Фарғонада жиноят ишлари бўйича судлар судьялари учун амалий семинар бўлиб ўтмоқда

28 Май 2024 18:15 647 Чоп этиш

 Бугун Фарғона шаҳрида “Асосланган гумон: “қамоқ” эҳтиёт чорасини ташлаш ва судгача ҳибсдан озод қилиш масалалари. Миллий тажриба ва халқаро амалиёт” мавзусида икки кунлик амалий семинар бошланди.

  Судьялар олий кенгаши ва “Минтақавий мулоқот” (Словения) халқаро ташкилотининг Ўзбекистондаги филиалининг ҳамкорлигида ташкил этилган ва АҚШ, Словения давлатларидан ташриф буюрган судьялар, халқаро экспертлар иштирокида ўтаётган мазкур тадбирда Фарғона, Андижон ва Наманган вилоят судларининг жиноят ишлари бўйича судьялари  қатнашмоқда.

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини суд орқали самарали ҳимоя қилиш мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг бош мақсади ҳисобланади. Айни шу омил “2023 — 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли Стратегияси”да белгиланган вазифаларда устувор аҳамият касб этади. Халқаро экспертлар томонидан мамлакатимизда  изчил давом этаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, хусусан, процессуал мажбурлов чоралари қўллаш ваколати судларга ўтказилиб, миллий қонунчилигимизга  умумэътироф этилган “Миранда қоидаси” ва “Хабеас корпус” институти фаол тадбиқ  қилинаётгани эътироф этилди.

Семинарнинг бугунги иш кунида  гумондор ёки айбланувчига нисбатан судлар томонидан таъсир чоралари қўлланиши, хусусан, қамоққа олиш эҳтиёт чорасини танлаш ёки ҳибсдан озод қилишнинг ҳуқуқий асослари, далиллар мақбуллиги ва асослилиги текшириш ва ҳуқуқий баҳо бериш масалалари хусусида сўз  юритилди.

Мавзу юзасидан АҚШ, Словения ва ўтиш давридаги Европа давлатлари тажрибалари билан яқиндан танишилди. Шунингдек, Ўзбекистондаги жараён, хусусан, янги Конституция нормаларидан келиб чиқиб, жиноят процессуал қонунчилигига киртилган ўзгартиш ва қўшимчалардан кейинги амалиётлар борасида  фикр алмашилди.

Тадбирнинг эртанги иш кунида иштирокчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда муайян ишлар бўйича процессуал мажбурлов чораларини қўллашнинг хос талаблари бўйича амалий машғулотлар ҳам ўтказилиши кўзда тутилган.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech