Самарқандда муҳим мавзуда халқаро тадбир бўлиб ўтмоқда

30 Апрель 2024 19:09 611 Чоп этиш

Бугун Самарқандда “Қамоққа олиш учун далилларнинг етарлилиги ва судгача қамоқдан озод қилиш асослари”мавзусида икки кунлик халқаро анжуман ўз иши бошлади.

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ва “Минтақавий мулоқот” (Словения) халқаро ноҳукумат ташкилотининг  Ўзбекистондаги филиали ҳамкорлигида ўтказилаётган ушбу тадбирда Самарқанд, Жиззах, Навоий ва Қашқадарё вилоятлари судларининг жиноят ишлари бўйича судьялари, ҳуқуқшунослар, халқаро экспертлар иштирок этмоқда.

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини суд орқали самарали ҳимоя қилиш мамлакатимизда изчил давом этаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг бош мақсади ҳисобланади. Айни шу омил “2023 — 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли Стратегияси”да  ҳам устувор йўланиши сифатида  белгиланган.

Тадбирда халқаро экспертлар томонидан суд-ҳуқуқ ислоҳотлари натижасида процессуал мажбурлов чораларини қўллаш ваколати судларга ўтказилгани, миллий қонунчилигимизга умумэътироф этилган “Миранда қоидаси” ва “Хабеас корпус” институти фаол тадбиқ  қилинаётгани  алоҳида эътироф этилди.

 Айтилдики, «Хабеас корпус» институти моҳият-эътибори билан ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда  муҳим ўрин тутади. Айниқса, ушбу институт янги таҳрирдаги Конституциямизда ўз ифодасининг топиши «Инсон қадри» тамойили давлат сиёсатининг мазмун-моҳиятини эканини яққол  ифодалайди.

Семинарда гумондор ёки айбланувчига нисбатан судлар томонидан процессуал чоралар, хусусан, қамоққа олиш эҳтиёт чорасини қўллаш ёки ҳибсдан озод қилишнинг ҳуқуқий асослари, далиллар мақбуллиги ва асослилиги текшириш, уларга ҳуқуқий баҳо бериш масалалари хусусида сўз  юритилди.

 Узоқ ва яқин хориждан ташриф буюрган халқаро экспертларнинг маърузалари орқали мавзу юзасидан АҚШ ва ўтиш давридаги Европа давлатлардаги тартиб-қоидалар, суд тартибда мажбурлов чоралари қўллаш тартибини такомиллаштириш бўлган эҳтиёж ва уларнинг самарадорлиги, бу борадаги муваффақиятли тажрибалари билан яқиндан танишилди.

Семинарнинг эртанги иш куни гуруҳларга бўлинган ҳолда амалий машғулотлар шаклида ўтказилиши кутилмоқда.

Мавзу бўйича семинар-машғулотлар республикамизнинг бошқа минатақалари судлари судьялари учун ҳам ўтказилиши режада бор.

 Судьялар олий кенгаши

 матубот хизмати

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech