Изоҳга ҳожат бор

23 Май 2024 14:15 1159 Чоп этиш

Ижтимоий тармоқ шундайки, ундаги кафтдеккина ахборот жамоатчилик фикрини жуда қисқа вақтда шакллантириши мумкин. Биров ўйлаб ёзяптими, ўйнаб ёзяптими – бошқалар (фойдаланувчилар) қайдан билсин?! Шу маънода “telegram”даги  ушбу каналда  чиққан туманлараро суди мутасаддиларининг қабул жадвалининг сурати ва унинг остига тиркалган  қисқа иддаога изоҳ шартдай.  Иддаоки: “Нега Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди раиси одамларни қабул қилмайди?Халқ билан гаплашиш юқори тоифали инсонларга тўғри келмайдими?”.

Ушбу ахборот эълон қилинган санада (22 май) мазкур туманлараро судга янги раис тайинланганига бор-йўғи етти кун бўлиб, шунинг икки куни  шанба-якшанбага (дам олиш кунларига) тўғри келади. Беш кун ичида янги тайинланган раҳбар аввалги ишхонаси билан боғлиқ ихтиёридаги хат-ҳужжатларни белгиланган тартибда топшириб-саранжомлаб, янги лавозимни қабул қилиш билан боғлиқ жиддий эътибор ва ҳисоб-китоб талаб қиладиган тартиботлардан ортиб, фуқаролар қабулиниям бошлаши (вақтинча) пича фурсат талаб қилиши бор гап. Мазкур суд республикадаги энг кўп таркибли фуқаролик ишлари бўйича туманлараро суд экани, ундаги ташкилий ишларнинг ўзи (иш юритувига келиб тушган “дело”ларни мазмунан кўриб чиқишдан ташқари!) раҳбар зиммасидаги вазифалар  кўп ва хўп эканини кўрсатади. Шундай экан, зиммасига осон бўлмаган вазифа юклатилган янги раисни “Халқ билан гаплашиш юқори тоифали инсонларга тўғри келмайдими?” дея маломат қилиш, жуда юмшоқ айтганда, инсофдан эмас. Судда фуқаролар қабули тақа-тақ тўхтагани йўқ. Қабуллар ушбу суд судьялари томонидан белгиланган тартиб ва жадвал асосида давом этмоқда. Бундан ташқари айнан янги раис томонидан қабул масаласида янги тартиб-жадвал  шакллантирилмоқда.

 Дарвоқе,тайинловларга оид  аввалги ахборотда маълум қилинганди, такрори ортиқчалик қилмас: муқобиллик  асосида ўтган очиқ танлов натижасига кўра, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судининг раиси лавозимига Дилшод Ҳасанов тайинланган бўлиб, бунгача  у Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси лавозимида ишлаган.

 

Судьялар олий кенгаши

матбуот хизмати

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech