Судьялар дона сурди

25 Май 2024 17:20 1103 Чоп этиш

Бугун Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан тизим вакиллари ўртасида шахмат бўйича мўъжаз турнирнинг финал босқичи бўлиб ўтди.

Иккинчи марта ўтказилаётган мазкур  мусобақада сараланган 16 нафар судья иштирок этди (улар орасида туман суди судьясидан Олий суд судьяларигача бор, энг кўп вакил Тошкент вилоят судлари ҳиссаси тўғри келди: 3 нафар).

Cуд тизимида соғлом муҳитни шакллантириш ва мазкур ақлий спорт турини янада оммалаштириш ҳамда юқори иқтидорга эга бўлган судьяларни рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган турнир “иккиталик сетка” (Double elimination) форматида кечди.

Судьялар олий кенгаши вакиллари ташкилотчиликдан ташқари ҳакамликни  ҳам зиммалари олди.

Тўрт босқичдан  иборат мусобақа ғолиблигини  бу йил ҳам Нурали Жавлиев  бегона қилмади. Ўтган йили ғолиб бўлганида у Тошкент шаҳар маъмурий судининг судьяси эди, бу сафар  Олий суд судьяси сифатида бош совринни  қабул қилиб олди.

Ўтган йилги турнирда учинчи ўрин билан кифояланган жиноят ишлари бўйича Нурафшон шаҳар суди судьяси Алишер Нурматов бу сафар иккинчи ўринга эга чиқди.

Учинчи ўрин Самарқанд вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси Беҳзод Жўраевга насиб этди. Ўтган йилги турнирни у кучли бешликда якунлаган эди.

Баҳслар шахматнинг яхшигина ҳадисини олган судьялар ўртасида ва муросасиз кечганини ғолиб ҳамда совриндорларнинг номиёқ айтиб турибди. Ва, табиийки, улар махсус соврин ва Судьялар олий кенгашининг қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech