Судьялар клуби форуми: мавзу - “59 ва 60 моддалари”нинг хос талаб ҳамда тартиблари

14 Май 2024 21:24 594 Чоп этиш

 Бугун Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Ўзбекистон Судьялар клубининг мухтасар форуми бўлиб ўтди. “Мухтасар” дейилаётгани боиси шуки, унда клубнинг жиноят ишлар бўйича аъзо-судьялари (масофадан) иштирок этди.

Ўзбекистон Судьялар клуби форуми ҳар бир йўналиш (жиноят, фуқаролик, иқтисод ва маъмурий судлар) судьялари учун алоҳида-алоҳида, шундаям фақат йилда бир бор ўтказиб келинаётган эди. Кейинги пайтларда клуб аъзоларининг (судьяларнинг) янада фаоллашгани ихчам форумлар фақат  маълум  вақтда эмас, заруриятга қараб, тез-тез ўтказишни тақазо қилмоқда.

Судьяларнинг фаоллиги клубнинг электрон платформасида муҳокама қилинаётган мавзулар сонидан ҳам яққол кўринмоқда. Масалан, ўтган  тўрт ойда жиноят ишлари бўйича суд амалиётида учраётган жазо тайинлашга оид нормаларни тўғри қўллаш бўйича 348 та мавзу виртуал муҳокама қилинган. Муҳокамаларда бир неча жиноят содир этганлик ва бир неча ҳукм юзасидан жазо тайинлаш масаласи етакчилик қилгани боис бугунги тадбир шу мавзу доирасида  ўтди.

Айтилдки, қонун нормаларини тўғри қўллаш одил судловнинг  асосий талаби ҳисобланади, бироқ бунинг ўзига яраша мураккабликлари ҳам йўқ эмас. Бундай ҳолат кўпроқ айниқса, бир неча жиноят ва бир неча ҳукм юзасидан жазо тайинлашда юзага келаётганини амалиёт кўрсатиб турибди. Жиноят кодексининг 59 ва 60 моддаларида тартибга солинган қонун нормаларини тўғри қўлланишини таъминлаш мақсадида Олий суд Пленумининг тегишли қарорлари мавжуд. Шундай бўлса-да, амалиётда учраётган айрим ҳолатлар мазкур нормалар бўйича кенгроқ тушунтиришларга эҳтиёж пайдо қилаётгани ҳам бор гап.  

Тадбирда  бундай эҳтиёж жиноят қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар натижасида юзага келаётгани алоҳида қайд этилди. Бундан ташқари икки ёки ундан ортиқ жиноятлар бўйича асосий жазо белгилашда, жарима ва муайян ҳуқуқдан марҳум қилиш жазолари бошқа турдаги  жазоларга  қўшиб ҳисоблаш  ёки ҳисобламаслик, уларнинг ҳуқуқий асосларига доир сўровларга атрофлича тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, ҳукмлар  мажмуи бўйича жазо тайинлашда эътиборга олиниши шарт бўлган жиҳатлар, бунда  аввал тайинланган асосий  ва қўшимча жазолар реал ўталган ёки ўталмаганлиги, жазони ўташ муддатидан шартли озод  этилиб,   унинг (жазонинг) ўталмаган қисми мобайнида  янгидан қасддан  жиноят содир этган шахсга нисбатан узил-кесил жазо тайинлашнинг хос талаблари ва мавзуга оид бошқа масалалар хусусида сўз юритилиб, клубнинг масъул аъзолари томонидан атрофлича тушунтириш ва тавсиялар берилди.

Пировардида, айтиш жоизки, Ўзбекистон Судьялар клуби амалдаги моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаш бўйича тавсиявий характерга эга бўлган маслаҳатлар ҳамда судьяларнинг одоб-ахлоқ қоидаларини муайян вазиятларда қўлланилиши юзасидан сўровларига тушунтиришлар бериш ваколатига эга жамоатчилик асосида  фаолият  кўрсатувчи тузилма ҳисобланади. Такрор айтиш ортиқчалик қилмайдики, бериладиган тушунтириш ва тавсиялар тавсиявий характерда эга, охирги қарор судьянинг ўзига қолади. Бундай тадбирлар эса суд амалиётини бирхиллаштиришга, демакки, одил судлов сифатини оширишга хизмат қилади.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech