Расмий муносабат
Жиноят ишлари бўйича Денов туман суди раиси йўл транспорт ҳодисасига учрагани, бунинг оқибатида у билан битта автомашинада бўлган адвокат ҳалок бўлиб, ўзи эса у турли даражада тан жароҳат олгани ҳақида оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда хабарлар тарқалди. Уларда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тегишли процессуал ҳаракатлар олиб борилаётгани, шунингдек воқелик бўйича Судьялар олий кенгаши томонидан хизмат текшируви ўтказилиб, натижада туман суди раисининг ваколатлари муддатидан илгари тугатилгани қайд этилса-да, турли талқин ва башоратларга берилишлар ҳам кузатилмоқда. Хусусан, ҳолат юзасидан тергов ишлари якунига етмаганига қарамай суд раиснинг вазифасидан озод этилганини - барвақт хулосага келиш, ёки фожеа содир бўлган пайтда автомашина бошқарувида судья (суд раиси) бўлганига оид ахборотлар ҳам йўқ эмас.
Қайд этиш жоизки, жорий йилнинг 9 март куни Денов туманида юз берган ЙТҲ бўйича хизмат текшируви фожеага сабаб бўлган омиллар ва бу жараёнда суд раисининг хатти-ҳаракатлари доирасида ўтказилган бўлиб, унда Судьялар одоби кодекси талаблари бузилгани аниқланган.
Хизмат текшируви хулосаси Сурхондарё вилояти судлари судьялар малака ҳайъатида муҳокама этилиб, туман суди раиснинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш ҳақида қарор қабул қилинган.
Мазкур қарорга нисбатан берилган шикоятлар эса рад этилган.
Ушбу чора интизомий жазо характерида бўлиб, тергов ишларига дахли йўқ.
Пировардида, оғир оқибатга олиб келган ЙТҲнинг айбдорини аниқлаш тергов органи ваколатига тегишли экани яна бир бор қайд этилади.
Судьялар олий кенгаши
матбуот хизмати