Пешқадам судьялар Бўстонлиқда йиғилди

18 Май 2024 11:41 759 Чоп этиш

 Мамлакатимизнинг пешқадам судьялари  Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги “Heaven's Garden” масканида бўлиб турибди.  Бугун иккинчи кун.  Бу  масканда халқаро семинар бўлиб ўтмоқда. Судьялар олий кенгаши ва “Минтақавий мулоқот” (Словения) халқаро ташкилотининг Ўзбекистондаги филиали ҳамкорлигидан ўтказилаётган конференциянинг асосий иштирокчилари “Ибратли судья” мукофотининг соҳиб ва соҳибаларидир (пешқадам судьялар” дейилаётгани сабаби шунда).

Бундан ташқари хориждан меҳмонлар ҳам бор:АҚШ Орегон федерал туман судьяси Мустафо  Касубхай ва Жанубий Калифорния федерал туман судьяси Эллисон Годдард.  Шунингдек, “Минтақавий мулоқт” халқаро ташкилоти директори Мьюша Север, ушбу ташкилот эксперти Горан Клеменсич ҳам ҳозир бўлган.

Тадбир расмиятчиликдан йироқ, ишчан руҳда ўтмоқда, мавзу юзасидан билдирилаётган таклиф-мулоҳазалар ҳам етарлики, бу маърузабозликдан кўра жонли мулоқотга эътибор қаратилаётганининг натижаси. Шу тариқа АҚШ ва Ўзбекистон судьялари  касбий кўникмаларни  шакллантириш  борасида ўзаро тажриба алмашилмоқда. Шунингдек, ҳар икки давлатдаги судьялик лавозими учун жорий этилган талаб ва қоидалар, мазкур лавозимга танлаш ва тайинлаш тартиблари, буларнинг ҳуқуқий асослари ҳам сўз юритилмоқда.

 Тадбир тизимнинг ибратли вакиллари иштирокида ўтказилаётгани боисики, профессионал судьялар корпусини шакллантиришда уларнинг тажрибаси ва малакасидан фойдаланишга эътибор қаратмоқдир. Бунинг назария ва амалиёт ўртасида ўйғунлик барқарорлигида аҳамияти катта бўлиб, пировардида, одил судлов сифатини оширишга хизмат қилади. Иккинчидан, бундай тадбир “Ибратли судья” мукофоти эгаларининг масъулият ва мажбуриятини янада оширишга ҳам таъсири бор. Негаки, ибратли бўлмоқ осон эмас, ушбу мақомда мустаҳкам туриш эса каррасига мураккаб. Бу эса улардан ўз устида тинимсиз ишлаб, ёш салафларига намуна бўлишдан ташқари камида ўзлари каби  шогирдлар шакллантиришдек хайрли ишга баракали ҳисса қўшишни ҳам талаб  қилади. Тизимда эса илк бор судьялик лавозимида тайинланганлар оз эмас: улар судьялар корпуси вакилларининг қирқ фозидан кўпроғини ташкил қилади бугунги кунда.

Тадбирнинг кечаги иш кунида судьялар фаолияти самарадорлигини электрон рейтинг баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш, айрим мезонларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, Кенгаш ҳузуридаги Ўзбекистон Судьялар клуби электрон платформаси имкониятларини кенгайтириш ва ундан самарали фойдаланиш масалалари   муҳокама қилинди.  Муҳокама баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтди. Яхши таклифлар, мантиқли мулоҳазалар ўртага ташланди.

Бугун эса судьялар кичик гуруҳларга бўлиниб, айрим тоифадаги ишларни кўришда муддат ва  ҳисоб-китоб билан боғлиқ масалаларда илғор  ахборот технологиялари имкониятларидан фойдаланиш, бу борада электрон дастурга  бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, унинг концепциясини ишлаб чиқишга доир мавзулар муҳокама қилинди.

Амалий семинар бугун ўз ишини якунлайди.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech