўз шахсига доир нотўғри маълумотларнинг тузулишини, ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмай қолган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.

- давлат Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратади.

Энг муҳими, Ўзбекистон халқи бундан 1 йил муқаддам Президентимиз Ш. Мирзиёев таъкидлаганларидек, “Конституцияни янгилашдек ғоят муҳим, стратегик вазифани ҳал этишда етти марта эмас, етмиш марта ўйлаб” ўзининг тарихий қарорини қабул қилди.

 

Абдуманноп Раҳимов,

Рахат Исмаилов,

Ўзбекистон Республикаси 

Конституциявий суди 

cудьялари

Манба: ЎзА

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech